Келинглар, орзу қилайлик!

18:04 14 Июль 2020 Маданият
311 0

Келинглар, биргалашиб ният қилайлик!

Тез орада, субҳичоғда — куннинг нурафшонлик дебочасида тождор вирус батамом енгилди деган хушнуд хабарни эшитиб бир-биримиздан суюнчи сўраймиз. Келинг, ўшанда, суюнчи учун «Илоҳи, бундай бало иккинчи такрорланмасин» деган тилагимизни тутамиз.

Ва соғинганимиз — баланд тоғлар, кенгликларга чиқиб «Нақадар тотлисан, ҳам омонатсан ҳаёт!» дея бор овозимиз билан, токи қалбимиздаги бугунги дилгирлик аригунга қадар шодон наъра тортамиз, қичқирамиз, ҳатто бақирамиз ҳам.

Қўмсаганимиз — қариндош-уруғ, ёру биродар дийдорига шошиламиз. Туғилиб ўсган қишлоғимиз остонасида бир зум тўхтаб «Омонмисан, жонажон гўшам!»дея салом берамиз. Азим чинор тагида чордона қуриб, шошқин сувлар жилвасидан завқ оламиз.

Келинглар орзу қиламиз, пандемияни енггач, ғолиблигимиз тимсоли сифатида халқимизнинг янада кучли, қудратли МEҲР-ОҚИБАТ қўрғонини қурамиз, пештоқига миллионлаб юртдошларимиз қалбидан ҳамжиҳатликнинг турфа рангларини олиб «Ҳамиша омон бўл, жонажоним — Ўзбекистоним» деб ёзиб қўямиз!

Ва яна ўша хотиржам кунларимиз қайтганда, энг аввало, унинг ҳар дамини қадрлаб, ОЛЛОҲга шукроналар айтамиз!

Келинглар, орзу қилайлик... ва албатта, ҳозирча уйда қолайлик.

Зеро,  ўзимизни, яқинларимиз — ҳаммани асрасак ўша коронавирус балоси даф қилинган кунда, барчамиз бир-биримизни табриклаш, бир-биримиздан суюнчи сўраш бахтига эга бўламиз, шубҳасиз!

Аҳмадали ШEРНАЗАРОВ

(«Халқ сўзи»).

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?