«Хафа бўлиш йўқ» ва бошқалар. Ўзбекистонда энг оммабоп телеканаллар ва дастурлар рейтинги эълон қилинди

15:59 02 Июнь 2020 Жамият
677 0

«Юксалиш» умуммиллий ҳаракати томонидан жорий йилнинг 5—15 март кунлари Ўзбекистонда энг оммабоп миллий телевизион манба ва форматларни аниқлаш мақсадида фуқаролар ўртасида жамоатчилик фикри сўрови ўтказилди. Унда республика бўйича жами 6 467 нафар фуқаролар иштирок этди. Сўровда шаҳар ва қишлоқ жойларидаги турли ёш ва касб эгалари қамраб олинди.

Тадқиқот давомида фуқароларнинг миллий телеканалларга бўлган муносабати билан қизиқилди. Хусусан, уларнинг охирги пайтларда миллий телеканалларга нисбатан муносабати қай тарзда ўзгаргани ўрганилди. Яъни, сўралганларнинг 2 236 нафарининг (34,6 фоизи) муносабати ўзгармаган, 2 155 нафари (33,3 фоизи) кўпроқ кўришни бошлаган, 2 076 нафари (32,1 фоизи) камроқ кўра бошлаган.

Сўров давомида телевизорни камроқ кўришни бошлаганлардан бунинг сабаби нимада эканлиги сўралди. Сўровда иштирок этганларнинг деярли ярми ушбу саволга телевизор кўришга вақтлари йўқлиги (24,7 фоизи) ҳамда маълумот олишда телефондан фойдаланишларини (24,5 фоизи) билдирганлар. Қолганлар эса телевидениенинг қизиқ эмаслиги, ёлғон маълумот, тарғиботнинг ва рекламаларнинг кўплиги каби сабабларни билдирганлар. 

Бундан ташқари, сўралганларнинг аксарияти, яъни 44,5 фоизи (2 881 нафар) миллий телеканалларни доим кўришини, 40,3 фоизи (2 605 нафари) баъзида кўринишини ҳамда 15,2 фоизи (981 нафар) миллий телеканалларни умуман кўрмаслигини билдирганлар.

Ўтказилган жамоатчилик фикри сўрови натижасида фуқаролар одатда қайси миллий телеканалларни кўпроқ кўришлари билан қизиқиб, шу орқали телеканалларнинг қамров бўйича рейтинги тузилди. Мазкур саволда респондентларга 18 та давлат ва хусусий телеканаллар рўйхати, шунингдек ҳудудий телеканаллар ва «мен миллий телеканалларни умуман кўрмайман» каби жавоб вариантлари тақдим этилди.

Республика бўйича ўтказилган, 6 400 дан зиёд фуқаролар иштирок этган сўров натижаларига кўра, миллий телеканалларнинг кучли бешлиги шакллантирилди. Эътиборлиси, унинг барча ўринларини хусусий телеканаллар эгаллади. Жойлашув тартиби қуйидагича: 1-ўрин — Zoʼr TV (11,8 фоизи), 2-ўрин — Sevimli (9,6 фоизи), 3-ўрин — My5 (9,4 фоизи), 4-ўрин — Milliy TV (6,9 фоизи), 5-ўрин — Futbol TV (6,8 фоизи). 

Шунингдек, фуқароларнинг миллий телеканаллар орқали эфирга узатиладиган кўрсатув ва дастурлар ҳақидаги фикрлари ҳам ўрганилди. Маълум бўлишича, фуқаролар бугунги кунда кўпроқ телевидение орқали янгиликлар, ахборот дастурларини кўрадилар (12,1 фоизи), шунингдек телесериаллар (11,4 фоизи) ҳамда “Zoʼr TV” телеканали орқали эфирга узатиладиган “Xafa boʼlish yoʼq” кўрсатувини кўпроқ кўришлари маълум бўлди.

Ҳудудингиздаги ёки мамлакатдаги охирги янгиликларни одатда қаердан эшитасиз, деган навбатдаги саволга респондентлар асосан “My5” (19,4фоизи) ва “Sevimli” (17,6 фоизи) телеканалларини кўрсатганлар. Шунингдек, уларнинг 16,4 фоизи сўнгги янгиликлар ҳақида телевидение орқали эмас, балки бошқа манбалар орқали билиб олишларини кўрсатганлар. Эътиборли жиҳати, фуқаролар аввалги саволда миллий телеканаллар орқали асосан янгилик, ахборот дастурларини кўришларини билдирган бўлсалар, мазкур бандда улар бу мақсадда хусусий ТВ ва бошқа манбаларни афзал кўришлари маълум бўлди. Ушбу рўйхатнинг кейинги ўринларида “Oʼzbekiston 24” телеканали, ҳудудий телеканаллар ва бошқалар қайд этилган.

Шунингдек, сўров давомида фуқаролар орасида турли телеканалларнинг ахборот дастурлари машҳурлиги ўрганилди. Унга кўра, 1-ўрин — «Markaziy studiya» (My5); 2-ўрин — «Zamon» (Sevimli); 3-ўрин — «Ахборот 24» (Oʼzbekiston 24), 4-ўрин — «UzReport news» (Uzreport TV); 5-ўрин — «Davr» (Yoshlar).

Сўров якунида фуқаролардан қачондир бошқа бир ахборот манбасини ёки қизиқишни афзал кўриб телевидениедан воз кечиши эҳтимоли ҳақида сўралганда, респондентларнинг 42 фоизи бундай бўлиши мумкин эмаслигини, яъни ахборот манбаси сифатида телевидениенинг ўрни катта эканлигини, 36,7 фоизи эса бундай бўлиши мумкинлигини билдирганлар.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?