Халқ давлатдан, аввало, нимани истайди? Ижтимоий адолатни! Бу — ҳар бир даврга, ҳар бир жамиятга хос

14:20 19 Август 2019 Жамият
124 0

Фото: Ҳаким Йўлдошев/«Халқ сўзи»

Ўзимиз ўзимизга хиёнат қилмасак, ўзимиз ўзимизни алдамасак, ҳалол-пок бўлиб меҳнат қилсак, мен аминман, кўзлаган барча марраларимизга албатта етамиз. Бу борада мен аввало кўп синовлардан ёруғ юз билан ўтган олижаноб халқимизнинг мустаҳкам иродаси ва бунёдкорлик салоҳиятига ишонаман.

Шавкат МИРЗИЁЕВ

Халқ давлатдан, аввало, нимани истайди? Ижтимоий адолатни! Бу — ҳар бир даврга, ҳар бир жамиятга хос. Акс ҳолда, одамларда лоқайдлик, умидсизлик, ишончсизлик кучаяди. Бюрократия, коррупция, бошбошдоқлик каби иллатлар урчиб, мамлакат тараққиётдан ортда қола бошлайди. Бунга узоқ ва яқин тарихдан мисоллар кўп.

 Шу боис Президентимиз Шавкат Мирзиёев давлат раҳбари сифатида фаолият бошлаши билан мақсадни қатъий қўйди: Ўзбекистонда халқ ҳокимияти номига эмас, амалда жорий этилиши керак! Бизга кабинетда шунчаки савлат тўкиб ўтирадиган ғўддайганлар эмас, юрагида ўти бор фидойи ва жонкуяр раҳбарлар зарур!

Илгари вазир, ҳоким ва катта-кичик мутасаддилар “Сизнинг қандай муаммоингиз бор, биздан нима ёрдам зарур?” дея уйма-уй юриб, одамлардан ҳол сўраганини ҳеч кўрганмизми? Афсуски, йўқ! Бугун-чи? Мансабдорлар халқ ҳузурига боряпти. Аҳолининг дардига қулоқ тутмоқда. Йиллаб ўз ечимини топмаган қанчадан-қанча муаммолар бир телефон қўнғироғи ёки озгина ҳафсала билан ҳал этилаётганини кўриб, бир хулосага келяпмиз: мана, бўларкан-ку!

Аммо ҳали олдинда қилинадиган ишлар кўп. Тараққиёт стратегиямизни ўз вақтида ва оғишмай амалга оширишда эса сизу биздан талаб этиладигани — ҳамжиҳатлик, ватанпарварлик, элу юрт тақдири учун ёниб яшаш! Зеро, шоир ёзганидек, “Мен ёнмасам, сен ёнмасанг, биз ёнмасак, қандай қилиб қоронғуликлар ёруғликка чиқар”.

Бу ҳақда гап кетар экан, ҳар қандай эзгу иш — энг яхши ибрат эканлигини ёдга олгимиз келди. Чунки бугун орамизда шундай инсонлар борки, улар ўз ақл-заковати, билим ва тажрибаси, фарзандлик меҳри ва садоқатини жонажон Ватанимизнинг тақдири ва келажаги, жондан азиз болаларимизнинг бахту камоли йўлида сафарбар этмоқда. Буни ана шу юртдошларимизнинг ибратли ҳаёт йўли ва самимиятга йўғрилган фикр-мулоҳазаларидан ҳам англаш қийин эмас. 

«БИЗГА ШУНДАЙ БИНОЛАР КЕРАК» 

Ўз жисмидан бир неча минг маротаба оғир техникани бошқариш инсондан катта салоҳият талаб этади. Айниқса, уни юз метрдан зиёд баландликдан туриб, ўз измига солиш учун жасорат, матонат, фидойилик ва албатта, ватанпарварлик керак. 

Тошкентлик Наргиза Арсланова аёл киши бўла туриб, ана шундай масъулиятли касбнинг этагидан тутган. У пойтахтимиздаги “Tashkent City” ишбилармонлик маркази қурилиши жараёнида иштирок этмоқда  — кран машинисти бўлиб! Пастга қараса, одамнинг оёғи қалтириб, боши айланадиган баландликдан туриб Наргиза деярли ҳар куни улкан қурилиш ашёларини ўзи бошқараётган замонавий техника ёрдамида қурилиш майдонига етказиб беради. Мамлакатимиз тарихидаги йирик бунёдкорлик объектида иш қишнинг қорли қировли кунларида ҳам, ёз жазирамасида ҳам узлуксиз давом этаётганини ҳисобга олсак, бу жасур қизни чинакам қаҳрамон, дейишга ҳеч иккиланмаймиз. Бинобарин, Президентимиз Наргиза Арслановани муносиб хизматлари учун “Меҳнат шуҳрати” ордени билан тақдирлади. Қолаверса, у “Ўзбекистон белгиси” кўкрак нишони ҳамда “Ўзбегим аёли” Миллий мукофоти совриндоридир.

Наргиза АРСЛАНОВА,

кран машинисти:

— “Tashkent City”нинг ташаббускори — Президентимиз!  Бу лойиҳа  ҳаётимни буткул ўзгартириб юборди. Коллежни тугатиб, иш тополмай қийналиб юрган пайтларим ҳам бўлган. Оилада ёлғиз фарзандман. Бунинг устига, қиз бола бошим билан ҳаётда нимагадир эришиш мен учун имконсиздай эди гўё. Лекин сабр қилдим. Давлатимиз раҳбари бошлаб берган кенг кўламли ислоҳотлар туфайли жамиятда ўз йўлимни, ўз ўрнимни топдим.

Ҳар тонг катта иштиёқ билан қурилиш майдони томон ошиқаман. Осмонўпар кранга кўтарилиб олгач, атрофга бир қур назар ташлайман. Шунда юрагим ғурур-ифтихорга тўлиб-тошади. Биласизми, нега? Чунки кун сайин кўкка бўй чўзаётган бинолар худди халқимизнинг орзу-умидлари рўёбига ўхшайди. Ахир бу — бизнинг эртамиз-ку! 

Баъзан турли сайтларда ва ижтимоий тармоқларда “Tashkent City” лойиҳаси ҳақида ҳар хил бўлмағур гапларни, уйдирмаларни ёзаётганлар қани энди бу ерга келиб, амалга оширилаётган ишларни ўз кўзлари билан кўришса, дейман. Ишонч билан айта оламанки, уялиб қолишади. Ҳа-ҳа, уялиб қолишади! Мард бўлса  келиб, ҳеч бўлмаса, бир ғишт қўйса қанийди! Ахир бу — Ўзбекистонимизнинг обрў-эътиборини янада оширадиган ноёб лойиҳа. Эртага бундан иқтисодиётимиз ютади, халқ манфаат кўради. Бизга шундай замонавий бинолар, иншоотлар керак! Ана шуларни ўйлаганимда ўз ишимдан янаям ғурурланиб кетаман, кучимга-куч, ғайратимга-ғайрат қўшилади.

«ИШЛАГАНГА ТОШ ОТМА!» 

Янгибой Болиқулов — юз билан юзлашган пиру бадавлат отахон. Самарқанд вилоятининг Пайариқ туманидан. Жуда ширинсухан. Шундан бўлса керак, уйидан доимо одам аримайди. Бирда қўни-қўшни, бирда маҳалла-кўй йўқлаб келса, бошқа сафар давлат ёки жамоат ташкилотлари вакиллари “отахоннинг дуосини олиб кетайлик”, деб совға-салом билан ташриф буюришади. 

Янгибой бобони яқиндан билганлар уни жуда мулоҳазакор, дейишаркан. Сабаби, у киши юртимизда ва дунёда бўлаётган янгиликлардан имкони борича хабардор бўлиб бораркан.

Янгибой БОЛИҚУЛОВ,

Уруш  ва меҳнат фахрийси:

— Набирам тушмагур, планшет деган матоҳидан ҳар хил янгиликларни ўқиб бериб туради. Баъзиларидан дилим яйраса, айримларидан хафа бўлиб кетаман. Одамларга нима бўляпти ўзи? Усти-бошингиз бут, қорнингиз тўқ бўлса... Тўғри, камчиликлар, муаммолар бордир, бундан кўз юмиб бўлмайди. Лекин ҳамма нарса вақти-соати билан-да. Дарров олам гулистон бўлиб қолмайди-ку, ахир. Наҳотки, сабр-тоқат, шукроналик деган тушунчалар анқонинг уруғига айланган бўлса. Ахир шу халқ эмасми оғир йилларда матонат кўрсатган, шу халқ эмасми бир бурда нонга шукрона келтириб, бир майизни қирқ бўлишиб еган?! Уруш кўрган, не-не азобларни бошдан кечирган одам сифатида айтишим мумкинки, ношукрлик бизга ярашмайди.  

Яқинда набирам бир суратни кўрсатди. Ҳайҳотдек бино. Қурилиши битмагани кўриниб турибди. Суратга нимани олишибди, денг? Шу бино бурчагидаги бир уюм қурилиш чиқиндисини! Жаҳлим чиқиб кетди! Агар шу сураткаш ёнимда бўлганида: “Эй бола, нималар қиляпсан? Суратга олишга олипсан, энди мард бўлиб, бажарилган ишларни ҳам бор бўйи билан кўрсат. Қурилиш бўлаётган жойдан чиқинди чиқмайдими? Эрта-индин олиб кетиладиган нарсага шунча айюҳаннос соласанми, номард!, Ишлаганга тош отма. Аксинча, уларнинг қанотига кириб, қўлингдан келса, кўмаклаш! Буям қўлингдан келмаса, жим тур...” деган бўлардим!

Бизнинг гўзал фазилатларимиз бор. Келинг, уларни асраб-авайлайлик.

«ВУЖУДИМНИ АЖИБ БИР ТИТРОҚ БОСДИ...» 

Кеча юртимиздаги деярли барча оммавий ахборот воситалари, интернет сайтлари халқимизга ажойиб бир хушхабарни етказишди. Гап шундаки, Москва вилоятида жойлашган “Алабино” дала-ўқув майдонида Халқаро армия ўйинларининг “Танк биатлони” йўналиши бўйича II дивизион финал баҳслари якунланиб, унда Ўзбекистон вакиллари ғалабага эришди. Ватанимизнинг мард ўғлонлари қўлга киритган ушбу муваффақият тарихий аҳамиятга эга. Чунки ҳарбий хизматчиларимиз бундай мусобақада илк бор қатнашишди ва юксак билим ҳамда салоҳиятга эга эканликларини амалда яққол намойиш этишди.

Жамоа аъзоларининг ўша унутилмас онлари муҳрланган суратга ҳам кўзингиз тушгандир? “Халқ сўзи” саҳифасида ҳам эълон қилинди. Қаранг, улар қўлларида юртимиз байроғини баланд кўтариб, ғурур билан туришибди. Қандай таъсирли манзара, шундай эмасми? 

Ана шу тарихий натижага муносиб ҳисса қўшган мардларимиздан бири — экипаж командири, катта лейтенант Муҳиддин Нуриддиновдир.  

Муҳиддин НУРИДДИНОВ,

Халқаро армия ўйинларининг “Танк биатлони” йўналиши бўйича II дивизион ғолиби:

— Финалда Уганда, Куба ва Вьетнам жамоалари билан курашдик. Барча шартларни муносиб уддалаб, энг яхши натижани қайд этдик. Бундан ҳаммамиз хурсандмиз.

Ушбу мусобақада тезлик, уни назорат қила билиш энг муҳим жиҳатлардан ҳисобланади. Тайёргарлик жараёнида шуни пухта ўзлаштиришга интилганимиз ўз мевасини берди. Лекин муваффақиятимизнинг асосий омили бошқа. Яъни асосий гап бизга яратиб берилаётган имкониятларда. Мамлакатимизда кўплаб соҳалар қатори мудофаа салоҳиятини ошириш йўлида ҳам жуда катта ишлар қилиняпти. Энг янги, замонавий, бугунги кун талабларига жавоб берадиган қурол-аслаҳа ва ҳарбий техникалар билан таъминланяпмиз. Турли тайёргарлик босқичларида чиниқмоқдамиз. Халқаро мусобақаларда иштирок этиб, ўзаро тажриба алмашяпмиз. Натижалар эса бирма-бир кўриняпти. Буларнинг барчаси нима учун? Шубҳасиз, жонажон Ватанимиз тинчлиги, халқимиз осойишталиги учун!

“Танк биатлони” мусобақасининг тақдирлаш маросими ҳам ҳаяжонли кечди. Кубокни жамоамиз сардори, подполковник Жумабой Аташев қабул қилиб олди. Давлатимиз мадҳияси янграб, байроғимиз баланд кўтарилди. Қўлимизни кўксимизга қўйиб, мадҳиямизга жўр бўлдик. Биласизми, ушбу онда бутун вужудимни ажиб бир титроқ босди, кўзимга ёш келди... Бу, албатта, Ватанимизни жондан ортиқ яхши кўрганимиздан, унга меҳримиз чексиз эканидан.

Бу ғалаба — халқимизники, Ўзбекистонимизники! Уни мустақиллигимизнинг 28 йиллигига туҳфамиз, деб қабул қилгайсиз, азизлар.  

«Халқ сўзи».


Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?


Кўп ўқилганлар

Afisha

Президент топшириқлари қандай бажарилмоқда? Мутасаддилар жавоб берадилар

Ёдингизда бўлса, Президентимиз жорий йил 11 январь куни халқ депутатлари Самарқанд вилояти Кенгашининг навбатдан ташқари сессиясида туман ва шаҳар фаоллари мурожаатларини тинглар экан, улар кўтарган муаммоли масалаларни қисқа муддатда ҳал этиш юзасидан мутасаддиларга тегишли топшириқ ва кўрсатмалар берган эди.

05 Февраль 2019