«Халқ сўзи» газетасининг бугунги сонида қандай мақолалар эълон қилинди?

13:15 11 Сентябр 2020 Жамият
351 0

1. Битта техника билан ҳам етилган пахтани териб олиш, ҳам ерни текислаш, шудгорлаш ёки ғўза қатор ораларига ишлов бериш — бу, бизнингча ҳар бир фермернинг орзуси бўлса керак. Ахир ким ҳам шундай универсал техникаси бўлишни хоҳламайди, дейсиз. Эътиборлиси, бизда, аниқроғи, «Тошкент қишлоқ хўжалиги техникаси заводи» акциядорлик жамиятида ана шундай техника ишлаб чиқарилмоқда. Бу қандай техника эканига қизиқяпсизми? Унда «Халқ сўзи» мухбири Дилшод Улуғмуродовнинг «Тўрт юз кишининг ўрнини босувчи замонавий машина Ўзбекистон қишлоқ хўжалигини механизациялаш ишларига бир назар.» сарлавҳаси остида эълон қилинган мақолани ўқинг.

2. Бутун дунё бўйлаб кенг тарқалган коронавирус пандемияси иқтисодиётнинг барча тармоғи, хусусан, глобал меҳнат бозорига ва аҳоли бандлигини таъминлаш соҳасига салбий таъсир кўрсатмоқда. Давлатимиз раҳбарининг 2020 йил 11 августдаги «Камбағал ва ишсиз фуқароларни тадбиркорликка жалб қилиш, уларнинг меҳнат фаоллигини ошириш ва касб-ҳунарга ўқитишга қаратилган ҳамда аҳоли бандлигини таъминлашга оид қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида»ги қарори эса мамлакатимизда камбағал ҳамда ишсиз фуқароларнинг меҳнатга бўлган фаоллигини ошириш, ишсиз фуқароларни касб-ҳунарга ўқитиш орқали бандлигини таъминлашга қаратилган тизимли ишларни амалга оширишда муҳим ҳуқуқий асос бўлди. Мазкур қарор яна нималарни назарда тутади? Пандемия шароитида унинг аҳамияти қандай? Мазкур саволларга маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш вазири, Олий Мажлис сенати аъзоси Раҳмат Маматовнинг «Камбағал ва ишсиз фуқароларнинг меҳнатга бўлган фаоллиги янада оширилади» сарлавҳаси остида эълон қилинган мақоласини ўқиб билиб олишингиз мумкин.

3. Ҳукуматимиз томонидан тегишли вазирлик ва ташкилотлар иштирокида «Ўзбекистон Республикасининг Меҳнат кодексини тасдиқлаш ҳақида»ги Қонун лойиҳаси ишлаб чиқилди. Хўш унда меҳнат ҳуқуқи билан боғлиқ қандай янгиликлар бор? Ушбу саволга жавоб олишни истасангиз, Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг Меҳнат ва ижтимоий масалалар қўмитаси раиси Мавлудахон Хўжаеванинг «Янги таҳрирдаги Меҳнат кодекси лойиҳасида қандай янгиликлар бор?» сарлавҳали мақоласини ўқишни тавсия қиламиз.

4. Сурхон воҳасида ўрмон хўжалигини янада ривожлантириш учун табиат инъом этган неъматлар бисёр. Биргина мисол. Вилоятда Бойсун, Сурхондарё, Боботоғ, Узун ва Қизириқ давлат ўрмон хўжаликлари ҳамда Ҳисор ихтисослашган ўрмон хўжалигининг умумий ер майдони 376 минг 73 гектарни ташкил этади. Мазкур ўрмон хўжалиги имкониятларидан қанчалик унумли фойдаланилмоқда? Бу ерда шифобахш ўсимликлар парвариши иқтисодиётимизга қанча фойда келтириши мумкин? Бу ҳақда Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати, ЎзХДП фракцияси аъзоси Мавжуда Ҳасанованинг «Ўрмон хўжалиги: миллиардлаб даромад топиш имкониятидан қачон фойдаланамиз?» сарлавҳали мақоласида атрофлича тўхталиб ўтилган.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?