Камолотга етакловчи беш ташаббус

16:51 07 Февраль 2020 Жамият
247 0

Бугунги кунда мамлакатимиз аҳолисининг 30 фоизини 14 дан 30 ёшгача бўлган ёшлар ташкил этади.Келажагимиз эгалари ҳар томонлама соғлом, билимли, етук, бир сўз билан айтганда, тараққиётимизга хизмат қиладиган авлод бўлиши, замонавий билим, касб-ҳунарларни, ахборот технологияларини пухта эгаллаши учун замонавий шароит ва имкониятлар яратилган. Шу билан бирга, ёшларнинг бўш вақтини мазмунли ўтказишни ташкил этиш долзарб масала ҳисобланади.

2019 йилда мамлакатимизда ёшлар сиёсати бўйича давлатимиз раҳбари томонидан тарихий аҳамиятга эга ташаббус, яъни ижтимоий, маънавий-маърифий соҳалардаги ишларни янги тизим асосида йўлга қўйиш бўйича 5 та муҳим ташаббус илгари сурилди. 2019 йилнинг 30 сентябрида Ўзбекистон Республикаси Бош вазири томонидан “Ўзбекистон Республикаси Президентининг 5 та ташаббуси бўйича имплементация стратегиясини жорий этиш бўйича чора-тадбирлар режаси” тасдиқланди.Мазкур Режанинг 9-10-банди ижросини таъминлаш мақсадида Ўзбекистон Бадиий академияси Бадиий ижодкорлар уюшмаси томонидан “Рассом устахонасида меҳмонда” лойиҳаси ҳамда “Ўзбекистон манзаралари“ акцияси йўлга қўйилди.

Маълумки, Биринчи ташаббус ёшларнинг айнан мусиқа, рассомлик, адабиёт, театр ва санъатнинг бошқа турларига қизиқишларини оширишга, истеъдодини юзага чиқаришга,фарзандларимизни санъатга ошно қилиб, юксак дид соҳиби этиб тарбиялашга хизмат қилади.Шунинг баробарида тасвирий санъат, шубҳасиз, инсонни, борлиқни англашга, унинг бор жозибадорлигини ҳис этишга ўргатувчи, эзгуликка чорловчи, инсон руҳиятига беқиёс ижобий таъсир этувчи қудратли кучдир. Ўзбекистон Бадиий академияси тизимида мазкур йўналишда белгиланган вазифалар“Рассом устахонасида меҳмонда” лойиҳаси ҳамда “Ўзбекистон манзаралари“ акцияси доирасида муваффақиятли амалга ошириб келинмоқда.

“Рассом устахонасида меҳмонда” лойиҳасидан кўзланган мақсад — асосан номутахассис ёшлар аудиториясини санъат турларига жалб қилиш, хусусан, тасвирий ва амалий санъатга бўлган қизиқишини уйғотиш, уларда эстетик дидни шакллантириш, касбга йўналтириш, истеъдодини юзага чиқариш ва қўллаб-қувватлашдан иборатдир. Лойиҳада мактабгача таълим, халқ таълими ва олий таълим муассасалари тарбияланувчи ва ўқувчи-талабалари учун ижодкорларнинг шахсий устахоналарида ижодий учрашув ҳамда маҳорат дарслари ташкил этилиши кўзда тутилган.

Шу ўринда таъкидлаш керакки, мазкур лойиҳа доирасида ўтказилаётган ижодий учрашувларнинг айнан рассомлар устахоналарида ташкил этилиши бежиз эмас. Ёшларга ҳақиқий ижодий муҳитни кўрсатиш орқалигина тасвирий санъат оламини англашлари учун янада кенгроқ имконият яратишга, ушбу касбга бўлган чин маънодаги муҳаббатни уйғотишга эришиш мумкин.

Ушбу лойиҳа доирасида республикамиз ҳудудларидаги мактабгача таълим муассасалари тарбияланувчилари, умумтаълим мактаблар ўқувчилари ва турли соҳадаги олий таълим муассасалари талабалари учун Ўзбекистон Бадиий ижодкорлар уюшмасига аъзо таниқли устоз ижодкорлар, академик рассомлар иштирокида маҳорат дарслари, ижодий учрашув ва мулоқотлар ташкил этилди. Улкан ижодий тажрибага эга мураббий мўйқалам усталари томонидан олиб борилган машғулотларда ёшлар тасвирий санъатга оид фикрларни тингладилар, ўз тасаввурларини бойитдилар. Қолаверса, ўзлари танлаган мавзуларни рангларда акс эттиришда маҳорат мактабини ўтадилар.

Лойиҳа амалиётга кўчгач, хайрихоҳлар тобора ортиб бораётгани кузатилмоқда. Мисол учун, 2019 йилнинг октябрь ойида лойиҳа иштирокчилари 280 нафарни (улардан 10 фоизи номутахассислар), ноябрь ойида 493 нафарни (улардан 49 фоизи номутахассислар) ва декабрь ойига келиб эса 520 нафарни (улардан 70 фоизи номутахассис) ташкил этди. Ушбу кўрсаткичлар, октябрь ойига нисбатан декабрда 60 фоизга ошганидан далолат беради. 2020 йил 25 январь ҳолатига лойиҳа доирасида ёшлар ва мўйқалам усталари ўртасида Сурхондарё вилоятида 1та, Самарқанд вилоятида 2та, Тошкент шаҳрида 4та, Сирдарё вилоятида 1та, Қашқадарё вилоятида 1та, Наманган шаҳрида 1та учрашув ўтказилди. 

5 та муҳим ташаббус доирасида ўтказиб келинаётган яна бир лойиҳа бу “Ўзбекистон манзаралари” акциясидир. Акцияни ўтказишдан кўзланган мақсад — амалий санъат усталари ва рассомлар иштирокида юртимизнинг манзарали жойларида пленэрлар ташкил этилиб, табиат манзараларини тасвирлаш ва яратилган асарларни туризмни ривожлантириш бўйича нашр этиладиган альбом учун тавсия этишдан иборат. Мазкур акциянинг ҳам кўрсаткичларига назар солинадиган бўлса, октябрь ойида 2 та вилоятда, ноябрь ойида 5 та вилоятда, декабрь ойида 10 та вилоятда пленэрлар ташкил этилиб, бетакрор Она Ватанимизнинг сўлим гўшалари рассомларимиз асарларида ўз ифодасини топди.

2020 йилнинг 17 январь куни Ўзбекистон Бадиий академияси Марказий кўргазмалар залида мазкур акция давомида яратилган асарлардан ташкил топган ҳисобот кўргазма ўтказилди.

Кўргазма экспозициясидан таниқли рассомлар ва иқтидорли ёш рассомлар томонидан 2019 йилнинг сўнгги уч ойи мобайнида юртимизнинг турли гўшаларига уюштирилган пленэрларда она Ватанимизнинг сўлим гўшалари тасвирланган асарлар муносиб ўрин эгаллади. Лойиҳанинг яна бир аҳамиятли жиҳати шундаки, сараланган асарлар мамлакатимизда туризмни ривожлантириш бўйича нашр этиладиган альбом учун тавсия этилади.

Ҳар икки лойиҳа 2020 йил охирига қадар давом этади.


Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?


Кўп ўқилганлар

Afisha

Муштарийлар учун ажойиб янгилик!

Юқоридаги суратда бунинг учун нима қилиш лозимлигини томоша қилишингиз мумкин.

09 Декабрь 2019