Кафтдек ерга жойлашган миллионлар

17:04 10 Март 2020 Жамият
138 0

Фарғоналиклар боғ парваришлаш ва деҳқончилик бобида азалдан ўзига хос мактаб яратган. Улар жуда миришкор. Бугун Қува-Фарғона,Қува- Марғилон катта йўл ёқалари, Қува-Шахрихон-Марҳамат катта магистралида яратувчанлик мўъжизаларига гувоҳ бўласиз.

Уруғни ерга қадаб, парваришлаб, пайвандлаб, мевали кўчатга айлантириш учун деҳқондан катта сабот, меҳнатга ижодкорона ёндашув талаб этилади. Катта йўл бўйида жойлашган Намуна ҚФЙ тасарруфида Янги чек, Турк, Терактаги,Пахтаобод каби маҳалла хонадонларида кўчат савдоси авж паллага кирди. Туманнинг Ўзбек қишлоғида кўчат бозори ташкил этилган. Мозортаги, Бойистон(номи шундай) қишлоқларининг миришкорлари етиштирган мевали, манзарали кўчатлар, гул ниҳолчаларига харидорлар оқими узилмайди.

Кўклам кунларида кўчатчи миришкорларининг қўли-қўлига тегмайди. Терактаги қишлоғилик Салоҳиддин Солиев бундан беш йил аввал ташландиқ, деҳқончиликда фойдаланилмайдиган ерни олиб эзгу ният билан умид ниҳолларини қадаган эди. Бугун эса унинг кўчатлари бутун мамлакат бўйлаб тарқатиляпти.

Сарвар Отамуродов 6 сотихлик ерида 12 минг туп арча кўчатлари етиштирди. Наврўз арафасида 7 минг 600 дона гул, 3 минг 220 туп арча кўчатлари харидорларга етказиб берилди. Кўчатчилар сулоласининг учинчи авлоди бўлган бу соҳибкор атиргул етиштиришда ҳам катта маҳоратга эга. Бир тупда уч-тўрт хил рангда очиладиган анвойи атиргуллари Россия, Қозоғистон давлатларигача етиб борди.

Солиҳа ая Отабоева кексалик гаштини меҳнатга боғлаб сураётган онахонлардан. Оила аъзоларини кўчатчиликка жалб қилиб 16 сотих ерда мева ниҳоллари парваришлашни йўлга қўйган. Жойларга бир кунда 2 минг туп кўчат етказиб беряпти.

–Ҳудудимизда 800 хонадон мавжуд. Деярли барчаси кўчатчилик билан шуғулланишади, – дейди Қорақум МФЙ фаоли Эгамберди Раҳмонов. –Маҳалланинг бу соҳада бир асрдан зиёд тажрибаси бор. Тошлоқ, ярим адир ерларда парваришланган мевали, манзарали кўчатларнинг 10-15 минг донаси ҳар куни республикамиз вилоятларига олиб чиқиб кетилади. Бундан икки ярим йил аввал ака-ука Абдуғани ва Ғайрат Мамадалиевлар 2 гектар ерни ўзлаштириб кўчат етиштиришга киришишди. Бугунга келиб уларнинг кўчатлари харидоргир. Бир мавсумнинг ўзида 15-20 миллион сўмлик даромадга эга бўляптилар. Ана шу ака-укалардек саховатпешаларнинг кўмаги билан яқинда “Мозортаги” қабристони деворлари янгиланиб ҳудуд янада ободонлаштирилди.

Эрта баҳорда туман ҳудудидан ўтувчи катта магистрал йўлнинг ҳар икки томонига кўчат етиштирувчи хонадонлар томонидан 600 туп манзарали ва 300 дан ортиқ турли хил гул кўчатлари хайрия қилиниб, ҳашар йўли билан экилди.

Қувалик миришкор тадбиркорларнинг Ҳисоб-китобларига кўра,жорий йил туманда 30 миллион туп мевали ва манзарали кўчатлар етиштирилмоқда.

Қува йўлларида саф тортган олма, анор, ўрик, нок, шафтоли, беҳи, гилос, бодом, ёнғоқ каби сархил мева кўчатлари савдосига чорловнинг ҳам ҳожати йўқ. Уларни кўрган одамнинг кўнглига боғ яратиш ишқи тушиб қолади. Атиги кафтдек ери учун ҳам бир туп ниҳол сотиб олади. Умид билан ерга қадайди. Аслида кўкламнинг гашти ҳам шунда.

Элёржон ЭҲСОНОВ,

“Халқ сўзи” мухбири.


Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?


Кўп ўқилганлар

Afisha

Муштарийлар учун ажойиб янгилик!

Юқоридаги суратда бунинг учун нима қилиш лозимлигини томоша қилишингиз мумкин.

09 Декабрь 2019