Келажак энергияси мамлакатнинг тинч тараққиётига хизмат қилади

11:49 12 Июль 2018 Жамият
804 0
Иллюстратив фото

Давлатимиз раҳбарининг куни кеча Ўзбекистонда атом электр станцияси барпо этиш борасидаги ташаббуси бутун халқимизнинг руҳини кўтариб юборди. Атом энергияси ҳақида сўз юритишдан олдин бир жиҳатга эътибор қаратсак. Инсон ҳаётида яшаш учун тўртта омил мавжуд: сув, энергия, озиқ-овқат ва саломатлик.

Ана шулар билан боғлиқ муаммоларнинг ҳаммаси ечилган бўлганда бошқа муаммолар бўлмасди. Ҳозирги пайтда сув таъминоти, айниқса, ичимлик суви, энергия таъминоти муҳим аҳамиятга эга. Бугунги кунда юртимизда қарийб 33 миллион нафар аҳоли истиқомат қилаётган бўлса, ўтган чорак аср давомида амалда бирорта ҳам қудратли электр энергия станцияси қурилган эмас. Демак, одам бошига ҳисоблаганда энергия таъминоти тахминан 30 фоиз камайди. Биз иқтисодиётимизни тубдан ривожлантириш, янги қувватлар барпо этишга бел боғлаяпмиз. Буларнинг барчаси энергияни талаб қилади. Шундай экан, ўзимизда мавжуд бўлган уран хом ашёсига таяниб атом электр станцияси қуришга қарор қилингани айни муддаодир.

Ҳаётимизни энергиясиз бир тасаввур этиб кўринг. Усиз ҳаёт тўхтаб қолиши мумкин. Кенг миқёсда олганимизда углеводород хом ашёси, гидроэнергия таъминоти, ниҳоят атом энергетикасидан иборат. Қуёш энергияси ҳақида гапирамиз. Лекин унинг фойдали иш коэффициенти 15 фоиздан ошмайди. Кўмирдан олинаётган самарадорлик ҳам анча паст. Шу жиҳатдан олганда, энг ишончли, кафолатли ва хавфсиз энергия атом энергияси эканлигини ҳаётнинг ўзи кўрсатмоқда.

Ҳозирги пайтда дунё миқёсида энергия таъминотининг 15 фоизи атом энергияси ҳиссасига тўғри келмоқда. Ривожланган мамлакатларда бу кўрсаткич жуда юқори ва йилдан-йилга ошиб боряпти. Ўзбекистон ҳам ана шу тараққий этган давлатлар сафидан жой олиши учун келажак энергиясини ишга солишга ҳаракат қилиши керак.

Тасаввур этинг, ураннинг 20 граммлик таблеткаси 520 килограммлик кўмирнинг қувватини беради. Агар биз мазкур масалани ҳал қилишга бугундан киришмасак, келажак авлод бизни кечирмайди. Ҳозиргача юртимизда қазиб олинаётган уранни четга сотяпмиз. Агар ана шу ноёб хом ашёни ўзимизда ишлатсак, жуда катта самарадорликка эришамиз.

Биргина АҚШнинг ўзида 99 та атом электр станцияси ишлаб турибди. Яқинда бир қатор станцияларга 60 йиллик эксплуатациядан сўнг яна 20 йил ишлатишга лицензия берилди.

Бирлашган Араб Амирликлари нефть-газга қанчалик бой эканлиги ҳаммага маълум. Лекин шунга қарамасдан бу мамлакатда атом электр станциясининг 4 та блокини қуришга ҳаракат қилинмоқда. Ўзлари бой углеводород захирасига эга бўлишига қарамасдан атом энергиясини ишга солишга интилишяпти. Сабаби янги технология экологик жиҳатдан соф, ишлатишда хавфсиз энергия кўпроқ манфаат келтиради.

Масала моҳиятини тўлиқ тушунмаган одамлар атом энергетикаси ҳақида гап кетганда, Чернобиль ва Япониянинг Фукусимо станциялари ҳалокатларини ёдга олишади. У жойлардаги фалокатлар, асосан, инсон омили туфайли рўй берган. Ҳозирги пайтда ишлаб чиқарилаётган реакторлар бир неча баробар хавфсиз ва ишончлидир. Бугунги реакторлар механизми 21 ўринда ўзаро хатардан асровчи кафолатга эга. Булар учинчи авлод реакторлари ҳисобланади. Уларнинг устига самолёт қулаганда ҳам фалокат рўй бермайди.

Атом энергиясига эга бўлсак, қанча газ хом ашёси тежаб қолинади?!

Биз янги объектда ишлайдиган билимдон ва малакали кадрларни тайёрлашимиз керак. Ёшларимиз ҳозирданоқ Москва муҳандислик-физика институтига ўқишга киришмоқда. Мазкур олий ўқув юртининг Ўзбекистонда филиалини очиш ҳаракати бошланди. Уч йил ичида 4 минг нафар мукаммал билимга эга мутахассислар тайёрлашимиз зарур. Умуман, атом электр станцияси қурилишида 9 минг одам, ишга туширилгандан кейин 3,5 минг киши иш билан таъминланади. Бу ерда фаолият юритадиган муҳандис-техник ходимлар юксак малакали, билимдон ва ҳар жиҳатдан ватанпарвар бўлишлари керак.

Ҳар томонлама узоқни кўзлаб режалаштирилган экологик тоза ва зарарсиз ушбу йирик лойиҳа мамлакатимиз иқтисодий тараққиётига, халқимиз турмуш фаровонлигини янада оширишга хизмат қилишига шак-шубҳа йўқ.

Беҳзод ЮЛДАШЕВ,
Ўзбекистон Республикаси Фанлар
академияси президенти.


Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?


Кўп ўқилганлар

Afisha

Президент топшириқлари қандай бажарилмоқда? Мутасаддилар жавоб берадилар

Ёдингизда бўлса, Президентимиз жорий йил 11 январь куни халқ депутатлари Самарқанд вилояти Кенгашининг навбатдан ташқари сессиясида туман ва шаҳар фаоллари мурожаатларини тинглар экан, улар кўтарган муаммоли масалаларни қисқа муддатда ҳал этиш юзасидан мутасаддиларга тегишли топшириқ ва кўрсатмалар берган эди.

05 Февраль 2019