Келишилган ўйин "қаҳрамон"и қандай қилиб «Олтин тўп»ни қўлга киритганди? Ёхуд собиқ маҳбус майдонга қайтди

14:56 16 Сентябр 2020 Спорт
423 0

1982 йилги жаҳон чемпионати дунё футболи тарихида янги саҳифа очиб бергани билан эсда қоларли кечганди. Ўшанда мундиалда илк бор 24 та терма жамоа иштирок этди. Унга Испания жуда ажойиб ҳозирлик кўрган, ўйинлар ва телетрансляциялар сони ва табиийки, даромад ҳам ошганди. Фақатгина испан мухлисларининг таъблари хира тортганди. Негаки, мезбонлар мағлубиятга учраб турнирни эрта тарк этишди.

Бразилия терма жамоаси ҳақида эса алоҳида сўз юритиш керак. Таркибида Сократес, Карека ва Зико бўлган ўша терма жамоани ҳали-ҳануз ушбу мамлакат тарихидаги энг кучли команда санашади. Бразилияликлар ақл бовар қилмас голлар киритиб, фантастик футбол намойиш этишганди. Бу голлар ҳам жамоавий, ҳам индивидуал ҳаракатлар самараси эди. Бироқ биргина мағлубият уларнинг жаҳон чемпионлигини қўлга киритиш йўлидаги барча умидларини пучга чиқарди. Қолаверса, ушбу мундиалда ғолибни аниқлаш мақсадида илк марта пенальтилар серияси жорий қилинди.

Аммо бўлғуси чемпионлар учун ҳаммаси мураккаб кечди. Гап Италия терма жамоаси ҳақида бормоқда. Мундиал арафасида Италия чемпионатидаги келишилган ўйинлар билан боғлиқ кўнгилхираликлар ҳали ёддан кўтарилмаганди. Боз устига таркибда жароҳатлар туфайли йўқотишлар бор эди. Жамоа ўйини ҳам қовушмаётганди. Турнирнинг гуруҳ босқичи Энсо Беарзот шогирдлари учун чинакам «мина майдони»ни эслатди. Ахир ўзингиз ўйланг: улар Польша билан нурсиз дуранг (0:0), Перу ва Камерун билан эса 1:1 ҳисобида дуранг қайд этишди. Натижада терма жамоа Африка вакилига қараганда кўпроқ гол киритгани эвазигагина кейинги босқичга чиқди.

Италияликларнинг олдинги чизиғида Паоло Росси ҳаракат қилаётганди. У мундиал арафасида журналистларга берган интервьюсида «Мени итальян футболи халоскори бўлади, деб ўйламанг. Фақат Пеле даражасидаги футболчигина бутун бошли жамоа ўйинини ўзгартириб юборишга қодир. Мен эса Пеле эмасман», деганди.

Чиндан ҳам аввалига унинг иши юришмади. Россининг ўйинидан мухлисларнинг ҳам кўнгли тўлмади. Чунки ҳужумчи гуруҳ баҳсларида гол кирита олмади. Мамлакат жамоатчилиги мураббийдан Россини захира ўриндиғи тугул, биринчи самолёт биланоқ Римга қайтариб юборишни талаб қилди. Лекин кутилмаганда терма жамоанинг иши ўнгидан кела бошлади. Кейинги босқичда ёш Диего Марадона таркибида бўлган Аргентина терма жамоаси итальянлардан 2:1 ҳисобида енгилди. Бироқ Росси яна майдонни голсиз тарк этди. Зико ва унинг компаниясига қарши баҳсда эса у ниҳоят ўзининг нималарга қодирлигини кўрсатиб қўйди. Бу учрашувда италияликларни фақат ғалаба қаноатлантирарди. Акс ҳолда ярим финалга бразилияликлар чиқишарди. Қаҳрамонимиз драматик тарзда кечган бу ўйинда бир эмас, учта гол киритди. Рақиб ҳимоячилари чаққон, абжир, майдоннинг ҳар бир ерида ҳозиру нозир Россига қарши бирор бир чора топа олишмади. Натижада Италия терма жамоаси 3:2 ҳисобида ғолиб чиқди. Бразилияликларга чиқиш эшиклари кўрсатиб қўйилди.

Ярим финалда Беарзот шогирдлари полякларга ҳеч қандай имконият қолдиришмади: 2:0. Ҳар иккала гол муаллифи Паоло Росси бўлди. 90 минг томошабин қаршисида кечган финал баҳсида эса Германия Федератив Республикаси терма командаси (3:1) мағлуб этилди. Бу учрашувда ҳам Росси ўз ҳисобига гол ёзиб қўйди. Шу тариқа «Скуадра адзурра» ўз тарихида учинчи марта жаҳон чемпионлигини қўлга киритди.

Биз эса Паоло Россига қайтамиз. Аслида у Испанияга бормаслиги керак эди. Лекин мураббий унга ишонч билдирди. Қаҳрамонимиз бу ишончни ошиғи билан оқлади. Шундай экан, ишонч қудратли кучга эга десак хато қилмаймиз.

Ўтган асрнинг 70-йиллари бошида озғингина Паолога «Ювентус»нинг назари тушди. Аммо унинг бу клуб сафига ўтишига отаси қаршилик кўрсатди. Бунга асос бор эди.”Ювентус” илгари Паолонинг акасини ўз сафига қўшиб, орадан бир йил ўтгач, у билан хайрлашган эди. Бироқ Паоло «Юве» сафига ўтаман деб оёқ тираб олди. Отаси ён беришга мажбур бўлди. Турин клубида ёш ҳужумчининг ишлари юришмади. Уни «Б» сериясида ўйнаётган «Виченса» клубига ижарага беришди. Бу ерда мураббий Жанбаттиста Баббри ундаги катта истеъдодни пайқаб, қанотдан майдон марказига ўтказди. Бунга жавобан Росси 21 та гол киритди ва жамоасининг элита дивизион йўлланмасини қўлга киритишига ҳисса қўшди. Аммо «Виченса» яна қуйи дивизионга тушиб кетди. Шунда уни «Перужа» клубига ижарага бердилар. Бироқ бу ерда Паоло катта жанжал гирдобига тушиб қолди. Ёшлигига бориб хатога йўл қўйди. Пул эвазига «Аввелино»га қарши кечадиган ўйинда 2 та гол киритиб, дуранг натижа қайд этилишига ёрдамлашиб юборди. Келишув асосидаги 2:2 ҳисоби ҳаммани қониқтирди. Фақат полицияни эмас... Оқибатда 11 нафар ўйинчи уч йил муддатга футболдан четлаштирилди. Ҳаммаси қамалди. Якунда муддат икки йилга қисқартирилди.

Испания мезбонлик қиладиган жаҳон чемпионати бошланишига бир ой қолганда Паоло қамоқдан чиқиб, «Ювентус» сафида бир нечта ўйин ўтказишга улгурганди. Терма жамоа устози Беарзот мутахассисларнинг «Росси узоқ давом этган мавсумда майдонга тушган эмас. Бинобарин, унда чарчоқ йўқ. Спорт формаси эса жойида», деган сўзларини инобатга олди ва уни мундиалга борадиганлар рўйхатига қўшди. Кейин эса нима бўлганини яхши биласиз. Паоло Росси жаҳон кубогини боши узра кўтарди. Бундан ташқари, мундиалда энг кўп — 6 та гол киритган ҳолда «Олтин тўп» соҳиби бўлди.

Истам ИБРОҲИМОВ
тайёрлади.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?