“Халқ сўзи” Ўзбекистоннинг қайси туманида биринчи бўлиб ўқилади?

15:59 29 Ноябрь 2018 Жамият
723 0

“Халқ сўзи Online”. Аҳмадали Шерназаров/Сирдарё. Кундалик газета тандирдан узилган иссиқ нонга қиёсланади. Аслида ҳам шундай-да. Дейлик, нонуштада иссиқ нонни қаймоққа ботириб ейишнинг ўзгача гашти бор. Шу маънода эрта тонг уйингиз остонасида бугунги газетани қўлингизга тўтқазишса, ёки у иш столингизда турган бўлса, бу ҳам бир тотли нонуштадек гап. Буни маънавий – маърифий тановул деймиз. Яъни вужуд учун сув ва озиқ-овқат нечоғли зарур бўлса, ахборотлардан хабардорлик, айниқса, батафсил ва расман ҳаққоний медиа маҳсулотларидан баҳрамандлик ҳам шунчалик муҳимдир.

Аммо сир эмаски, кейинги йилларда, айниқса матбуот нашрларини тарқатиш билан шуғулланувчи хусусий фирмалар кўпайиб, обунанинг асосий қисми улар томонидан ташкил этилаётган даврда газеталарни эрталаб тугул бир икки кун ичида ҳам ўқиш мумкин бўлмай қолди. Негаки, аввало мазкур субъектларнинг иш фаолияти устидан деярли назорат йўлга қўйилмади. Натижада аҳвол шу даражага бордики, пул тўлаб даврий нашрларга ёзилганлар уларни илтимос қилиб оладиган даражага етди. Энди тасаввур қилинг, озиқ-овқат дўконида пул тўлаб, айтган нарсангизни беришмаса қандай ҳолатга тушасиз... Бир-икки ҳатто 10-15 кун ўша маҳсулотни қачон оламан экан деб кутиб турсангизчи? Обуна ташкилотларида эса бу оддий ҳолга айланган.

Маълумки, мамлакатимизнинг отахон нашри, мустақиллик эълон қилинишидан 8 ой аввал, 1991 йилнинг 1 январидан халқ номини ва сўзини ўзига пешлавҳа қилган ва таъбир жоиз бўлса, ҳақли равишда Истиқлол йилларининг тўла-тўкис йилномасига айланган “Халқ сўзи” ҳафтанинг 5 кунида – сешанба, чоршанба, пайшанба, жума, шанба кунлари узлуксиз чоп этилади. Зарурат бўлганда эса, якшанба ва душанбада ҳам.

Неки қарор бор, неки фармон, қонунлар қабул қилинса — барчаси ана шу нашр саҳифаларига муҳрланиб келинмоқда. Лекин ишонч билан айтиш лозимки, айримларини айтмаганда, унинг ҳеч бир сони чиққан куниёқ обуначиларнинг аксариятига етиб бормайди. Тарқатувчи ташкилот ходимлари ҳафтада бир ёки икки марта чоп этиладиган газеталар келгач, “Халқ сўзи” ва “Народное слово”нинг йиғилиб қолган сонларини уларга қўшган ҳолда каттакон ўрам қилиб, сўнгра йўлга чиқишади. Бу билан гўёки, харажатни тежашади. Аммо шартнома шартларига риоя қилишмайди. Яъни шундай мурожаатлар ҳам бўладики, обуначилар бошида бир-икки ой газетани олиб, сўнгра талаб қилишмаса, етказиб берувчилар томонидан унутилади. Бунда албатта, бошқа хизмат турларида бўлганидек, истеъмолчининг ҳуқуқи бузилмоқда.

Мана олти ойдирки, Сирдарё вилоятининг Оқолтин туманида обуна бўлган ташкилот ва фуқаролар мазкур газеталарни чиққан куниёқ қўлларига олишаётир. Сабаби, таҳририят томонидан амалга оширилган тўғридан тўғри обуна ва уни тарқатишга масъул шахснинг бириктирилганидир.

Маълумот учун айтиш керакки, “Халқ сўзи” ва “Народное слово” нашрлари махсус почта хизмати автомашиналарида ҳамда “Ўзбекистон ҳаво йўллари” компанияси самолётларида Қорақалпоғистон Республикаси ва вилоятлар марказларига етказилади. Масалан, “Тошкент — Самарқанд” йўналишида ҳаракатланадиган автомашина энг аввало Сирдарё вилоятига тегишли газеталарни ташлаб ўтади. Оқолтин тумани шу йўналишдаги йўл устида бўлганлиги туфайли таҳририятнинг обуна ташкилотчиси газеталарни ўз манзилида қабул қилиб олади. Агар бу соат 7 га тўғри келса, газеталар узоғи билан 10 гача эгаларига топширилади. Шу боис ҳозир мамлакатимиз туманлари орасида Оқолтинда “Халқ сўзи” ва “Народное слово” биринчи бўлиб ўқилади дейиш мумкин. Лекин асосий масала шундаки, истеъмолчи, яъни обуначи кундалик газетани ўз вақтида ўқиш имкониятига эга бўлаётир. Ҳар доим асқатадиган газета тахламлари ҳам тўлиқ бўлмоқда.

Эҳтимол шу боисдир, ўзининг кундалик фаолиятининг яқин ёрдамчиси деб билган, яъни қабул қилинаётган муҳим қарор, фармон, қонунлардан батафсил хабардор қилувчи, истаган вақтида ўқиб-ўрганиш мумкин бўлган “Халқ сўзи” ва “Народное слово”га ёзилишни ихтиёр этганлар тўғридан тўғри обуна йўлини танлашмоқда. Бундан кўринадики, ташкилот ёки фуқароларда шунчаки обуна бўлиб қандайдир “топшириқ”ни бажариш эмас, балки йил давомида ўзлари учун газета олиш кафолатини таъминлаб, давлатимиз ва жамиятимиз ҳаётидаги барча жараёнлардан хабардор бўлиб туриш истаги устувор. Зеро, ҳар гулнинг ўз ифори бўлганидек, икки юз йилдан буён инсониятга зиё таратиб келаётган босма нашрларнинг ҳам ахборот оламида ўз ўрни бор.


Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?


Кўп ўқилганлар

Afisha

Президент топшириқлари қандай бажарилмоқда? Мутасаддилар жавоб берадилар

Ёдингизда бўлса, Президентимиз жорий йил 11 январь куни халқ депутатлари Самарқанд вилояти Кенгашининг навбатдан ташқари сессиясида туман ва шаҳар фаоллари мурожаатларини тинглар экан, улар кўтарган муаммоли масалаларни қисқа муддатда ҳал этиш юзасидан мутасаддиларга тегишли топшириқ ва кўрсатмалар берган эди.

05 Февраль 2019