Сенатор: «Касбида қарийб 60 минг долларлик хориждан келтирилган тиббиёт ускуналари малакали мутахассислар етишмаслиги сабабли ишлатилмаяпти»

14:09 01 Март 2019 Жамият
382 0

Иллюстратив фото

“Халқ сўзи ONLINE”/Мунисхон Каримова. Қашқадарё вилояти ҳокимининг ҳудудларни ривожлантириш ҳамда халқ депутатлари маҳаллий Кенгашлари фаолияти ҳақидаги ҳисоботи юзасидан сенатор Т.Мадумаров музокара ўтказди.

Жумладан, у қуйидаги фикрларни билдириб ўтди: “Айниқса, тараққиётимизнинг янги босқичида Президент ташаббуслари билан Қашқадарёда амалга оширилаётган ислоҳотлар ўзининг самараларини бермоқда.

2018 йилда вилоят ялпи ҳудудий маҳсулоти ҳажми 28,4 триллион сўмга етган ва 2017 йилга нисбатан ўсиш кўрсаткичлари 101 фоизни ташкил этган. 2018 йилда вилоятда 2 365 та кичик бизнес субъекти ўз фаолиятини бошлаган ва уларнинг сони қарийб 17 мингтага етган.

Натижада вилоятда яратилаётган янги иш ўринлари сони ҳам ошиб бормоқда. 2018 йилда яратилган иш ўринлари сони 27 мингдан ошган ва бу борадаги прогноз параметрлари 101,5 фоизга бажарилган.

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2017 ва 2018 йилларда вилоятга 3 маротаба амалга оширилган ташрифлари давомида берилган топшириқлар ижроси доирасида 450 дан ортиқ лойиҳа тасдиқланган.

Шунингдек, 2018 йилнинг ўзида янги лойиҳаларни ишга тушириш ҳисобига хизмат кўрсатиш ва сервис соҳасида 1 595 та, қишлоқ хўжалигида 2 453 та янги иш ўринлари яратилганлиги эътиборлидир”.

Сенатор Қашқадарё вилоятида ҳудудларни ривожлантириш ҳамда халқ депутатлари маҳаллий Кенгашлари фаолияти самарадорлигини оширишга салбий таъсир кўрсатаётган кўплаб муаммо ва камчиликлар ҳам мавжудлигини айтиб ўтди.

“Айниқса, айрим вазирлик ва марказий идораларнинг вилоятдаги мавжуд муаммолар ечимига комплекс ёндашмаётгани, уларни ҳал этиш бўйича маҳаллий ҳокимликларнинг ташаббуслари, таклифлари, аҳолининг хоҳиш-истаклари етарли даражада инобатга олинмаётгани оқибатида қатор масалалар долзарблигича қолмоқда. Масалан, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси томонидан тасдиқланган Қашқадарё вилоятининг айрим туманларини комплекс ривожлантириш бўйича дастурлардаги қатор чора-тадбирлар масъул вазирлик ва идораларнинг сусткашлиги оқибатида ўз вақтида амалга оширилмаган.

Деҳқонобод туманини 2018-2019 йилларда комплекс ривожлантириш чора-тадбирлари дастурига мувофиқ 2018 йил охирига қадар амалга ошириш ва якунланиши лозим бўлган жами 143 та вазифадан 30 таси бажарилмаган. Жумладан, Республика даражасида бажарилиши белгиланган туман тиббиёт бирлашмаси биносини реконструкция қилиш ҳамда “Оқработ” қишлоғи ҳудудидаги “Оқсарой” тарихий обидасини таъмирлаш ишлари зарур молиявий маблағлар ажратилмаганлиги сабабли амалга оширилмаган. Миришкор туманини 2018-2019 йилларда комплекс ривожлантириш чора-тадбирлари дастурига мувофиқ 2018 йил учун белгиланган 248 та вазифадан 76 таси рўёбга чиқарилмаган. Хусусан, маблағ ажратилмаганлиги сабабли: “Авазчўл” ва “Амир Темур” сув йиғиш ва тарқатиш иншоотларини реконструкцияси, аҳолига тиббий хизмат кўрсатиш сифатини яхшилаш мақсадида юқумли касалликларни аниқлаш лабораториясини қуриш; ирригация иншооти учун электр узатиш тармоғини қуриш ва реконструкция қилиш вазифалари бажарилмаган.

Уй-жой коммунал хизмат кўрсатиш вазирлиги томонидан айниқса, вилоят шаҳарларидаги, туманлар марказларидаги йиллар давомида сақланиб қолган коммунал соҳага оид муаммолар ечимига комплекс тарзда ёндашилмаётгани аҳолининг жиддий эътирозларига сабаб бўлмоқда.

Хусусан, Қарши шаҳридаги 1, 2-даҳалардаги 46 та кўп қаватли уйнинг 60 фоизини ички иситиш тизими ишдан чиққан. Шаҳардаги 222 та кўп қаватли уй учун локал қозонхоналарни қуриш ишлари тегишли дастурларда белгиланган бўлса-да, шу кунга қадар бошланмаган. Инвестиция дастурига киритилган “Сувоқова” ДУК тизимидаги 18 та объектдан 7 тасида тегишли қурилиш ва реконструкция ишларини олиб бориш учун зарур маблағлар ўз вақтида ажратилмаган.

Молия вазирлиги ҳамда бошқа масъул тузилмалар томонидан аҳоли ва ижтимоий муассасаларни ичимлик суви билан зарур ҳажмда таъминлаш бўйича кўрилаётган чоралар етарли эмаслиги оқибатида вилоятда истиқомат қилаётган 3 млн.дан ортиқ аҳолининг қарийб 47 фоизи ташиб келтириладиган ичимлик сувини истеъмол қилмоқда (айрим туманларда эса пулли)”.

Парламент аъзоси Соғлиқни сақлаш вазирлиги томонидан соғлиқни сақлаш муассасаларининг моддий-техника базасини яхшилаш бўйича комплекс чора-тадбирлар етарли даражада кўрилмаганини ҳам билдирди.

“Вилоятдаги соғлиқни сақлаш муассасаларининг аксарияти мукаммал таъмирга муҳтож. Деярли барчасида ичимлик суви, газ ва иссиқлик энергияси таъминоти билан боғлиқ тизимли муаммолар ва 340 нафар шифокор етишмаслиги юзага келган, - деди у. - Биргина Касби туманидаги энг замонавий тиббий техникалар билан жиҳозланган “Касби мадад шифо” хусусий ташхислаш ва даволаш марказида қарийб 60 минг АҚШ доллари эвазига хориждан келтирилган лопороскоп жарроҳлик амалиётини ўтказишга мўлжалланган ускуна ва ЛОР-комбайн ускунаси малакали мутахассислар етишмаслиги сабабли ишлатилмаяпти”.

Унинг фикрича, бу каби аксарият камчиликлар фақат Қашқадарё вилоятигагина хос эмас.

“Ҳар бир ҳудудда минтақаларнинг ижтимоий-иқтисодий тараққиётига халақит бераётган кўплаб муаммолар, ечимини кутаётган долзарб масалалар мавжуд, - дея қўшимча қилди у - Қолаверса, бу муаммоларни фақатгина ҳудудларнинг ўзлари ҳал этолмайди. Уларнинг самарали ҳал этилиши учун соҳага оид марказий идоралар (вазирлик, давлат қўмиталари, агентликлар ва бошқалар)нинг амалий саъй-ҳаракатлари, тегишли масалаларни ҳал этишга бўлган комплекс ёндашуви талаб этилади”.


Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?


Кўп ўқилганлар

Afisha

Президент топшириқлари қандай бажарилмоқда? Мутасаддилар жавоб берадилар

Ёдингизда бўлса, Президентимиз жорий йил 11 январь куни халқ депутатлари Самарқанд вилояти Кенгашининг навбатдан ташқари сессиясида туман ва шаҳар фаоллари мурожаатларини тинглар экан, улар кўтарган муаммоли масалаларни қисқа муддатда ҳал этиш юзасидан мутасаддиларга тегишли топшириқ ва кўрсатмалар берган эди.

05 Февраль 2019