Кема ҳайдовчиларини тайёрлаш, қайта тайёрлаш ва уларнинг малакасини ошириш тартиби белгиланди

19:54 06 Июль 2020 Ҳужжатлар
409 0

“Кема ҳайдовчиларини тайёрлаш, қайта тайёрлаш ва уларнинг малакасини ошириш чора-тадбирлари тўғрисида” Ҳукумат қарори қабул қилинди. Бу ҳақда "Ҳуқуқий ахборот" канали хабар берди.

Қарорга мувофиқ, кема ҳайдовчиларини тайёрлаш, қайта тайёрлаш ва уларнинг малакасини ошириш ҳамда кема ҳайдовчиси гувоҳномаларини бериш қуйидагилар томонидан амалга оширилади:

  • Транспорт вазирлиги – I, II ва III гуруҳларга кирувчи кемалар бўйича;
  • Фавқулодда вазиятлар вазирлиги – кичик ҳажмли кемалар бўйича;
  • Давлат хавфсизлик хизмати Чегара қўшинлари – ўзига тегишли I, II ва III гуруҳларга кирувчи кемалар ҳамда кичик ҳажмли кемалар бўйича;
  • I, II ва III гуруҳларга кирувчи кемалар ва (ёки) кичик ҳажмли кема ҳайдовчиларини тайёрлаш, қайта тайёрлаш ва уларнинг малакасини ошириш Таълим сифатини назорат қилиш давлат инспекцияси томонидан нодавлат таълим хизматлари кўрсатиш соҳасидаги фаолият бўйича берилган лизензияга эга бўлган юридик шахслар томонидан ҳам амалга оширилади. 

Қарор билан Кема ҳайдовчиларини тайёрлаш, қайта тайёрлаш ва уларнинг малакасини ошириш ҳамда кема ҳайдовчиси гувоҳномаларини бериш тартиби тўғрисида низом тасдиқланди.

Низомга мувофиқ, кема ҳайдовчиларини тайёрлаш, қайта тайёрлаш ва уларнинг малакасини ошириш шартнома асосида амалга оширилади. 

Талабгор кема ҳайдовчиси гувоҳномасини олиш учун назарий ва амалий имтиҳонлар (тест синовлари, суҳбат (билет асосида), кемани бошқариш бўйича амалий имтиҳон) топширади.

Имтиҳонлар натижалари бўйича талабгорларга кема ҳайдовчиси гувоҳномалари берилади.

Гувоҳномалар ваколатнома (ишончнома) билан берилмайди ҳамда у берилган кундан бошлаб 10 йил муддатга амал қилади.

Қарорга мувофиқ, аввал берилган кема ҳайдовчиси гувоҳномалари 2020 йил 31 декабрга қадар ҳақиқий ҳисобланади. 

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?