Йилда тўрт марта ҳосил олишнинг сири нимада? 

17:26 11 Май 2018 Иқтисодиёт
535 0
Фото: olx.uz

Гидропоника — сабзавот етиштириш бўйича энг самарали усуллардан бири. Ушбу усулда етиштирилаётган ўсимликлар ҳосилдорлиги ва касалликларга чидамлилиги билан алоҳида ажралиб туради. Аниқроқ айтадиган бўлсак, агарда мазкур технологиядан тўғри фойдаланилса, анъанавий иссиқхоналарга нисбатан 2 — 2,5 баробар юқори ҳосил бериши мумкин. 

Қувасойдаги “Исфайрам қурилиш” масъулияти чекланган жамиятига қарашли намунавий иссиқхонани қуриш жараёнида, аввало, қуёшнинг ҳаракатланишига аҳамият берилди. 

Жорий йилнинг бошида қуриб битказилган ушбу иссиқхона каркас типидаги ярим айлана металл конструкцияли бўлиб, полиэтилен плёнка билан қопланган.

Бир гектар майдонни ўз ичига олган мазкур иссиқхона ёзнинг жазирама ойларида ўсимликларни қуёшнинг ўтли ҳарорати таъсиридан ҳимоя қилувчи, қишда эса иссиқликни сақловчи пардалар, махсус ҳимоя тўрлари билан ўралган. 

Қолаверса, ҳаво намлигини тартибга солувчи туманлатгич ускунаси, шамоллатиш тизими, совитишга мўлжалланган компрессор, ҳаво ҳарорати, намлик ва иссиқликни ўлчайдиган асбоблар, мўътадиллаштирадиган радиаторлар ҳам мавжудлиги ҳосилнинг юқори бўлишда катта роль ўйнамоқда. Қозонхонадаги махсус тугмачалар босилса, кифоя. Сув ва минерал ўғитлар ҳар соатда меъёрида кўчат тубигача етиб боради.

Бугунги кунда бу ерда помидорнинг “Донотино” навига мансуб 21 минг кўчат Жанубий Корея технологиялари асосида парваришланмоқда. Помидорлар ҳосилини Россия давлатига экспорт қилиш кўзда тутилган.

— Жанубий Кореядан 300 минг АҚШ долларилик технология келтирилган бўлса, 1 миллиард сўми гидропоника иссиқхонаси қурилишига сарфланди, — дейди корхона раҳбари Алишер Фозилов. — Помидорларнинг пишиб етилиш даври 20 — 30 кунга қисқариши, ҳосил бериш даври эса 50 — 60 кунга узайиши бу усулнинг афзалликларини кўрсатади. Бир йилда тўрт марта ҳосил олиш мумкин.

Бундай самарали усулда ҳосилни кўпайтириш мақсадида “Исфайрам қурилиш” МЧЖ томонидан қўшимча бир гектар ер майдони тайёрланди. Яқин кунларда Фарғонада гидропоника иссиқхонаси яна биттага кўпаяди. Бу эса қўшимча иш ўрни яратилди, аҳоли турмуш даражаси янада ошди, деганидир.

Элёржон ЭҲСОНОВ,
“Халқ сўзи” мухбири.

 


Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?


Кўп ўқилганлар