Халқ депутатлари Самарқанд вилоят Кенгашининг саккизинчи сессияси онлайн тарзда бўлиб ўтди.

23:29 22 Май 2020 Сиёсат
75 0

Сессияда Олий Мажлиси Сенатининг маҳаллий ҳокимият вакиллик органлари фаолиятини кучайтиришга кўмаклашувчи комиссияси аъзолари, юқори палата қўмиталари раисларининг ўринбосарлари, Сенат девонининг тегишли бўлинмалари ходимлари ҳамда халқ депутатлари вилоят, туман ва шаҳар Кенгашлари депутатлари, барча бўғиндаги ҳокимлар ва уларнинг ўринбосарлари, вилоятнинг соҳа раҳбарлари, ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар, давлат ва жамоат ташкилотлари вакиллари, оммавий ахборот воситалари ходимлари иштирок этди.

Сессия ишида дастлаб Олий Мажлис Сенатининг ишчи гуруҳи томонидан вилоятни ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш, халқ депутатлари маҳаллий Кенгашлари фаолият самарадорлигини ошириш борасидаги ишларни ўрганиш якунлари кўриб чиқилди.

Олий Мажлис Сенати раиси ўринбосари Зайниддин Низомхўжаев ҳамраислик қилган сессияда кун тартибидаги масала юзасидан парламент юқори палатасининг Мудофаа ва хавфсизлик масалалари қўмитаси раиси ўринбосари, маҳаллий ҳокимият вакиллик органлари фаолиятини кучайтиришга кўмаклашувчи комиссияси раиси Толибжон Мадумаров маъруза қилди.

Қайд қилинганидек, Сенат ишчи гуруҳи вилоятда 2-6 март кунлари ўрганиш ўтказган. Аниқланганидек, вилоятни комплекс ривожлантириш ва бу жараёнда халқ депутатлари маҳаллий Кенгашлари салоҳиятидан фойдаланиш борасида муайян ишлар амалга оширилган.

Давлатимиз раҳбарининг вилоятга 6 марта амалга оширган ташрифлари давомида берилган топшириқлар ижроси доирасида 450 дан ортиқ лойиҳа тасдиқланиб, улар ижроси таъминланмоқда.

Пировардида 2019 йилда 40 мингта ўрнига 45 мингта янги иш ўрни яратилган ҳамда ялпи ҳудудий маҳсулот ҳажми 37 триллион 594 миллиард сўмни ташкил этган. Бугунги кунда вилоят қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари етиштириш ҳажми бўйича республикада 2-ўринда туради.

Ижтимоий соҳани ривожлантириш борасида ҳам ижобий натижаларга эришилган. Жумладан, 2019 йилда тиббиёт муассасалари 10,3 миллиард сўмлик замонавий тиббий асбоб-ускуналар билан таъминланган, тез тиббий ёрдам автомашиналар сони 115 тадан 260 тага етказилган, охирги 3 йилда хусусий тиббиёт муассасалари сони 10 баробарга ортиб, 376 тага етган.

Вилоятдаги 237 та мактабни кенг полосали (оптик толали) юқори тезликдаги интернет билан таъминлаш ишлари олиб борилган, 764 та мактаб “Uztelecom” алоқа тизими орқали интернетга уланган.

Сессияда вилоятни ривожлантиришга салбий таъсир кўрсатаётган айрим муаммо ва камчиликлар борлиги, мавжуд салоҳиятдан тўлиқ фойдаланилмаётганлиги ҳам қайд этилди.

Жумладан, вилоят бўйича 156 та эгасиз электр тармоқлари объектини ўз вақтида қабул қилинмаганлиги натижасида 2017-2019 йилларда 196,9 миллион сўмлик электр энергияси техник йўқотишларга олиб келган.

Ҳисоб палатаси томонидан вилоятдаги халқ таълими муассасаларида 11 миллиард 432 миллион сўмлик молиявий хато ва камчиликларга йўл қўйилганлиги аниқланган.

Нуробод ва Самарқанд туманларидаги 2 та маданият ва истироҳат боғи ўз вақтида фойдаланишга топширилмаган.

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2018 йил 28 ноябрдаги тегишли қарорига асосан 2019 йилда вилоятдаги маданият марказларида бажарилиши лозим бўлган ишлар тўлиқ амалга оширилмаган. Хусусан, 2 та маданият марказида (Булунғур, Пастдарғом) қурилиш ишлари якунланмаган бўлса, 2 тасида (Каттақўрғон шаҳри, Жомбой) қурилиш бошланмаган. Бугунги кунда маданият марказларида 4 турдаги 340 та мусиқа асбобига эҳтиёж мавжуд.

Вилоятда аҳолини ичимлик суви, электр энергияси ва табиий (суюлтирилган) газ билан тўлиқ ва узлуксиз таъминлаш борасида муаммолар мавжуд. Электр тармоқларининг айрим қисмлари фойдаланиш учун яроқсиз ҳолга келиб қолган. Газ қувурларини мукаммал таъмирлаш бўйича 2019 йилга белгиланган режа бажарилмаган. Вилоятнинг ички хўжалик йўллари таъмирталаб аҳволга келиб қолган.

Сессия иши давомида сенаторлар ва маҳаллий Кенгаш депутатлари қайд этилган камчиликларни бартараф этиш бўйича кечиктириб бўлмас чора-тадбирлар кўриш зарурлигини таъкидлашди ҳамда бу юзасидан маҳаллий ижро ҳокимияти органлари раҳбарларининг ҳисоботлари тингланди ва муҳокама этилди.

Сессия якунларига кўра, тегишли қарор қабул қилиниб, мавжуд муаммоларни бартараф этиш бўйича “Йўл харитаси” тасдиқланди ва ижроси устидан депутатлик назоратини қатъий йўлга қўйиш белгиланди. 

Абдулазиз Йўлдошев

(Халқ сўзи)

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?