Йўл азоби…ёхуд ўзавтойўллардаги муаммолар

22:18 05 Февраль 2019 Жамият
846 0

Иллюстратив фото

Катталаримиз бекорга йўлга чиқаётган пайтимизда “Йўлинг бехатар бўлсин”, “Аллоҳим паноҳида асраб, йўлда йўлдошинг бўлсин” дея дуолар қилишмаган. Ахир олис манзилларимизни яқин қиладиган йўлдир. Йўл қурган одамга қанча савоб ёзилиши ҳам муқаддас китобларимизда келтирилган. Бугунги кунда жаҳон стандартларига жавоб берадиган йўлларни қуриш замон талабига айланмоқда. Хўш бу борада мамлакатимизда қандай ишлар амалга оширилмоқда?! Яширмаймиз, охирги беш-олти йил ичида автотранспорт йўллари кўзимизни қувонтирадиган бўлди. Манзилларимизга хотиржам ва хавфсиз етиб олишга ишончимиз ошди.

Ҳар яхшининг бир аммоси, ҳар ёмоннинг бир лекини бўлганидек йўлларимизда муаммолар ҳам етарлича. Муаммоларнинг қачон ҳал бўлишига аниқ ижобий жавоб беролмаймиз. Бунга 2018-йил давомида йўлдаги автоҳалокатларни ҳам мисол келтиришимиз мумкин. Ўтган йилда 6236 та йўл транспорт ҳодисаси юз берган ва оқибатида 2262 та киши ҳалок бўлган, 8458 та киши тан жароҳати олган (бу ҳақида ИИВ матбуот хизмати хабар қилган). Бу бир кунда 6 та киши автоҳалокат туфайли вафот этиши демакдир. Айнан ушбу автоҳалокатларнинг асосий қисми Сурхондарё, Қамчиқ довони (Водий перевал), Жиззах вилояти ва Бухоро вилоятининг “Ромитан” йўлларида юз берган. Қайд этиш жоизки, шаҳарлараро трассаларда мунтазам равишда автомашиналарнинг қарама-қарши йўналишга чиқиб кетиши оқибатида йўл транспорт ҳодисалари содир бўлади. Хўш бундай кўрсаткичга нима сабаб бўлмоқда?!

Таъмирдан чиққан “таъмирталаб” йўллар…

Кузатганмисиз нега йўлларимиз таъмирдан тез чиқадию, аммо узоқ вақтга чидамайди?! Ахир битта йўлни қуриб битказиш учун оз-мунча харажат кетадими?! Йўлларимиздаги таъмирлаш ишлари ҳечқачон тугамайдигандек туйилади. Қайси вилоятга сафарга бормайлик километрларга чўзилган, бузилаётган ёки тузатилётган йўл устидан чиқамиз. Қарабсизки бу йўллар аслида янги қуриб битказилган йўлнинг қайта таъмири бўлиб ҳисобланади. Нега бизга йўллар “чидамайди”?! Аслида муаммо бизда эмаслигини яхши биламиз.

Архив фото: Ҳаким Йўлдошев / “Халқ сўзи”

Биргина Қамчиқ довонидаги катта магистрал йўлининг 8 километри мана неча йилдирки ҳанузгача реконструкция ишлари қуриб битказилмаган. Ахир водий билан Тошкентга “кўприк” бўлган ягона катта йўлимиз шу эмасми?! Бу ерда республикамизнинг 30% дан ортиқ аҳолиси истиқомат қилади. “Водий перевал” десак тўрт фаслда ҳам қор кетмайдиган қайсар тоғлари ва ҳеч қуриб битказилмайдиган чуқурликларга тўла “равон” йўллари кўз олдимизга келади. Телефонимизга ФВВдан келадиган тинимсиз СМС хабарлар ҳам айнан кўпчилиги Қамчиқ довонидаги йўллардан огоҳлантиришдир.

Д.Собиров (ҳайдовчи): - Тошкент-Андижон йўналишида кўп йиллардан бери ҳайдовчилик қиламан. Тирикчилигим шундан ўтади. Лекин ҳар доим йўлга чиққанимда “юрагимни қўлимга ушлаб” кетаман. Чунки Қамчиқ довонида изи кўринмас тирбандлик билан бир қаторда йўлнинг нотекислиги, чуқурликлардан қочиш оқибатида уч марта автоҳалокатга учраганман. Аллоҳнинг омонатларини ўз манзилига омон етказиш учун қанча эҳтиёткор бўлмайин, аммо муаммо фақат ўзимда эмас. Бу бўйича “Ўзавтойўл” АКга водийлик таксичилар билан жуда кўп мурожаат қилганмиз. Таъмирлаб берилади деган жавобдан бошқасини ололмадик.

Архив фото: Ҳаким Йўлдошев / “Халқ сўзи”

Бу муаммолар фақатгина Қамчиқ довонида эмас балки, республикамизнинг кўп жойларида учрайди. Масалан, Сурхондарё, Жиззах, Бухоро вилоётларида ҳам шаҳарлараро катта магистрал йўлларда айнан шунга ўхшаш муаммоларга дуч келинади. Ижтимоий тармоқларда тарқалган Жиззах ва Бухоро вилоятидаги аянчли автоҳалокатларни мисол сифатида келтиришимиз мумкин. Ўтган йили апрел ойида Жиззахда бўлган автоҳалокат туфайли 8 кишининг вафот этганлиги ҳақида хабарлардан ҳалигача ўзимизга келганимиз йўқ. Энг ачинарлиси бу фожеаларнинг олди олиниши ўрнига, бахтсиз ҳодислар ҳақида хабарларни кўп эшитамиз.

Бухоро вилоятидаги “Ромитан” магистрал йўли. Бу йўлдаги муаммолар ҳақида ҳайдовчи оға биланТошкентдан Қорақалпоқгача суҳбатлашиб кетса бўлади. Қорақалпоқ, Хоразм ва Бухоро диёрини бирлаштириб турадиган бу йўлда автомобилда ҳаракатланишнинг ўзи бўлмайди. 70 километрга чўзилган чуқурлик ва нотекисликларга тўла йўлда йўл қоидаларига амал қилиб юришнинг ўзи қийин. Номига қилинган таъмирлаш ишлари ва йиллар давомида “ойни этак билан ёпиб” келинган бу йўлни яна неча йил шу ҳолида кўрар эканмиз?! Ўзимиз ўзбекчилик деб йўлнинг уёғи-буёғидан йўл топиб ўтаверармиз. Юртимизга келган чет эллик сайёҳлар нима қилсин?! Ахир уларни биринчи қизиқтирадиган жойлар Самарқанд, Бухоро, Хива каби тарихий шаҳарларимиз эмасми?! Ёки шу нотекис йўллардан қочиб, ҳаракатланишни ўргатадиган алоҳида қўлланма тайёрлармиз, балки!!!

Ортиз Нетали (испаниялик сайёҳ): – Ўзбекистон ҳақида ишхонамадаги ҳамкасбимдан эшитганман. Бу ердаги тарихий шаҳарлар мени қизиқтириб қўйган. Ўзим ҳам Марказий Осиё давлатларига келишни ҳоқладим. 2018-йилда Самарқанд, Бухоро, Хива шаҳарларида бўлдик. Орол денгизини ҳам кўрмоқчимисиз. Аммо биз жуда чарчадик, поезд ёки самолётга чипта олмаган эдик. Чунки енгил машинада саёҳат қилиш қулай деб ўйладик. Аммо йўлларда жуда қийналдик.

Тошкент-Термиз магистрал йўли. Шахсан ўзим бу йўллардан шикоят қилиб Сурхондарёга узатилган дугонамнинг тўйига борганим учун қанча “миннат” қилганман. Тўйга бораётганим эсимдан чиқиб, фақат жонимни омонлигини тилаб борганман манзилимгача. Ғузор ва Деҳқонобод йўллари ҳеч таъмирдан чиқмайдигандек туйилади. Айниқса, Оқробот, Бойсун, Олтинсой йўллари шаҳарлараро йўлларни бирлаштиради. Бу йўллардаги муаммолар, аҳолининг тинимсиз мурожаатлари ОАВ юзларига қанча олиб чиқилишига қарамай, аммо муаммо муаммолигича қолмоқда. Хўш бу муаммоларга қачон ечим топилади?!

Йўлларимизнинг жаҳон стандарт талабларига жавоб бермаслигига “хўрозқанд чет элники бўлса…” деган мақол ҳам ёдимга тушади. Чунки бу катта магистрал йўлларни айнан чет эллик компаниялар билан ҳамкорликда қилинганлиги, йўл қуриш ёки таъмирлаш бўйича тендерларда ўзимизнинг тадбиркорлардан кўра уларнинг қўли баланд келганлиги ҳеч кимга сир эмас. Натижада сифатсиз, талабга жавоб бермайдиган йўлларни қуриб, ўз давлатларига “йўлимизни ярим” қилиб кетябди. Ўзимизнинг тадбиркорларнинг бўлса, катта магистрал йўллар қуришга техникаларининг етишмаслиги катта муаммолигича қолмоқда. 2018—2022-йилларда Ўзбекистон Республикасида йўл ҳаракати хавфсизлигини таъминлаш консепцияси тасдиқланганидан хабаримиз бор. Балки, ўзгаришлар энди бошланар…

Йўл белгилари йўлни аниқ кўрсатадими…

Биламан, ҳозир йўл белгиларидаги муаммоларни санаб ўтяпсиз. Кўпчилигимиз йўл белгилари ва йўлларда жой номлари ноаниқлиги сабаб қийинчиликларга дуч келганмиз. Йўл белгиларининг камлиги, борларининг ҳам ноаниқ тартибда жойлашганлиги (масалан, дарахтларнинг тагида, уйларнинг деворларига жойлашиши) оқибатида автоҳалокатлар ҳам талайгина. Йўл номларининг тўғри ёзилмаганлиги ва статистикадаги номлари билан бир хилмаслиги сабаб йўлларда кўп адашамиз. Масалан, юртимизга келган сайёҳлар кўпинча автомобилда саёҳат қилишни яхши кўради. Чунки йўл-йўлакай манзараларни томоша қилиш, ўзи кўрмаган жойларни хоҳласа тўхтаб кетиш кимни ҳам қизиқтирмайди дейсиз. Аммо уларнинг харитасидаги йўл номлари билан “пештахта”га илинган жой номлари бошқа-бошқа чиқиб келади. Натижада саёҳат қиламан деб келган сайёҳларимизнинг саёҳати йўл излаш билан ўтади. Йўл белгиларини тўғри ўрнатиш шунчалик қийинмикан деб ўйлаб қоласан киши. Чунки баъзи йўл белгилари шунчалик кулгули, оқибати қайғули жойлаштирилган. Масалан, йўл белгилари дарахт турган бўлса дарахтдан кейин жойлаштирилган ва йўлда келаётган ҳайдовчи “дарахтнинг ортига яшириниб турган белгини” кўрмасдан қоидани бузади. Умуман йўл белгилари ва йўлда жой номларини жойлаштиришга ким жавобгар?!

Йўлни қуриб берса бўлди, харажатини ўзимиз кўтарамиз…

Уйимни соғиниб қишлоққа бораман, шаҳардан олислаганим сари машинада “сакраб-сакраб” кетаман. Бу сакрашларим қувонч ва соғинчдан ташқари йўлнинг нотекислиги, қишлоққа яқинлашганим сайин асфальтлар худди “осмонни булутлар тарк” этаётганидек йўқолади. Нимага кичкиналигимда “баланд пошнали туфли” кийишга қийналганимни энди билябман. Ёмғир бир ёғиб берса борми, лой кўчаларда юришнинг ўзи амримаҳол. Қишлоқ одамларининг самимийлиги, оқкўнгиллигини “йўлни қуриб берса бўлди, йўлга кетадиган харажатларни ўзимиз кўтарамиз” деганларидан билса бўлади. Ахир текис ва асфальтли йўллардан фойдаланишга уларнинг ҳам ҳуқуқлари бор. Истеъмолчилар ҳуқуларини ҳимоя қилиш жамиятлари федерациясига фуқароларнинг мурожаатларида ҳам айнан қишлоқларда йўлларни таъмирлаб беришини сўраб, тегишли жойлардан аниқ жавоб ололмаганлиги туфайли мурожаат қилганларнинг ҳам сони талайгина.

Масалан, Қорақалпоғистон Республикаси, Тахтакўпир туманида яшовчи фуқаро М. Бердақов “Қаратеренг” ОФИда йўлларнинг нотекислиги сабаб автоҳалокатларнинг тез-тез содир этилиши, қиш кунларида авариялар сони икки баробар ошиб кетиши ва маҳаллаларда асфальт йўллар йўқлигини” ўз мурожаатида келтирган. Бундай мурожаатларни минглаб мисол қилишимиз мумкин.

Ҳайдовчи тезликни оширма, уйда сени оиланг кутяпти…

Яхши, талабга жавоб берадиган йўл қуриб берсин унинг “маданияти”га ҳам амал қиламиз дейишга шошилманг. Муаммоларни айтиш ва уни жар солишдан ташқари, ўзгартиришни биринчи ўзимиздан бошлашимиз керак. Ахир автоҳалокатларга фақат йўлнинг нотекислиги сабаб бўлаётгани йўқ. Бугунги кунда жаҳон статистикасига мурожаат қиладиган бўлсак 35 % йўл транспорт ҳодисалари ҳайдовчиларнинг айби билан содир этилар экан. Ҳамма нарсанинг ўз касб этикаси бўлгани сингари йўлда ҳаракатланиш маданияти ҳам бўлади. Ахир ҳайдовчилик гувоҳномасини олиш учун ўқиётганимизда биринчи бўлиб йўл маданиятини ўргатишади. Йўл назоратчиларимиз қанчалик ҳаракат қилмасин, аммо уларни “чув” тушириб кетадиган ҳайдовчиларимиз қанча. “Дадажон тезликни оширманг”, “Болам тезликни оширма”, “Ҳайдовчи сени уйда ойлинг кутябди”, “Омонатни асра” сингари йўл маданиятини тарғиб қилувчи плакатларга кўзи тушиб турсада, аммо уни бузаётганлар талайгина.Йўлларни назорат қиладиган камералар қўйилганидан сўнг, бироз вазият ўзгарди. Лекин доим ҳам инсонийлик бурчимизни камералар белгилаб бермайди. Яна огоҳлантирамиз “ҳайдовчи тезликни оширма, уйингда сени оиланг кутябди”!

“Умид чироғи сўнмасин”…

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2017-йил 14-февралдаги “Йўл хўжалигини бошқариш тизимини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармони ҳамда “Ўзбекистон Республикаси Автомобиль йўллари давлат қўмитаси ва Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Республика йўл жамғармаси фаолиятини ташкил этиш тўғрисида”ги қарорида соҳага оид кўплаб вазифалар белгиланди. Бу фармон ва қарорнинг қабул қилинишини эшитиб кўпчилигимиз хурсанд бўлганмиз. Аммо, ижроси қанчалик амалда бажарилаётганлигига келсак бироз ранжишимизга тўғри келмасмикан?!

Узоғимизни яқин қилувчи, манзилимизга хавфсиз етиб олишимизга сабабчи бўлган йўлларимиздаги муаммолар балки кун келиб ижобий тарафга ўзгарар. Бир оғамиз телевизорда “тўлқинланиб” айтганидек “Навоийдан Тошкентгача мошни думалатса тўсиққа учрамай етиб борадиган йўлимиз бор” деб мақтаниш насиб этсин. Мош думаламаса ҳам, аммо автомобилда хотиржам манзилимизга етиб оладиган йўлларимиз бўлсин. Автотранспорт йўллардаги муаммолар қачон ҳал бўлинишини тегишли ташкилотлардан умумий жавоб билан эмас, амалий ҳаракатлар билан кутиб қоламиз.

Айжамал ЖОЛДАСБАЕВА
Истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя
қилиш жамиятлари федерацияси етакчи мутахассис


Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?


Кўп ўқилганлар

Afisha

Президент топшириқлари қандай бажарилмоқда? Мутасаддилар жавоб берадилар

Ёдингизда бўлса, Президентимиз жорий йил 11 январь куни халқ депутатлари Самарқанд вилояти Кенгашининг навбатдан ташқари сессиясида туман ва шаҳар фаоллари мурожаатларини тинглар экан, улар кўтарган муаммоли масалаларни қисқа муддатда ҳал этиш юзасидан мутасаддиларга тегишли топшириқ ва кўрсатмалар берган эди.

05 Февраль 2019