“Халқ сўзи”га ҳақиқатни айтган қамашилик боғча мудираси тазйиққа олинмоқда

16:14 16 Июль 2018 Жамият
733 0

Бугун оммавий ахборот воситалари халқ ва давлат идоралари ўртасидаги кўприк вазифасини ўтамоқда. Асосий вазифа эса турли муаммо ва камчиликларга раҳбарлар эътиборини тортишдир.

“Халқ сўзи” газетасининг 2018 йил 10 июль сонида чоп этилган “Халқ ишончи ҳар бир раҳбар фаолиятининг мезони бўлсин!” сарлавҳали мақола ҳам худди шу мақсадга қаратилди. Унда “Обод қишлоқ” лойиҳаси амалга оширилаётган Қамаши тумани Чим қишлоғидаги 18-мактабгача таълим муассасасида болаларнинг овқатланиши учун бир ойдан буён озиқ-овқат маҳсулотлари берилмаётгани, ётоқхона жойлари етишмаслиги ҳамда боғчанинг таъмирга муҳтожлиги тилга олинган эди.

Мақола эълон қилинганидан кейин боғчанинг мусиқа ўқитувчиси Юсуф Мардонов телефон қилиб, муассасага эътибор қаратиш ўрнига интервью берган одамларга туман ҳокимлиги вакиллари томонидан тазйиқ ўтказилаётгани ҳақида хабар берди. Гап нимадалигини аниқлаш мақсадида боғча мудираси Дилфуза Шохлиева билан боғланиб, ҳақиқий аҳвол ҳақида сўраб-суриштирдик.

Маълум бўлишича, газета чиққанидан сўнг боғчадаги аҳволни яхшилаш, болаларни узлуксиз озиқ-овқат маҳсулотлари билан таъминлаш чораларини кўриш ўрнига боғча мудирасига интервью бергани ва бу ердаги ҳақиқий аҳволни матбуот вакилига кўрсатгани учун боғчани ёпиб қўйиш ҳақида таҳдид қилинган.

“Ҳокимият вакиллари, туман мактабгача таълим бўлими бошлиғи Саодат Абирова келиб, нега журналистларни киритдингиз, нега ҳамма гапни айтасиз, деб, мен билан жанжал қилди. Биз ота-оналарнинг тўлов бадалидан озиқ-овқат сотиб олиб беряпмиз, сабаби бўлим томонидан мана иккинчи ой ўтяпти ҳамки, озиқ-овқат маҳсулотлари билан таъминланмади. Сабабини сўрасак, биржадан ҳали сотиб олинмаган, дейишди. Лекин шартнома қайси ташкилот билан қилинганлигини ҳам билолмадик. Боғчамизнинг аҳволидан эса ота-оналар олдида ҳам уяламиз”, — дейди боғча мудираси.

Июль ойида картошка, ёғ, гуруч, гречка, озроқ гўшт беришди холос. Бошқа маҳсулотларни ўзимиз сотиб олишга мажбур бўляпмиз. Боғчага берилган картошка чириб кетган. Ундан таралган бадбўй ҳидга чидаб бўлмайди. Мен буларни телевидениега ҳам кўрсатаман, десам, “Қўлингдан нима келади? Нима қила оласан?”, дейишди. Ота-она тўлов бадалидан озиқ-овқатга ишлатиш низомда кўрсатилмаган, взносни тўламасангиз муассасани ёпамиз, деб таҳдид қилишди. Хўш, озиқ-овқат берилмаса, биз болаларга тушликда нима берамиз. Ҳозирги пишиқчиликда болалар сархил мева-сабзавотлар истеъмол қилиши керак. Лекин мана икки ой бўляптики, улар икки ойдан буён бу меваларни кўргани йўқ. Ҳолбуки, болалар бундай пайтда рацион бўйича калорияли маҳсулот истеъмол қилишлари зарур. Бунинг учун давлат томонидан маблағ ажратилади. Туман мактабгача таълим бўлими бошлиғи эса “Бир хил овқат қилинглар, чучвара ёки мастава ҳам бўлаверади болаларга. Биз таъминлай олмаймиз”, деган жавобни берди. Ота-оналар тўлайдиган бадал ҳисобига амал-тақал қилиб озиқ-овқат сотиб олганимиз учун ҳозир ойлик взнос тўловидан қарз бўлиб турибмиз.

Мазкур мактабгача таълим муассасасида танқидий чиқишдан сўнг ижобий ўзгаришлар юз бергандир, деган фикрда эдик. Лекин афсуски, Қамаши туманида бунинг тескариси юз берди. Майли, мутасадди раҳбарларнинг муносабати ўз йўлига. Лекин ойни этак билан ёпиб бўлармиди. Бугун бор ҳақиқатни очиқ айтиш ва бундан тегишли хулоса чиқариш талаб этилмоқда. “Қўлингдан келганини қил” қабилидаги зўравон муносабатнинг эса энди даври ўтди. "Халқ сўзи" бу мавзуга яна қайтади...
Аҳад МУҲАММАДИЕВ,
“Халқ сўзи” мухбири.

Муаллиф олган суратлар. 


Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?


Кўп ўқилганлар