Йўлнинг эгаси борми? (Фоторепортаж)

23:57 27 Январь 2019 Жамият
747 0

Муаллиф олган сурат.

Сиз Оқдарёнинг Чапаев қишлоғида ҳеч бўлганмисиз? Агар Пастдарғом томонлардан машинада келаётган бўлсангиз, Чархин қишлоғидан чапга, Чапаевга туташтирувчи яқин йўл борлигини асло унутманг. Бу йўл атиги тўққиз, нари борса, ўн икки километрлик масофа.

Тасмадек чўзилган ғадир-будир йўл дастлаб унча узоқ эмасдек туюлади. Лойқа ҳандақлар оҳанрабоси, бульдозер тишларидан қолган излар, харитага ўхшаш йўл ёриқлари қачонлардир “Бу ерларга асфальт ётқизилган” деган статистик маълумотни савол остига қўяди. Йўл шу қадар расво эканки, ҳатто қарши йўналишда келаётган машина устингизга чиқиб кетай, дейди. Энг қизиғи, йўлда учратганим — ҳайдовчилар билан тасодифий ҳангомаларда. Бири йўл Оқдарёники деса, иккинчиси Самарқанд туманиники, яна бири Пастдарғомники дейди...

Зарурат туфайли шу йўлдан Оқдарё тумани марказига шошилинч кетаётгандим. Машинамнинг шинаси ёрилди. “Етиб келдим”, дедим ўзимга ўзим. Бийдай дала.

Шу пайт ортимдан келаётган, сариқ рангга бўялган “Нексия” автомашинаси четроқ жойга тўхтади. Ҳайдовчи йигит оқибатли экан, запас балонимни алиштиргунимча, ёнимдан жилмай, ўз дардини гапира кетди.

— Меҳмонмисиз? — кулимсираб сўрайди у. — Ёрдам керакми?

— Шунақа, — дейман ишимдан бош кўтармай. — Раҳмат, ўзим бир амаллайман. Айтолмайсизми, марказга қанча қолди?

— Уч ярим-тўрт километр атрофида.

— Бу йўл қайси туманга қарайди? — ўсмоқчилаб сўрайман.

— Оқдарё туманига.

— Ие, ахир бу йўлни Самарқанд туманига қарайди, дейишарди-ку?

— Йўқ. Бу ерда рўйхатда турганлар Самарқанд туманига киради, холос.

— Қизиқ. Манави қишлоқлар қандай номланади?

— Йўлнинг бу томони Чақа қишлоқ, нариги томони эса Набоғ...

— Ҳар куни юрасизми бу йўлдан? — қизиқишим ортади менинг.

— 20 йилдан бери, акажон.

— Охирги марта қачон машинангизни таъмирлатгансиз? — синчковлигим ортади менинг.

— Бир ой аввал. Ҳозир яна ремонтталаб.

— Ҳар куни қатнайсизми шу йўлдан?

— Ҳар куни. Иложим йўқ, ака. Бола-чақамни боқишим керак ахир, — суҳбатдошим синиққина жилмаяди.

— Исмингиз нима?

— Камол Ғуломовман.

— Камолжон, наҳотки маҳаллий аҳоли вакиллари, ҳайдовчилар йўл масаласида ҳеч қаерга мурожаат қилмаган бўлсанглар? Лоақал сектор раҳбарлари бордир?! Мутасаддилар дегандек...

— Эй, меҳмон ака, мурожаат қилмаган жойимиз қолмаган, — дейди у беҳафсала, энг аламлиси, ўта ишончсизлик билан қўл силтаб. — Ўтган йилга ваъда қилишганди. Мана, 2018 йил ҳам охири йўқ ваъдалар билан ўтиб кетди. Энди бу йил қийналиб ўтирамизми, дейишди шекилли, биратўла 2020 йилга ваъда беришяпти.

— Билишимча, такси хизмати кўрсатасиз, шекилли...

— Шундай. Кунига давлатга 30 минг сўмдан путёвка пули тўлайман. Бу бир ойда қарийб бир миллион сўм дегани. Ўзим ҳув анави қишлоқда яшайман. Шаҳарда кира қиламан. Эрталаб кетаман, кечки пайт қайтаман. Машинам ҳар чуқурга тушганида, юрагим пўкиллаб кетади...

Балонни алмаштириб бўлгач, йўлнинг аҳволини суратга тушира бошладим. Шу пайт юк ортилган иккита машина кетма-кет зарда билан ёнимга тўхтади.

— Ака, менинг исмим Хайдар, деди ҳайдовчилардан бири пастга тушиб кўришаркан. — Мухбир бўлсангиз, манави катта-катта ямаларни ҳам суратга олинг. Биз Самарқанд туманидаги фермер хўжалигининг машиналарини ҳайдаймиз. Иш юзасидан бир кунда камида икки марта шу ердан ўтишимизга тўғри келади. Машинамизнинг ҳали у ери синиб, узилиб тушса, ҳали бу ери қийшайса, дискалари майишиб кетса... Ахир бунинг турган-битгани зарар-ку. Кимдир жавоб берармикин, қоплаб берармикин бу зарарларни?!

— Бу йўл қайси туманга қарайди ўзи? — сўрайман улардан ҳам.

— Ака, бу ўзи биринчи Самарқанд ҳалқа йўли. Халқ тилида “кольцевая” дейилади. Бу ердан қозоқ, қирғиз ва бутун дунёнинг машиналари ўтади. Бухорога, Хоразмга кетадиган юк машиналари ҳам. Шаҳарни ўраб турган биринчи кольцевой йўл мана шу. Анави Зарафшон дарёси кўпригини кўряпсизми? Очилиб кетган. Кўприк устидаги плиталарнинг ёрилиб ётганини қаранг! Худо асрасин-у, бирон кун қулаб тушса... Эҳ-ҳе...

— Ўтиш хавфлими?

— Кўприк қимирлаб, лапанглаб ётибди, — дейди улар бош чайқаб.

Хуллас, бир амаллаб Чапаевга етиб келдим. Аммо... Ўша куни кўрганларим бир китобга жо бўлгулик. Келинг, яхшиси, суратларни кўриб, ўзингиз хулоса қилинг.

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

Умид СОРИЕВ, “Халқ сўзи” мухбири.

Веб-сайт таҳририятидан: Кўриб турганингиздек, бу йўлнинг қайси туманга қараши ҳам номаълум. Ҳозирча. Биз Самарқанд вилоятидаги соҳага дахлдор ва масъул мутасаддиларнинг аниқ жавобини кутамиз. Таҳририят келгусида ушбу мавзуга яна қайтади.


Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?


Кўп ўқилганлар

Afisha

Президент топшириқлари қандай бажарилмоқда? Мутасаддилар жавоб берадилар

Ёдингизда бўлса, Президентимиз жорий йил 11 январь куни халқ депутатлари Самарқанд вилояти Кенгашининг навбатдан ташқари сессиясида туман ва шаҳар фаоллари мурожаатларини тинглар экан, улар кўтарган муаммоли масалаларни қисқа муддатда ҳал этиш юзасидан мутасаддиларга тегишли топшириқ ва кўрсатмалар берган эди.

05 Февраль 2019