Канада компанияси Самарқандда йирик қуёш фотоэлектр станцияси бунёд этади

15:16 17 Июль 2018 Иқтисодиёт
370 0
Фото: SkyPower Global

Мамлакатимизда электр энергиясига бўлган талаб 2030 йилда икки баробар ошиб, қарийб 120 миллиард киловатт/соатга етиши кутилмоқда. Иқтисодиёт ривожи, аҳоли сонининг ўсиши ва турмуш даражаси яхшиланиши каби омиллар бу жараённи янада тезлаштириши, табиий. Аммо электр токи ишлаб чиқаришда фойдаланилаётган углеводород захиралари кун келиб тугаши аллақачон тасдиғини топган. Бу эса ёқилғининг муқобил йўлларини излаб топиш, қайта тикланувчи ресурслардан кенгроқ фойдаланишни тақозо қилаётир.

“Ўзбекэнерго” акциядорлик жамиятидан маълум қилишларича, ўлкамиз табиий-иқлим шароити, географик жойлашувидан келиб чиқиб, хорижлик ҳамкорлар кўмагида энергетиканинг янги йўналишларини ўзлаштириш саъй-ҳаракатлари бошлаб юборилган.

Айтайлик, германиялик мутахассислар томонидан Қорақалпоғистон Республикаси, Хоразм ва Навоий вилоятларида мунтазам эсиб турадиган шамол йўллари аниқланди. Бу эса умумий қуввати 3000 МВтлик шамол электр станциялари қурилиши бўйича лойиҳалар ишлаб чиқишга туртки бўлди. Уларнинг дастлабкисини қуввати 100 МВтга тенг. Мазкур иншоот “Siemens” компанияси томонидан Зарафшонда бунёд этилади.

“Бундан ташқари, кўплаб хусусий компаниялар Навоий, Сурхондарё, Наманган ва бошқа вилоятларда қуввати 2000 МВтлик қуёш электр станцияларини қуриш таклифини билдиришмоқда. Таклифлар жамиятимиз ҳамда бошқа масъул идоралар томонидан кўриб чиқиляпти. Ушбу йўналишдаги энг йирик лойиҳа ижросига, ҳадемай, Самарқанд вилоятида киришилади. Умумий қуввати 1000 МВтга тенг мазкур қуёш фотоэлектр станциялари Канаданинг “SkyPower Global” компанияси томонидан барпо этилади“, - дейди “Ўзбекэнерго” АЖ масъул ходими Абдурашид Мирзаев.


Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?


Кўп ўқилганлар