Карантин пайтида чет элда ва онлайн таълим бўйича қабулларни таклиф қилаётган фирмаларнинг фаолияти қонуний эканини қандай ажратиш мумкин?​

15:52 17 Апрель 2020 Жамият
845 0

Бугун АОКА штабида Таълим сифатини назорат қилиш давлат инспекцияси матбуот котиби Феруза Мадраҳимова иштирокида брифинг ўтказилди.

Брифингда муҳим савол ва мурожаатлар юзасидан жавоб қайтарилди.

"Ўқишга қабул жараёни карантин туфайли одатдагидек бўлмаслиги эҳтимоли юқори. Шундай пайтда чет элда ва онлайн таълим бўйича қабулларни таклиф қилаётган фирмаларнинг фаолияти қонуний эканини қандай ажратиш мумкин?" деган саволга матбуот котиби қуйидагича жавоб берди:

"Бугунги кунда юртимизда нодавлат таълим ташкилотлари сони ва йўналишлари ошгани, улар фаолиятини ташкил этишда, халқаро ташкилотлар, хорижий ОТМлари билан фаол ҳамкорлик қилинаётганлигини эътироф этиб ўтиш лозим.

Бироқ айрим ҳолатларда мазкур муассасалар фаолияти, вазифаси ва ваколати билан боғлиқ масалаларнинг НОТЎҒРИ тушунилиши ёки талқин қилиниши сабабли фуқароларимизда айрим нодавлат таълим ташкилотлари ҳақида холис ахборот олишга бўлган эҳтиёж пайдо бўлмоқда.

Аввало, ўқишга қабулни таклиф этаётган хорижий таълим ташкилоти (муассасаси) ўз давлатида таълим фаолияти лицензияланган ва ваколатли орган томонидан аккредитацияланган бўлиши лозим.

Шунингдек, Ўзбекистонда ҳам олий таълимни таклиф қилаётган нодавлат таълим муассасаси лицензияга эга бўлиши керак.

Нодавлат таълим ташкилотларига лицензия бериш Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Таълим сифатини назорат қилиш давлат инспекцияси томонидан амалга оширилади.

Шуни ёдда тутиш муҳимки, тегишли лицензияга эга бўлмаган ёки белгиланган тартибда аккредитациядан ўтмаган таълим ташкилотлари томонидан берилган олий маълумот тўғрисидаги дипломлар нафақат Ўзбекистонда, балки бошқа давлатлар томонидан ҳам ТАН ОЛИНМАЙДИ!"

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?