Халқ фаровонлиги, юрт тинчлигининг мустаҳкам асоси

16:10 27 Август 2020 Сиёсат
237 0

Мамлакатимизда мустақилликнинг охирги тараққиёт йилларида барча соҳада улкан ўзгаришлар амалга оширилди. Халқимизнинг онгу тафаккури, дунёқараши юксалиб, фаровонлиги, турмуш тарзи янада яхшиланди, айниқса, ижтимоий ҳимояга муҳтож қатламни қўллаб-қувватлаш устувор вазифалардан бирига айланди.

Бугунги кунда амалга ошираётган ислоҳотларимиз, халқ билан мулоқот давлат сиёсати даражасига кўтарилгани туфайли жамиятимизда очиқлик ва эркинлик муҳити тобора кучайиб бормоқда. Президент виртуал қабулхонаси, ҳудудларда халқ қабулхоналари очилиб, одамларимиз ташаббус кўрсатиб, нафақат ўз шахсий муаммоси, балки кўпчиликнинг дарду ташвишларини ҳал қилиш учун давлат идоралари билан ҳамкорликда ишлашга ўрганаётир.

«Янги Ўзбекистон» давлат сиёсатида туб бурилишлар, жадал ислоҳотларни бошлаб берди. Мамлакатимизни модернизация қилиш, инсон ҳуқуқ ва эркинликларини, қонун устуворлигини таъминлаш асосида Ўзбекистоннинг янги, демократик қиёфаси яратилмоқда. Бу борада Ҳаракатлар стратегиясида белгилаб берилган «Миллий тикланишдан — миллий юксалиш сари» деган устувор ғоя мамлакатимиз тараққиёти, халқимизнинг ҳаёт даражаси ва турмуш сифатини ҳар томонлама юқори босқичга кўтариш ғояси биз учун дастуриламал бўлиб хизмат қиляпти.

Юртимизда ижтимоий ривожланиш бўйича ўзига хос тизим шаклланмоқда. Бу борада «Обод қишлоқ», «Обод маҳалла», «Ёшлар келажагимиз», «Беш ижобий ташаббус» каби дастурларимиз аҳолини янгича фикрлаш ва ишлашга сафарбар этишда муҳим роль ўйнамоқда. Бунинг натижасида юзлаб туман, шаҳар ва қишлоқларнинг меъморий қиёфаси тубдан янгиланмоқда.

Мамлакатда амалга оширилаётган ислоҳотлар жаҳон ҳамжамияти томонидан муносиб баҳоланмоқда. Хусусан, дунёдаги нуфузли нашрлардан бири — «Экономист» журнали Ўзбекистонни 2019 йилда ислоҳотларни энг жадал амалга оширган давлат — «Йил мамлакати» деб эътироф этгани ҳар биримизга чексиз ғурур, ифтихор ва куч бағишлади.

Биргина ижтимоий ҳимоя соҳасини оладиган бўлсак, кейинги йилларда кам таъминланган, ногиронлиги бўлган инсонлар, ёшлар, хотин-қизлар, кекса авлод вакилларини ижтимоий ҳимоя қилиш давлат сиёсатининг устувор йўналишига айланди. «Инсон манфаатлари ҳамма нарсадан устун» деган тамойил асосида, халқимиз ҳаётини тубдан яхшилаш бўйича олиб борилаётган кенг кўламли ижтимоий ислоҳотлар узвий давом этмоқда. Биринчи навбатда, аҳоли фаровонлигини ошириш ва унинг ижтимоий ҳимоясини кучайтириш бош вазифалардан бири бўлиб қолди.

Давлатимиз раҳбари томонидан жорий йилнинг январь ойида Олий Мажлис Қонунчилик палатасига йўллаган Мурожаатномасида биринчи марта «камбағаллик» тушунчасининг илгари сурилиши мамлакатда ижтимоий ҳимоя соҳасида кескин бурилиш ясади. Камбағалликни камайтириш учун аҳолида тадбиркорлик руҳини уйғотиш, инсоннинг ички куч-қуввати ва салоҳиятини тўлиқ рўёбга чиқариш, янги иш ўринлари яратиш бўйича комплекс иқтисодий ва ижтимоий сиёсат амалга оширилмоқда.

Маҳаллаларда хотин-қизлар ва оила фаровонлигига эътиборни кучайтириш мақсадида ваколатли давлат тузилмаси — Маҳалла ва оилани қўллаб қувватлаш вазирлиги ташкил қилинди. Маҳаллаларда касб-ҳунарга ўргатиш ишларининг олиб борилиши, балиқ эмас, қармоқ бериш кераклиги тамойили асосида камбағал оилаларни камбағалликдан чиқариш бўйича секторлар кесимида чора-тадбирлар ишлаб чиқилиши халқаро экспертлар томонидан юқори баҳоланмоқда. Аҳоли, айниқса, ёшлар ва хотин-қизларни иш билан таъминлашга жиддий аҳамият қаратилаётир. Амалга оширилаётган барча иқтисодий ва ижтимоий дастурлар, йирик инвестиция лойиҳалари, хизмат кўрсатиш соҳасини ривожлантиришга қаратилган чора-тадбирларнинг марказида айнан шу муҳим масала асосий мақсад ва вазифа бўлиб турибди.

Бутун дунёда бўлгани каби коронавирус касаллиги билан боғлиқ пандемия вазияти бизнинг давлатимизни ҳам четлаб ўтмади. Карантин чекловлари туфайли ижтимоий ҳимояга муҳтож аҳоли сони янада ошди. Давлатимиз раҳбари томонидан ўз вақтида қўлланилган чора-тадбирлар, ҳеч бир давлатда бўлмаган Иқтисодий тараққиёт ва камбағалликни қисқартириш вазирлигининг ташкил қилиниши, камбағал аҳоли рўйхати ва камбағалликдан чиқариш учун «темир дафтар»лар юритилиши, ижтимоий ёрдамга муҳтож аҳоли мурожаатлари учун шаффоф тизим «Ягона ижтимоий реестр» тизими жорий этилиши ижтимоий ҳимоя соҳасида янги ислоҳотлар узвийлигини таъминламоқда.

Бинобарин, пандемия шароитидаги қийинчиликларни ҳисобга олиб, қарийб 700 минг кишини ташкил этадиган 182 мингдан зиёд оилага 1 миллион сўмгача ёрдам пули берилди. Президентимизнинг яна бир Фармонига асосан «темир дафтар»га киритилган муҳтож оилаларнинг ҳар бир аъзоси учун 220 минг сўмдан ажратилди. Умуман, жорий йилда аҳолининг эҳтиёжманд қатламларини ижтимоий ҳимоя қилиш учун жами 8 трлн. сўмдан зиёд маблағ ажратилиши кўзда тутилган.

Қайд этиш керак, пандемия даврида ижтимоий ҳимояга муҳтож инсонлар базаси ҳам сезиларли даражада кенгайди. Президентимизнинг 2020 йил 30 июлдаги «Коронавирус пандемияси даврида ижтимоий ҳимояга ва ёрдамга муҳтож аҳоли қатламларини моддий қўллаб-қувватлашга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида»ги Фармонига асосан 14 ёшга тўлмаган болали эҳтиёжманд оилалар сони йил охирига келиб 2 бараварга кўпаяди, 2 ёшгача бола парвариши бўйича нафақа олишга муҳтож оналар сони 20 фоизга ўсади. Моддий ёрдам олаётган кам таъминланган оилалар сони 100 мингтага оширилади. 2020 йилнинг охирига қадар ижтимоий нафақа олувчилар сони 1,2 миллионга, 2021 йилда эса 1,5 миллионга етиши кутилмоқда.

Президентимиз томонидан яқинда яна бир муҳим ҳужжат — «Аҳолини ижтимоий қўллаб-қувватлашга қаратилган қўшимча чора-тадбирлар тўғрисидаги» қарор имзоланди. Унга кўра, моддий ёрдам ва кўмакка муҳтож оилаларнинг 16 ёшга тўлмаган фарзандларига бир марталик моддий ёрдам бериш кўзда тутилган. Бу эса халқимизни ижтимоий ҳимояси доимо давлат эътиборида эканини кўрсатади.

Тўғри, амалий жараёнлар давомида камчиликлар ҳам кўзга ташланиши табиий. Уларни бартараф этиш эса депутатлик корпусининг муҳим вазифасидир. Чунончи, жорий йил июнь ойида Қонунчилик палатаси депутатлари томонидан ҳудудларда аҳолининг турмуш даражаси ва сифатини яхшилаш, камбағалликни қисқартириш, аҳоли бандлигини таъминлаш бўйича секторлар томонидан амалга оширилаётган ишларнинг ҳолати ўрганилганда, маҳаллаларда аҳоли томонидан эътирозлар бўлаётгани маълум бўлди. Бу ҳолат юзасидан Иқтисодий тараққиёт ва камбағалликни қисқартириш вазирлигига депутатлик сўрови юборилиши, бу масала парламент назоратига олингани билан ҳам аҳамиятли эканини кўрсатади.

Яна бир муҳим масала. Бугунги кунда Ўзбекистон ўз фуқароларининг ҳуқуқ ва манфаатларини, улар қаерда бўлишидан қатъи назар, ҳимоя қилишга қодир мамлакат сифатида ўзини намоён этмоқда.

Чет элларда ишлаётган ва таълим олаётган ватандошларимиз билан алоқалар мустаҳкамланиб, уларнинг ҳуқуқ ва манфаатлари таъминланяпти. Хорижда ўз меҳнат фаолиятини олиб бораётган фуқароларга қулайликлар яратиш, уларнинг яшаш, ишлаш шароитларини яхшилаш борасида чора-тадбирлар белгиланмоқда. Бутун дунё айни пайт пандемиядан кейинги мураккаб бир даврга кириб келяпти. Барча давлатларда, ҳатто энг ривожланган мамлакатларда ҳам аҳолини иш билан таъминлаш, ишсизликни камайтириш масалалари ўта долзарб муаммога айланган. Президентимиз бошчилигида айнан шу масалага устувор аҳамият қаратилаётгани бежизга эмас.

Албатта, ривожланиш, ҳаёт бор экан, талаб ўзгаради. Лекин ҳар қандай муаммони оқилона ҳал қилиш учун, аввало, ҳамжиҳатлик, тинчлик зарур. Мамлакатимизда ҳукм сураётган тинчлик ва осойишталик қадрига етишимиз лозим.

Албатта, буларнинг барчаси Мустақиллик туфайли, Истиқлол натижасидир. Шахсан ўзим мисолимда айтадиган бўлсам, мамлакатимизда илк мустақиллик эълон қилинган кунлари мен талаба эдим. Шу йилларда улғайдим, билим олдим. Мустақил давлатнинг ижтимоий-иқтисодий, сиёсий соҳаларидаги ислоҳотларда иштирок этганим бу менга Мустақиллик берган улуғ неъмат, деб биламан. Ўзбекистон Республикаси мустақиллиги 20 йиллиги, 25 йиллиги кўкрак нишонларига лойиқ, деб топилдим. Босиб ўтган ҳаёт йўлимда менга доим ватаним истиқлоли қудрат бериб, саодатга етаклади. Бугун қайси соҳада муваффақиятларга эришмайлик, йилдан-йилга халқимиз яшаш тарзи ва турмуши фаровонлигининг асл негизида мамлакат мустақиллиги мужассам. Шундай экан, дориламон, шукуҳли кунларнинг қадрига етайлик.

Нигора ҚУТЛИМУРАТОВА,
Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?