Халқ билан мулоқот: сайёр қабулда 600 дан ортиқ мурожаатлар кўриб чиқилди

10:49 25 Март 2019 Жамият
471 0

Ўзбекистон Республикаси Президентининг Тошкент вилоятидаги Халқ қабулхонасида Президент Администрацияси томонидан сайёр қабул ўтказилди.

Оммавий сайёр қабулда Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси, Олий суд, Бош прокуратура, Адлия, Ички ишлар вазирлиги вилоят бошқарма ва ташкилотлари раҳбарлари, вилоят судлари раислари, мурожаатчи фуқаролар ҳамда кенг жамоатчилик вакиллари иштирок этди.

Барча даражадаги раҳбарларнинг аҳоли билан бевосита мулоқотга кириши, айниқса, сайёр қабуллар орқали мурожаатчилар ҳузурига бориши халқимизнинг адолатга, давлатга, эртанги кунга бўлган ишончини янада мустаҳкамлашга хизмат қилмоқда. Энг муҳими, очиқ мулоқотларда аҳолига муносиб иш ва турмуш шароити яратиш борасида бор куч ҳамда имкониятлар ишга солинаётир.

Бундай саъй-ҳаракатлар уларнинг мамлакатимизда олиб борилаётган ислоҳотларга дахлдорлик ҳиссини юксалтириб, дунёқарашини тубдан ўзгартириш, яратувчанлик ва ташаббускорлигини оширишга замин яратаётир.

Тошкент вилоятида ҳам мурожаатлар билан ишлаш тизими сифат жиҳатидан янги босқичга кўтарилди. Бу борада Ўзбекистон Республикаси Президентининг вилоятдаги Халқ қабулхоналари, турли вазирлик ҳамда идоралар раҳбарлари томонидан ўтказилаётган сайёр қабуллар алоҳида аҳамият касб этмоқда. Маълумотларга кўра, жорий йилнинг дастлабки 2 ойида 5 минг 600 та жисмоний ва юридик шахс вилоят, туман ҳамда шаҳарлардаги Ўзбекистон Республикаси Президентининг Халқ қабулхоналарига мурожаат қилган. Мурожаатларнинг 3 минг 500 дан ортиғи, яъни 63 фоизи қаноатлантирилган.

Шу даврда вилоят ҳудудида 530 дан ортиқ сайёр қабуллар ўтказилиб, 4 минг 500 дан ортиқ мурожаатлар қабул қилинган. Уларнинг қарийб 2 мингтаси қаноатлантирилган.

Сайёр қабулда аҳоли мурожаати мазмунидан келиб чиқиб, уларни Ўзбекистон Республикаси Президенти маслаҳатчисининг биринчи ўринбосари Улуғбек Муҳаммадиев, Ўзбекистон Республикаси Олий суди раиси Козимжон Комилов, Бош прокурор Отабек Муродов, адлия вазири Русланбек Давлетов, ички ишлар вазири Пўлат Бобожонов, Тошкент вилояти ҳокими Ғуломжон Ибрагимов, вилоят бошқарма ва ташкилотлари раҳбарлари қабул қилди.

— Турмуш ўртоғим Мирзо Улуғбек туманида нон маҳсулотлари ишлаб чиқариш бўйича тадбиркорлик фаолияти билан шуғулланар эди, — дейди Мукаррам Нуралиева. — 2007 йили бевақт қазо қилди. Шундан сўнг давлат нотариуси томонидан турмуш ўртоғим бошқарувида бўлган “Дон-нон” масъулияти чекланган жамияти устав фондининг 87 фоиздан ортиқ қисми оиланинг меросхўрлари сифатида қизим иккаламизга ажратилиши белгиланди. Лекин турмуш ўртоғим ўрнини эгаллаган собиқ ўринбосари оиламизга тегишли бўлган мазкур улушни ўз фойдасига ўзлаштириб олди. 10 йиллик чоп-чоплардан сўнг ниҳоят адолат қарор топди. Унга нисбатан ўтган йили Тошкент шаҳар прокуратураси томонидан жиноят иши очилди. Бош прокурорга мана шу масала юзасидан мурожаат қилиб, қўзғатилган мазкур жиноят ишини ўз назоратига олишини ва адолат тўлиқ қарор топишида амалий ёрдам беришини сўрадим.

Сайёр қабулда ҳар бир мурожаатчининг арзи-ҳоли тингланиб, уларнинг эътирозига сабаб бўлган ҳолатлар чуқур таҳлил қилинган ҳолда, бартараф этиш чоралари кўрилди. Аксарият мурожаатларда келтирилган қонун бузилиши ҳолатлари ва бошқа ижтимоий-иқтисодий муаммолар жойида ҳал этилди.

— 2000 йилдан буён оилам билан Ҳақиқат кўчаси, 86-уйда яшайман, — дейди чирчиқлик Бахтиёр Ҳасанов. — Ўша йили шу уйни сотиб олиб, ҳужжатларини расмийлаштиришни бошладик. Кўчамизнинг бузилиши мумкинлиги важи билан бу жараён пайсалга солинди. Оқибатда уйнинг электр, газ, сув ва бир қатор ҳужжатлари менинг номимга ўтгани ҳолда, уйга эгалик ҳуқуқи берилмади. Ҳозир уйимиз эгасиз. Чунки собиқ эгаси уни менга сотган ва унда уйга эгалик ҳуқуқи йўқ. Қизиғи, 19 йилдирки, ўз уйимга бундай ҳуқуқ ўзимда ҳам йўқ. Шу масала бўйича мурожаат қилиб, амалий ёрдам сўраб келдим.

Аҳоли билан очиқ мулоқот мобайнида аҳолининг 600 дан ортиқ мурожаатлари тингланиб, маълум қисми жойида бартараф қилинди. Маълум муддат, яъни атрофлича ўрганиш ёки вақт тақозо этиладиган мурожаатлар бўйича тегишли мутасаддиларга вазифалар белгиланиб, ижроси назоратга олинди.

 

 


Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?


Кўп ўқилганлар

Afisha

Президент топшириқлари қандай бажарилмоқда? Мутасаддилар жавоб берадилар

Ёдингизда бўлса, Президентимиз жорий йил 11 январь куни халқ депутатлари Самарқанд вилояти Кенгашининг навбатдан ташқари сессиясида туман ва шаҳар фаоллари мурожаатларини тинглар экан, улар кўтарган муаммоли масалаларни қисқа муддатда ҳал этиш юзасидан мутасаддиларга тегишли топшириқ ва кўрсатмалар берган эди.

05 Февраль 2019