Касбий маҳоратини оширишми ёки малака ошириш?

18:53 09 Сентябр 2019 Жамият
559 0

(Узлуксиз таълим тизимидаги педагоглар маҳоратини ошириш тизимининг таълим сифатини оширишдаги ўрнига назар)

Мустақиллик йилларида мамлакатимизда кўплаб таълим муассасалари янгидан қурилди, таъмирланди, энг замонавий ўқув анжомлари билан таъминланди. Бу борадаги ишлар бугунги кунда ҳам жадал давом этмоқда, мустақил фикр, интеллектуал жиҳатдан ривожланган, ўз дунёқарашига эга бўлган ёшларни тарбиялаш ҳар доимгидек долзарб бўлиб қолмоқда. Айниқса, дунё тараққиёти шиддати, унда кечаётган воқеалар ривожи барча соҳалар каби таълим-тарбия жараёнига ҳам янгича ёндашув, инновацияларни татбиқ этишни тақозо этмоқда. Аввало бу, таълим сифатини таъминлаш энг муҳим ўрин тутадиган ўқитувчи-педагоглар савиясини мунтазам ошириб бориш, жараёнга энг замонавий ва илғор ахборот ҳамда таълим технологияларини жорий этиш билан боғлиқ муаммоларда кўринмоқда.

Узлуксиз таълим тизимидаги барча муассасалар учун долзарб бўлиб турган ушбу жараённи замон талабларига мос кўринишда ташкил этиш, ўқитувчи-педагоглар шароит яратиш мақсадида янгича тартиблар ишлаб чиқилиши лозим.

«Малака ошириш» термини мавжуд тизимни ифодаловчи сўз сифатида қўлланилиб келинса, халқаро тажрибада «касбий ривожланиш» (профессионал девелопмент) маъносида қўлланилади.

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2006 йил 16 февралдаги 25-сонли қарори 1-илова билан тасдиқланган «Педагог кадрларни қайта тайёрлаш ва уларнинг малакасини оширишга қўйиладиган давлат талаблари» билан малака оширишнинг бевосита ва билвосита шакллари амалиётга киритилиши белгиланган. Билвосита малака ошириш (таълим дастурларисиз ўқитиш)нинг қуйидаги кўринишлари: илмий (илмий-педагогик) кенгашнинг қарори бўйича ижодий таътил; очиқ ўқув машғулотлари; илмий, илмий-методик ва илмий-амалий семинарлар, конференциялар, август ўқишлари ва ҳоказоларда маърузалар билан қатнашиш белгиланган.

Лекин, 13 йилдан буён малака оширишнинг билвосита шакллари амалиётга жорий этилмасдан келинмоқда.

Қанчалик аччиқ бўлмасин, шу ҳақиқатни тан олиш лозимки, барча таълим турларидаги (мактабгача таълим, умумтаълим мактаблари ва бошқалар) ўқитувчиларининг ҳозирда амалдаги малака ошириш шакли собиқ иттифоқ давридан бери деярли ўзгаргани йўқ. Ўша-ўша ҳар беш (уч) йилда бир марта малака оширишдан ўтиши шарт, ўқитувчи малака оширишда бўлган даврида унинг ўртача ойлик иш ҳақи сақланади, унинг дарсларини ўтган ўқитувчига соатбай ҳақ тўланади, малака ошириш якуний назорат шакли ҳам ўша-ўша, малака ишини ёзиш ва ҳимоя қилиш ҳамда чиқиш тестини топширишдан иборат. Тингловчиларнинг асосий муаммоси чиқиш тестига тайёрланиш (тест ёдлаш) бўлиб қолмоқда. Малака ошириш марказлари (институтлари)нинг асосий муаммоси вазирликлар томонидан берилган режани бажаришга қаратилган. Режани сақлаб қолиш, штатларни тутиб туриш, стационар малака оширишни ҳар қандай ҳолатда сақлаб қолишга бўлган ҳаракат мазкур йўналишда қабул қилинган барча қарорларда ўз аксини топмоқда. Ўқитувчи малака оширишининг бошқа шаклларини жорий қилишга малака ошириш ва қайта тайёрлаш тизимини бошқарувчиларнинг ўзлари қаршидек. Яқиндагина олий таълим тизимида узлуксиз малака ошириш тизимини такомиллаштириш ёки тиббиёт тизимида малака ошириш тизимини такомиллаштириш бўйича қабул қилинган ҳужжатлар ҳам фақатгина тегишли таълим тизимида муаммоларни қисман ечишга қаратилган бир томонлама ҳужжат сифатида қабул қилинмоқда.

Республика таълим тизимида малака ошириш соҳасини ташкил этиш ва мувофиқлаштириш вазирлик ва идоралар зиммасида бўлиб, барча вазирлик ва идораларда мазкур тизимга нисбатан турлича ёндашув мавжуд. Республика даражасида малака ошириш тизимини методик жиҳатдан мувофиқлаштирувчи ягона ташкилот мавжуд эмас. Малака ошириш тизими учун давлат талаблари, ўқув режа ва дастурларни ишлаб чиқишни мувофиқлашган тизимга келтириш, хусусий ва давлат шерикчилигидаги малака ошириш ва қайта тайёрлашга ихтисослашган муассасаларни ташкил этиш вақти келмадими?

Юқорида қайд этилганлардан келиб чиқиб, малака ошириш тизимини ислоҳ қилиш бўйича қуйидагилар таклиф этилади:

Барча таълим турларида фаолият кўрсатаётган стационар шаклдаги малака ошириш курсларида режа асосида малака оширишдан воз кечиб, ўқитувчилар ўзининг касбий маҳоратини оширишдан манфаатдор бўладиган таълимнинг кредит-модулли тизимига асосланган ва муаммоларга йўналтирилган модулли ўқув дастурлари, семинарлар, конференциялар, вебинарлар, маҳорат дарслари, тренинглар, қўшма халқаро илмий тадқиқотларни ўтказиш ва халқаро стандартларга мувофиқ бошқа ўқитиш курслари негизида ҳар йили малака оширишни кўзда тутувчи узлуксиз касбий таълим тизимини жорий этиш (масалан, Жанубий Кореяда ҳар йили ёзги ёки қишки таътил даврида И даражали мактаб ўқитувчиси сертификатини олиши учун 180 соатлик малака ошириш дастурида қатнашишлари шарт).

Барча таълим турлари бўйича малака оширишдан навбатдаги малака ошириш оралиғида тарбиячи, ўқитувчи, профессор-ўқитувчи ҳамда раҳбар ходимлар фаолиятини узлуксиз баҳолаб бориш мақсадида педагог портфолиосини жорий қилиш бўйича такомиллаштирилган тизимини жорий қилиш;

илмий, илмий-методик ва илмий-амалий семинарлар, конференциялар, август ўқишлари, мастер класс ва ҳоказоларда маърузалар билан қатнашганда, иштирок этилган вақтларни малака ошириш сифатида қабул қилиш бўйича тартиб белгилаш;

малака ошириш даврийлиги (3-5 йил) давомида семинар, конференция ва бошқаларда иштироки натижасида тўпланадиган соатлар миқдорини ҳисоблаш механизмини жорий этиш, агар тўпланган соатлар миқдори, малака ошириш соатига мутаносиб бўлса, ушбу педагогларни малака оширишдан озод этиш ва уларга малака оширганлиги тўғрисида сертификат бериш бўйича масаланинг ечимини топиш. Фақатгина ўз устида ишламайдиган, кўрсаткичлари паст бўлган ўқитувчиларни стационар малака ошириш курсларига жалб қилиш механизмини йўлга қўйиш;

малака ошириш даврийлиги мобайнида таянч докторантура, докторантура ва мустақил изланувчилик асосида диссертация ҳимоя қилганларни, иккита таянч докторанти ёки битта докторанти диссертациясини ҳимоя қилган раҳбар ёки маслаҳатчиларни малака оширишга жалб қилмасдан, малака сертификатини бериш;

малака ошириш даврийлиги мобайнида, профессор-ўқитувчи дарс берадиган фани йўналишида халқаро (импакт-факторли) нашрларда мақола (ҳар йили биттадан) эълон қилган бўлса, малака оширишдан озод қилиш ва малака сертификатини бериш;

умумтаълим фанлари ўқитувчилари учун қишки ва ёзги таътил давриларида таълим муассасасининг ўзида тажрибали, маҳоратли ўқитувчиларни жалб қилган ҳолда малака оширишларини ташкил этиш тартибини ишлаб чиқиш ва жорий этиш.

Ўқитувчилар малака ошириш юзасидан расмий таълим бошқарув ташкилотлари томонидан тасдиқланган кредитли курсларни ўташи, кредитлар сони ва дастурлар ҳукумат томонидан маъқулланадиган тизим яратилиши керак.

Бош илмий методик марказда ўқув режалар таълим йўналишлари бўйича тузилганлиги сабабли, профессор-ўқитувчиларнинг ўзи дарс бераётган фанидан малака ошириши муаммоси мавжуд. Ушбу тизимнинг асосий камчилиги аксарият фанлардан дарс берадиган профессор-ўқитувчилар айнан ўзи дарс берадиган фани бўйича янги маълумотларни малака оширган пайтда ололмайди. Олий таълимда фанлар бўйича малака ошириш йўлга қўйилмас экан, таълим жараёнида тегишли самарага эришиб бўлмайди.

Ҳар бир фан бўйича малака ошириш амалиётга татбиқ этилганда, малака ошириш бўйича фанлар сонини кескин ошиб кетишини инобатга олган ҳолда ҳамда асосий эътибор дарс берилаётган фанга қаратилиши муносабати билан олий таълим муассасалари профессор-ўқитувчиларининг малакасини ошириш муддати қисқартирилади.

Олий таълим муассасалари профессор-ўқитувчиларининг ишлаб чиқаришда стажировка ўтишлари, шу жумладан хорижий давлатларга юбориш йўлга қўйилади. Профессор-ўқитувчиларнинг илмий даража ва унвонларини инобатга олган ҳолда табақалаштирилган малака ошириш тизими жорий этилади. Профессор-ўқитувчиларнинг, нуфузли хорижий журналлардаги нашрлари, докторлик диссертацияларини ҳимоя қилиши, илмий конференция ва семинарларда маърузалар билан чиқишларини малака ошириш сифатида инобатга олиш (муайян соат бериш) тизими жорий этилади. Бунда профессор-ўқитувчи томонидан ҳар йили малака ошириш бўйича жамғарган соатлари миқдори маълум бир белгиланган (масалан, 144 соат) соатдан кам бўлмаслик кераклиги (конференция ва семинарлар ва бошқаларда тўплаган соатларини инобатга олган ҳолда) белгиланади, ушбу соатлар тўпланганда, профессор-ўқитувчи навбатдаги малака оширишдан озод қилиниш механизмини жорий этилади.

А.Авлоний номидаги Халқ таълими тизими раҳбар ва мутахассис ходимларини қайта тайёрлаш ва малакасини ошириш институтида амалдаги малака ошириш тизими фақатгина бошқарув ходимларини ўқитишга асосланиб, мактаб директорлари менежер сифатида малакасини ошириб кетишмоқда. Бунинг оқибатида эртасини ўйлаган директорлар ўз мутахассислиги бўйича ҳудудлардаги малака ошириш марказларига фан ўқитувчиси сифатида бориб малакасини оширишга мажбур бўлишмоқда. Бир кишига 2 марта малака оширганлиги учун давлат маблағи сарф бўлмоқда. Бу муаммонинг ечими сифатида уларни менежер+мутахассис сифатида ўқишларини йўлга қўйиш ёки менежер сифатида қисқа курсларни ташкил этиш лозим.

Масофавий малака ошириш фақатгина биринчи марта анъанавий малака ошириш курсидан ўтолмаганлар учун ташкил этилмаслиги керак. Афсуски, бугун шундай тизим амал қилмоқда. Масофавий малака ошириш тизимини анъанавий курслар учун ҳам ташкил этиш мақсадга мувофиқ. Чунки масофадан малака ошириш тизими ҳам малака оширишнинг муқобил вариантларидан бири ҳисобланади.

Барча стационар малака ошириш марказлари педагогик фаолияти давомида тегишли кредитларни жамлай олмаган, таълим сифатини таъминлашда оқсоқликка йўл қўйган ўқитувчи-педагоглар учун мажбурий курслар сифатида қолиши лозим. Бу ўқитувчи-педагоглар тоифаси учун ягона мувофиқлаштирувчи ташкилот томонидан курс якунида он-лайн чиқиш тестини ташкил этиш зарур.

Умумтаълим фан ўқитувчиларининг малакасини ошириш ишига нодавлат таълим хизматини кўрсатиш билан шуғулланаётган ўқув марказлари (уларга малака ошириш ва қайта тайёрлаш хизматини кўрсатиш бўйича лицензия берилган) имкониятларидан фойдаланиш керак. Бунинг учун ўқув марказлари тегишли фан йўналишида ўқитувчиларни малакасини оширганлиги учун сертификат бериши, бу ҳужжатнинг тан олиниши механизмини ишлаб чиқиш лозим. Уларга масофадан ўқитиш юзасидан ҳам имконият бериш ёки масофадан таълим берадиган нодавлат ташкилотларни очишга имконият яратиш керак. Қисқа қилиб айтганда, жаҳон тажрибаси асосида хусусий ва давлат шерикчилигидаги малака ошириш ва қайта тайёрлашга ихтисослашган муассасаларни ташкил этиш механизмини ишлаб чиқиш керак.

Аслиддин Одилов

Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Таълим сифатини назорат қилиш давлат инспекцияси Бош бошқарма бошлиғи


Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?


Кўп ўқилганлар

Afisha

Президент топшириқлари қандай бажарилмоқда? Мутасаддилар жавоб берадилар

Ёдингизда бўлса, Президентимиз жорий йил 11 январь куни халқ депутатлари Самарқанд вилояти Кенгашининг навбатдан ташқари сессиясида туман ва шаҳар фаоллари мурожаатларини тинглар экан, улар кўтарган муаммоли масалаларни қисқа муддатда ҳал этиш юзасидан мутасаддиларга тегишли топшириқ ва кўрсатмалар берган эди.

05 Февраль 2019