Кан Гён Хва: «Кореяликлар ўзбек халқининг бой маданияти ва урф-одатларини юксак қадрлайди»

11:47 19 Апрель 2018 Сиёсат
467 0

Ўзбекистон билан Жанубий Корея ўртасидаги алоқалар барча соҳада изчил ривожланиб бормоқда. Халқларимизнинг менталитети, маданияти бир-бирига ўхшаш. Юртимизда яшаётган корейс диаспораси мамлакатимиздаги кўплаб бошқа миллат вакиллари қатори тинч-тотув ва фаровон ҳаёт кечириб, Ватанимиз равнақига муносиб ҳисса қўшиб келаётир.

Мамлакатимизда ташриф билан бўлиб турган Корея Республикаси ташқи ишлар вазири Кан Гён Хва хоним ЎзА мухбирига қуйидагиларни гапириб берди:

— Аввало, самимий қабул учун Президент Шавкат Мирзиёевга миннатдорлик билдираман. Ўзбекистон раҳбари билан суҳбатимиз ғоят мазмунли бўлди, конструктив руҳда ўтди.

Кейинги йилларда мамлакатларимиз ўртасидаги муносабатлар изчил ривожланиб бормоқда. 2017 йил 22 — 25 ноябрь кунлари Президент Шавкат Мирзиёевнинг Корея Республикасига давлат ташрифи ҳамкорликни сифат жиҳатидан янги босқичга кўтарди. Икки давлат раҳбарларининг ички ва ташқи сиёсат масалаларига ёндашув ва қарашлари ўхшаш, улар минтақавий тинчлик ва барқарорликни таъминлаш борасида ҳамфикрдир.

Мазкур ташриф давомида давлат раҳбарлари икки томонлама ҳамкорликнинг уч муҳим йўналиши — олий даражадаги мулоқотларни янада фаоллаштириш, икки томонлама ҳамкорликни ривожлантириш учун қулай шароитлар яратишга қаратилган меъёрий-ҳуқуқий базани такомиллаштириш, амалий шерикликнинг соҳа ва йўналишларини диверсификация қилиш юзасидан келишиб олди.

Шунга асосан, жорий йил февраль ойида Корея Республикаси Бош вазири ўринбосари, стратегия ва молия вазири расмий ташриф билан Ўзбекистонда бўлди ва Тошкентда янги форматда илк бор ташкил қилинган савдо-иқтисодий ҳамкорлик масалалари бўйича қўшма ҳукуматлараро учрашувда қатнашди. Бу каби анжуманлар икки томонлама алоқаларни янада юқори босқичга кўтаришда муҳим қадам бўлмоқда.

Шуни алоҳида таъкидламоқчиманки, Корея Республикаси ташқи ишлар вазири Ўзбекистонга кейинги ўн бир йилда илк бор ташриф буюрмоқда.

Ўзбекистонга сафар асносида корейс миллати вакиллари билан ҳам учрашдик. Улар ўзбек халқи Кореяни, корейс маданиятини юксак қадрлашини таъкидлашди. Биз эса Жанубий Кореяда ўзбек халқининг бой маданияти ва урф-одатлари юксак қадрланишини қайд этдик. Бундай омиллар икки томонлама муносабатларнинг бугунги ҳолати аъло даражада эканидан далолат беради.
Музокаралар давомида мамлакатларимиз давлат ва жамият ҳаётининг барча соҳасини ислоҳ қилиш, аҳоли фаровонлиги ва турмуш даражасини ошириш, минтақаларимизда тинчлик ва барқарорликни мустаҳкамлаш масалаларида ишончли ҳамкор эканига яна бир бор амин бўлдим.

ЎзА мухбири 
Умар АСРОРОВ
ёзиб олди.


Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?


Кўп ўқилганлар