Кам таъминланган 20та оилага уйлар тақдим этилди

12:25 08 Май 2019 Жамият
544 0

Қарши шаҳридаги Кат маҳалласида 20 нафар ногиронлиги бўлган, кам таъминланган фуқарога янги уй-жой калитлари ва совға-саломлар топширилди.

Тадбирда Қашқадарё вилояти ҳокими Зафар Рўзиев сўзга чиқди. Унда таъкидланганидек, Президентимиз Шавкат Мирзиёев ташаббуси билан амалга оширилаётган кучли ижтимоий ҳимоя сиёсати самарасида мамлакатимизда уйсиз, кам таъминланган, ногирон ва боқувчисини йўқотган оилалар замонавий уй-жойларга кўчиб ўтиб, бахтли ҳаёт кечирмоқда.

Қарши шаҳридаги “Қарлиқбоғот” маҳалла фуқаролар йиғини ҳудудида яшовчи Лобар Усмонова турмуш ўртоғи вафотидан сўнг уч нафар ёш фарзанди билан қийналиб қолди. Бунинг устига қайнотасиникида, жами 4 оила бир хонадонда яшашга мажбур эди. Икки ўғли эндигина мактабга бора бошлаган. Кенжасига эса ҳали она тарбияси зарур. Бу эса ишлаш имконини бермасди. Хонадон бекасига янги уй-жой калитининг топширилгани ушбу оила ҳаётида бахтли кунларни бошлаб берди.

– Бугун мен жуда бахтиёрман, айниқса, фарзандларим хурсанд бўлишди, – дейди Л.Усмонова. – Насиб этса, бу уйда янги ҳаёт бошлайман. Биз каби эҳтиёжманд оилаларнинг ҳолидан хабар олганлардан бағоят миннатдормиз. Илгари уй-жой масаласида кўп бора мурожаат қилгандим, лекин ҳеч натижа бўлмаган. Мана, ҳақиқат бор экан. Ниҳоят бизнинг аҳволимиз ўрганилиб, уй ажратилди. Бу ҳаётимизни, фикримизни ўзгартирди. Бизга кўрсатилган бу эътиборни, албатта, оқлаймиз. Ёнимиздаги тикувчилик цехида ишлаб, бахтли ҳаёт кечиришни ният қилдим.

Дарвоқе, янги хонадонларга эга бўлган фуқароларнинг ишлаб, меҳнат қилишлари учун маҳаллада тикувчилик ва мебель цехи фаолияти ҳам йўлга қўйилди. Бу албатта, ногиронлиги бўлган ва кам таъминланган оила эгалари мана шу цехларда ишлаб, ўз хонадони фаровонлигини ўзлари яратади, демакдир.

Янги уйларнинг ишга туширилиши маҳалла аҳли учун катта шодиёна, байрамга айланди. Тадбир ташкилотчилар томонидан уйга эга бўлган оилаларнинг 35 нафар фарзандига ўқув-қуроллари ва бошқа қимматбаҳо совғалар ҳам берилди. Таниқли санъаткорлар ижросидаги куй-қўшиқлар байрамга ўзгача шукуҳ бағишлади.

А. Муҳаммадиев


Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?


Кўп ўқилганлар

Afisha

Президент топшириқлари қандай бажарилмоқда? Мутасаддилар жавоб берадилар

Ёдингизда бўлса, Президентимиз жорий йил 11 январь куни халқ депутатлари Самарқанд вилояти Кенгашининг навбатдан ташқари сессиясида туман ва шаҳар фаоллари мурожаатларини тинглар экан, улар кўтарган муаммоли масалаларни қисқа муддатда ҳал этиш юзасидан мутасаддиларга тегишли топшириқ ва кўрсатмалар берган эди.

05 Февраль 2019