“Тараққиёт” республика танловини ўтказишдан кўзланган асл мақсад нима?

13:30 05 Июнь 2018 Жамият
873 0

Давлатимиз раҳбари Шавкат Мирзиёев кейинги пайтларда айрим жабҳадаги ислоҳотларда оқсашлар кузатилаётгани ҳақида фикр юритар экан, албатта, ўша соҳада кадрлар масаласига алоҳида эътибор қаратмоқда. Куюниб гапирмоқда. Дарҳақиқат, кабинетдан чиқмасдан, юмшоқ курсидан тушмасдан ишлаб келаётган, бепарволик, лоқайдлик ботқоғига ботган, эскича фикрлайдиган раҳбарлар ҳозирги шароитда аравани тортолмайди.

Президентимиз бундай раҳбарлар ўрнига ғайрат-шижоатли, кечаю кундуз юрт равнақи, мамлакат тараққиёти, халқимиз фаровонлиги ҳақида ўйлаб қайғурадиган, ташаббускор кадрларга таянмоқда. Уларга масъулиятли лавозимларни ишониб топширяпти. Бу, шубҳасиз, ўзининг ижобий самарасини бермоқда. Сабаби, бугун замон шиддати, муаммолар кўлами кенгайиб бораётгани, давлатнинг, раҳбарларнинг олдига мураккаб муаммоларни қўяётгани бор гап. Уларни эса эскича фикрлар, эскича иш тартиб-таомиллари билан ечиб бўлмайди.

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2018 йил 30 майдаги “Истиқболли бошқарув кадрларини танлов асосида танлаб олишнинг замонавий тизимини яратиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори бугунги кундаги энг долзарб, муҳим масалага ечим топишда катта қадам бўлди, десак, асло муболаға бўлмайди. Боиси, ҳозирги кунда мамлакатимизни ижтимоий-иқтисодий ривожлантиришда илғор, ташаббускор, инновацияларни яхши тушунадиган, янгиликларни ҳаётга татбиқ эта оладиган раҳбар кадрларнинг ўрни беқиёсдир. Бошқарув кадрларини тайёрлаш, уларни танлаб олиш ва тарбиялаш, жой-жойига қўйишнинг замонавий тизимини яратиш вақти келган эди. Мамлакатимизда амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотлар бугунги раҳбар кадрлардан катта масъулият, маҳорат ҳамда одамлар қалбига йўл топишдек юқори малакани талаб қилмоқда.

Хўш, бундай юқори малакали кадрларни қаердан олиш мумкин?

Тўғри, қарорда таъкидланганидек, ўтган давр мобайнида давлат ва жамият бошқаруви, ижтимоий-иқтисодий, суд-ҳуқуқ ҳамда бошқа соҳаларда бошқарув кадрларини тайёрлаш бўйича кўп иш қилинди. Юқори малакали бошқарув кадрлари захирасини шакллантиришга ижобий таъсир кўрсатган Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Давлат бошқаруви академияси фаолияти ислоҳ этилди, шунингдек, Академия ҳузурида мамлакатимизнинг истиқболли ёш мутахассисларини қайта тайёрлайдиган ва малакасини оширадиган Ёшлар муаммоларини ўрганиш ва истиқболли кадрларни тайёрлаш институти ташкил қилинди.

Эндиликда кадрлар тайёрлашнинг захирасини шакллантиришнинг янада самарали тизимини ўзимиз яратишимиз, бу борада энг замонавий ёндашувларни татбиқ этишимиз лозим. Шу маънода, Президентимизнинг мазкур ҳужжати билан истиқболли бошқарув кадрларини танлаб олиш бўйича “Тараққиёт” республика танловини ўтказиш йўлга қўйилаётгани айни муддаодир. Мазкур кўрик-танловда республикамизнинг барча ҳудудидан келган иқтидорли кадрлар, яъни таянч олий маълумотга ҳамда тегишли соҳада раҳбарлик лавозимида камида уч йил иш тажрибасига эга, 30 ёшдан 45 ёшгача бўлган фуқаролар қатнашиши белгилаб қўйилгани ҳам оқилона тутилган йўлдир. Албатта, бу ёшдаги шахс ҳар томонлама шаклланган, ўз дунёқараши ва фикрига эга бўлган кадр бўлади.

Қолаверса, танлов ғолибларига энг кам иш ҳақининг 50 баравари миқдорида, финал босқичининг қолган иштирокчиларига эса энг кам иш ҳақининг 25 баравари миқдорида бир марталик пул мукофоти тўланиши, бунда танлов финал босқичининг қолган иштирокчилари тегишли соҳанинг бошқарув кадрлари захирасига киритилиши ҳам ёш авлод раҳбар кадрлари учун катта имкониятдир.

Танлов ғолиблари Ўзбекистон Республикаси Давлат бошқаруви академияси ҳамда Корпоратив бошқарув илмий-таълим маркази базасида тегишли соҳага оид вазирликлар, идоралар, йирик компаниялар раҳбарлари, маҳаллий ҳамда хорижий юқори малакали мутахассислар ва олимлар иштирокида ўтказиладиган, ривожланган хорижий мамлакатларнинг соҳага оид ташкилотларида танловнинг тегишли номинациялари юзасидан стажировка ўташни ўз ичига оладиган “Бошқарув кадрларини тайёрлаш бўйича Президент дастури”га мувофиқ, уч ойлик курсларда ўқиши белгиланди. Мазкур курсларни ўтагандан кейин тегишли йўналишлар бўйича давлат ташкилотларида раҳбарлик лавозимларига тайинланади.

Назаримда, бу янгилик кўп нарсани ўзгартиради. Шундай экан, аввало, ҳар бир соҳа бўйича истиқболли кадрлар тизимини ҳудудлардаги ҳокимликлар қатъий равишда ошкоралик ҳамда ҳеч қандай таниш-билишлик, маҳаллийчиликка йўл қўймасдан юритиши муҳим аҳамиятга эга. Бунда ёш раҳбарнинг ташкилотчилик қобилиятига, унинг уқуви, одоб-ахлоқи, одамларни ўз ортидан эргаштира билиш қобилияти ва маънавий хислатларига ҳам эътиборни кучайтириш лозим.

Жорий йилга “Фаол тадбиркорлик, инновацион ғоялар ва технологияларни қўллаб-қувватлаш йили”, деб бежиз ном берилгани йўқ. Зеро, ҳар бир раҳбар давр талабидан келиб чиқиб, соҳани, вазифалар моҳиятини, аввало, ўзи чуқур тушуниб етиши, янгиликларни, инновацияларни корхонага жорий этиш механизмларини ўйлаб топиши керак бўлади.

Президентимизнинг ушбу қарори ижросини таъминлашдаги яна бир муҳим жиҳат, уларни ўқитиш тизимини йўлга қўйишдир. Чунки ҳозирги кунда раҳбарлик лавозимларида ишлаб келаётган ёшларнинг кўпчилигида уқув, маҳорат, одамларнинг дарди-ҳасратини тинглаб, унинг ечимини топиш салоҳияти етишмайди. Шу боис ҳар бир соҳа бўйича раҳбар кадрларни ўқитиш тизимини нафақат республика, балки вилоят миқёсида ҳам ишлаб чиқиш мақсадга мувофиқ. Раҳбар кадрларни ўқитиш тизими мунтазамлик касб этса, кадрларни тайёрлаш, малакасини оширишда сифат кўрсаткичлари янада ошган бўлур эди.

Авазбек ЭРГАШЕВ,
Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси
Сенати аъзоси.


Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?


Кўп ўқилганлар