Карантин чўзилиб кетса, қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари етишмовчилиги юзага келмайдими?

18:17 17 Апрель 2020 Жамият
722 0

Бугун АОКА ҳузуридаги штабда Қишлоқ хўжалиги вазири ўринбосари Саидкамол Хўжаев иштирокида ўтказилган брифингдан муҳим саволларга батафсил жавоб берилди.

Савол: Баҳорги меваларни ички бозорларга етказиш ва хорижга экспорт қилишда карантин таъсир қилмайдими?

Жавоб: Йўқ. Ўзбекистон қишлоқ-хўжалиги маҳсулотларининг асосий харидор давлатлари — Россия, Қозоғистон, Қирғизистон, Беларусь, Украина ва бошқа давлатлар бу маҳсулотлар киришига чегараларини ёпгани йўқ ва маҳсулотлари импортига қўшимча енгилликлар киритилди.

Коронавирус пандемияси таъсирида юзага келган глобал иқтисодий инқироз шароитида экспортчилар ва тадбиркорларда юзага келаётган муаммоларни зудлик билан бартараф этиш мақсадида, Қишлоқ хўжалиги вазирлиги ҳузурида 24/7 режимида узлуксиз фаолият юритувчи қишлоқ хўжалик маҳсулотларини ишлаб чиқарувчиларни қўллаб-қувватлаш штаби ва “Call centerlar” ташкил этилган.

Ишонч телефони: 71 260 36 87, 71 260 48 73.

Штаб томонидан, тадбиркорларда етиштириш, экспорт қилиш ва ички бозорларга етказиш фаолиятини барқарорлигини таъминлаш бўйича юзага келаётган масалаларга тезкор ечимлар топиш учун тегишли вазирлик ва идоралар билан ҳамкорликда барча зарур чора-тадбирлар кўрилмоқда.

Савол: Картошка танқислиги вужудга келмаслиги учун қандай чоралар кўриляпти?

Жавоб: Республикамизда картошка тақчиллиги (45-50 минг тонна ойига) асосан март-апрель ойларига тўғри келади.

2020 йилда республика бўйича асосий ва ғалладан бўшайдиган такрорий ҳамда томорқа хўжаликларида жами 130 минг гектар майдонда 2,9 млн. тоннага яқин картошка ишлаб чиқариш прогноз кўрсаткичлари белгилаб олинди. Йил давомида ички истеъмолни тўлиқ қоплашга етади.

Савол: Карантин чўзилиб кетса, қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари етишмовчилиги юзага келмайдими?

Жавоб: Йўқ, ҳеч қандай етишмовчилик бўлмайди.

Чунки жанубий вилоятлардаги миришкор деҳқонларимиз далаларида апрел ойидан бошлаб озиқ-овқат маҳсулотлари ички бозорларимизга етказиб берила бошлади.

Шунингдек, республиканинг барча ҳудудларидаги иссиқхоналарида помидор, бодринг, ширин қалампир ва бақлажон маҳсулотлари узлуксиз ички ва ташқи бозорларга етказиб берилмоқда. Бугунги кунда республика ҳудудларида қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини етиштириш ҳажми кундан-кунга ортиб бориши натижасида ички ва ташқи бозорларга сифатли озиқ-овқат маҳсулотлари етказиб берилади.

Тиббий меъёрлар бўйича аҳолини мева-сабзавотларга бўлган талаби 10 млн 300 минг тоннани, шундан картошка 1 млн 784 минг тн, сабзавотлар 4 млн 440 минг тн, мевалар 2 млн 479 минг тн, узум 593 минг тн, полиз маҳсулотлари 583 минг тн, дуккаклилар 115 минг тн, гуруч 332 минг тоннани ташкил этади.

2020 йилда 24,8 млн. тонна (2019 йилга нисбатан 125 фоиз кўпроқ) 88 турдаги мева-сабзавотлар, шундан 42 турдаги 12,9 млн тонна сабзавот, 5 турдаги 2,5 млн тонна полиз, 3,5 млн тонна картошка, 27 турдаги 3,3 млн тонна мевалар, 3 турдаги 1,9 млн тонна узум, 4 турдаги 630 минг тонна дуккакли ва 6 турдаги 139 минг тонна мойли маҳсулотлар етиштириш белгилаб олинди.

Аҳоли талаби ва экспорт имкониятларини ҳисобга олиб етиштирилган маҳсулотларнинг 10,3 минг тоннаси аҳоли истеъмолига, 3,2 млн. тонна қайта ишлашга ва 2,3 млн. тоннаси экспортга йўналтирилади.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?