Йирик миқдордаги ноқонуний импорт билан шуғулланаётган жиноий гуруҳ фаолиятига чек қўйилди

18:13 05 Октябр 2020 Жамият
298 0

Жорий йилнинг 4 октябрь куни, Тошкент шаҳар божхона бошқармаси Контрабандага қарши курашиш ва божхона аудити ҳамда Коррупцияга қарши курашиш ва ўз хавфсизлик бўлимлари томонидан «Чуқурсой» божхона пости ходимлари билан ҳамкорликда ўтказилган тезкор тадбирда Давлат бюджетига божхона тўловларини тўламаслик мақсадида йирик миқдордаги импорт товарларни паст ставкали товарларга алмаштириш билан шуғулланиб келган,пухта ўйланган жиноий схемага асосланган жиноий гуруҳ фаолияти фош этилди. Бу ҳақда ДБҚ ахборот хизмати хабар берди.

Маълум бўлишича, олдиндан тузилган режага кўра ташкилот номига хориждан импорт қилинган юқори ставкали генератор, сув пуркагич, чангютгич, кирювгич каби қимматбаҳо хўжалик ускуналари ва қурилиш анжомлари «вақтинча сақлаш» божхона режимига расмийлаштирилиб, ўз омборида юқоридаги товарлар ўрнига жиноий гуруҳ аъзолари томонидан сохта йўл-юк кузатув ҳужжатларида кўрсатилган қулф, электрод, токқайчи ва арра каби 16 турдаги товарларга алмаштирилаётган вақтда тўхтатиб қолинди.

Буни қарангки, юк эгалари ушбу жиноятни амалга ошириш учун жиноий гуруҳга 20 нафар шахсни ёллаб, ҳар бирининг вазифаларини тақсимлашган.

Дастлабки ҳисоб-китобларга кўра йўл-юк ҳужжатларида кўрсатилмаган ва ашёвий далил сифатида олинган 31 турдаги 4214 дона товарнинг умумий қиймати 5 миллиард сўмни ташкил этиши маълум бўлди.

Жиноий гуруҳнинг ғараз мақсадлари амалга ошганда эди, давлатимиз ғазнасига бор-йўғи 1 миллиард сўм миқдорида божхона тўловлари ундирилиб, 4 миллиард 500 миллион сўмликдан ортиқ зарар етказилар эди.

Мазкур аниқланган қонунбузарлик ҳолати юзасидан ҳозирда божхона органлари томонидан терговга қадар текширув ҳаракатлари олиб борилмоқда.

Корхонанинг ташқи иқтисодий фаолияти эса божхона аудитидан ўтказилади.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?