“Халқ сўзи“ бир неча бор кутарган ўткир муаммо ижобий ҳал бўлмоқда. Бўзсув канали атрофидаги ноқонуний қурилган объектлар бузилмоқда

13:23 27 Июль 2018 Жамият
386 0
Фото: Ҳаким Йўлдошев / "Халқ сўзи"

Бўзсув канали сувининг тозалигини таъминлаш билан боғлиқ қатор муаммолар “Халқ сўзи” газетасининг жорий йил 19 апрель сонидаги “Сувнинг уволи ёмон” сарлавҳали таҳлилий мақолада кўтарилган эди. Тегишли вазирлик, идора ва ташкилот мутасаддилари экологик вазиятни оғир аҳволга олиб келаётган мазкур омилларни бартараф этишда сусткашликка йўл қўяётганликлари эса газетамизнинг 25 апрелда "Тошкент вилояти ҳокими газета ўқийди. Туманларнинг ҳокимларичи?", 17 июль сонида эса “Эски ҳаммом, эски тос” сарлавҳали мақолаларда танқид қилинди.

Бўзсув канали муаммолари таҳририят назоратига олинганлиги боис сўнгги кунларда унинг соҳилларида кенг кўламли ободонлаштириш ишлари амалга оширилаётганлиги, қирғоқдаги ноқонуний объектлар бузилаётганлиги ҳақидаги хабарлар келиб турибди.

Фото: Ҳаким Йўлдошев / "Халқ сўзи"

“Ҳақиқатан ҳам канал муҳофаза минтақасида катта ҳажмдаги ишлар олиб борилмоқда. Жумладан, каналнинг Қибрай тумани ҳудудидан оқиб ўтувчи қисмида сектор раҳбарлари бошчилигида тўртта ишчи гуруҳи тузилган. Амалга оширилаётган ишларни мувофиқлаштириш ва аҳоли ўртасида тушунтириш ишларини олиб бориш мақсадида вилоят штаби фаолият кўрсатмоқда“, - дейди вазият билан жойига чиқиб танишган “Халқ сўзи” газетасининг Тошкент вилояти бўйича Рахматилла Шералиев.

Вилоят штабининг саъй-ҳаракатлари билан канал муҳофаза минтақасидаги 455 та турли бино ва иншоотлар хатловдан ўтказилди. Уларнинг 242 таси тураржой, 23 таси нотураржой объекти, 190 таси дала ҳовли эканлиги аниқланди. Бу объектлар ўз эгалари томонидан 2 ҳафта давомида ихтиёрий равишда бузиб ташланади. Айни вақтда уларга ёрдам ҳам кўрсатилмоқда. Жалб қилинган 315 нафар ишчи-хизматчилар дастлабки уч кунда канал соҳилидаги 35 та ноқонуний қурилган объектни бузиб ташладилар. Уларга 26 та махсус техника, жумладан, 4 та экскаватор, 2 та автокран, 2 та юкловчи техника, 16 та юк машинаси ёрдам бермоқда.

Мутахассислар канал соҳилини ободонлаштириш, кўкаламзорлаштириш ва унинг атрофида махсус йўлаклар ташкил этиш бўйича инновацион руҳдаги лойиҳалар устида ишлашмоқда.


Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?


Кўп ўқилганлар