“Кемалар қабристони”да 300 га яқин санъаткорлар иштирокида мусиқа фестивали ўтказилади

15:20 10 Сентябр 2018 Жамият
207 0
Фото: Livejournal

Қорақалпоғистон Республикаси Мўйноқ туманидаги “Кемалар қабристони”да “Стихия” номли электрон абстракт мусиқа фестивали бўлиб ўтиши кутилмоқда. Бу ҳақда тадбир ташкилотчилари маълум қилган.

Манба берган хабарда айтилишича, тадбирга 300 га яқин санъаткорнинг ташриф буюриши кутилмоқда. АҚШ, Исроил, Туркия, Германия, Россия, Украина, Хитой сингари давлатларнинг санъат вакиллари мазкур электрон абстракт мусиқаси фестивалида иштирок этишади.

“Стихия” электрон абстракт мусиқаси фестивалига National Geographic, Calvert, Mixmag Russia, Биринчи канал (Россия) ҳамда Tablet каби дунёнинг нуфузли медиа ташкилот вакиллари ташриф буюриши кутилмоқда.

14-15 сентябрь кунлари бўлиб ўтадиган мазкур фестиваль “Centil Law Film”, “TrendSetter”, “Peopletravel” ташкилотлари ташаббуси ҳамда Ўзбекистон Республикаси Туризмни ривожлантириш давлат қўмитаси, БМТнинг Тараққиёт Дастури кўмаги билан ташкил этилмоқда.

Дастур доирасида иштирокчилар учун “Кемалар қабристони” узра сайил, шунингдек, Мўйноқда янгидан ташкил қилинган музейга ва Нукус шаҳридаги И.В.Савицкий номидаги давлат музейига саёҳат режалаштирилган.

Фестивални ўтказишдан мақсад – жаҳон ҳамжамиятининг Орол денгизи муаммолари тўғрисида хабардорлигини ҳамда сувдан оқилона фойдаланишга масъулиятни ва Орол денгизини қайта тиклашга муносабатини оширишдир. Шунингдек, фестивалда юқори сифатли электрон мусиқасини тарғиб қилишга эътибор қаратилган.


Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?


Кўп ўқилганлар