Халқ таълими вазири ўринбосари: “Мактабларда ва умуман, халқ таълими тизимида муаммолар жуда кўп. Бу ерда ғирромлик қилишнинг ҳам, яширишнинг ҳам кераги йўқ”

11:54 25 Август 2018 Жамият
1270 0
Архив фото

Халқ таълими вазири ўринбосари Отабек Назиров ҳозирда Ўзбекистон таълим тизимидаги бошқармаларга энг етук, малакали кадрларни жалб этиш имконини берадиган ҳужжатни тайёрлаш устида иш олиб борилаётганини маълум қилди. Бу ҳақда Sof.uz хабар берди.

“Мактабларда ва умуман, халқ таълими тизимида муаммолар жуда кўп. Бу ерда ғирромлик қилишнинг ҳам, яширишнинг ҳам кераги йўқ. Биринчи навбатда ўзимиз билан очиқ бўлишимиз ва бизга нима ҳалал бераётганини аниқлашимиз керак. Бизга ҳалал бераётган биринчи нарса, менинг наздимда - бу билимга бўлган муносабат”, - деди вазир ўринбосари.

Мактаб яна обрў-эътиборга эга масканга айланишини, инсонлар у ерга талпинишини, болалар аълочи ўқувчи бўлиш - бу зўр, деб айтишларини хоҳлар эканмиз, билимга бўлган муносабатни ўзгартиришимиз керак”, дейди вазир ўринбосари Назиров.

Айни вақтда вазирлик барча ресурсларни мана шу мақсадлар учун сафарбар этиш устида иш олиб бормоқда.

“Бу бизга туман ва вилоят халқ таълими бошқармаларига энг яхши кадрларни жалб этиш имконини беради. Агар зарурат бўлса, чет элдан мутахассисларни, чет элдаги ватандошларимизни жалб қилишга тайёрмиз”, - деди вазир ўринбосари.

Шунингдек, у бу жараёнда жамият муҳим ўрин тутишини алоҳида таъкидлади.

“Мактабдаги жараёнларга ота-оналар жалб этилмаса, жамият бунга бефарқ қараса, бу соҳада муваффақият қозониш мумкин эмас”, - деди у

Эслатиб ўтамиз, Халқ таълими вазири ўринбосари сифатида фаолият юритаётган Отабек Назиров 1975 йили Тошкентда туғилган. АҚШнинг Нью-Йорк штатидаги Стоуни-Брук Давлат университетида макроиқтисодиётчи мутахассислигини эгаллаган.

Турли йиллар давомида АҚШнинг “GOLDMAN SACHS GROUP”, Москвадаги “ТРОЙКА ДИАЛОГ” ва “БАНК МДМ”, Вашингтондаги “THE AVACENT GROUP” ҳамда Нью-Йоркдаги “JP MORGAN CHASE” компанияларида фаолият юритган.


Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?


Кўп ўқилганлар