Катта карвон: Мингбулоқ — зафар маррасида

12:24 09 Октябр 2020 Иқтисодиёт
177 0

Деҳқончилик майдонлари асосан қўриқ ерлардан иборат бўлган Мингбулоқ туманида вилоят бўйича энг кўп - 35 минг тоннадан зиёд пахта етиштирилади. Бугун қабул пунктларига белгиланган миқдордаги ҳосил тўла етказиб берилиб, шартномавий режа вилоятда иккинчи ўринда уддаланди.

Бу — мингбулоқликлар учун катта ғалаба. Боиси, ерларнинг захланиши юқори бўлган ҳудудда деҳқончилик қилишнинг ўзига яраша машаққатлари бор ва мингбулоқликлар уни мардонавор меҳнат билан енгишга муваффақ бўлдилар. Бунда, албатта, соҳани тўла кластер тизимига ўтказилиб, агротехник тадбирлар ўз вақтида юқори сифат билан ўтказилганлиги, изчил молиявий таъминот, минерал ўғит, ёнилғи-мойлаш материаллари етказиб бериш билан боғлиқ шартномавий мажбуриятлар тўла-тўкис бажарилганлиги ҳал қилувчи омил бўлганлиги сир эмас. Хусусан, пахтачиликка ихтисослашган 302 та фермер хўжалигига ерларни экишга тайёрлашдан ҳосилни йиғиштириб олишгача бўлган агротехник тадбирлар ижроси учун 134 миллиард сўмдан кўпроқ маблағ тўлаб берилди.

Мингбулоқ ўз вақтида пахтачиликни механизациялаштириш, жумладан, ҳосилни машиналар ёрдамида йиғиштириб олиш бўйича бутун республикага намуна кўрсатган туманлардан бири. Ўтган йилдан бошлаб бу ерда ушбу анъана тиклана бошлади. Жорий йил терим мавсумида далаларда 9 та “Jon Deer” ва 11 та «Кейс-420» русумли юқори унумли терим комбайнлари ишлади. Уларнинг ҳозиргача терган пахтаси 3326 тоннадан ортди.

Бугун ғалаба нашидасини сураётган туман пахтакорлари муваффақиятида терим мавсумида фаол қатнашган фермер хўжаликлари ва кластер корхоналари ишчи-хизматчилари қаторида Наманган шаҳридан ташриф буюрган минглаб ҳашарчилар, ихтиёрий равишда қўшимча даромад топиш мақсадида отланган иш билан банд бўлмаган меҳнатга лаёқатли аҳолининг ҳам ҳиссаси катта бўлди.

Қудратилла НАЖМИДДИНОВ,
«Халқ сўзи».

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?