Йил охирига қадар норасмий тарзда ишлаётган 55 минг нафар ишчи – ходим легаллаштирилади

13:48 08 Октябр 2019 Жамият
220 0

Иллюстратив фото

Ғиждувондаги танишларимиздан бирининг ўғли қурилиш ташкилотида ишлаётганидан хабардор эдик.Яқинда танишимиз фарзанди билан ибратомуз воқеани сўзлаб берди.

-Ўғлимнинг тоби қочиб, шифохонада бир ҳафта даволанди,-дейди у.-Тузалиб ишга чиққач, даволангани тўғрисидаги ҳужжатни ишхонасининг бухгалтериясига топширгани борса, “Сиз ишчилар рўйхатида йўқсиз.Шу сабабли касал бўлган кунларингиз учун иш ҳақи ололмайсиз”, деб жавоб беришибди.Суриштириб билсам, у хусусий қурилиш ташкилотида расман ишга қабул қилинмаган. Ўғлимнинг соддалиги қурсин,маош олаяпман-ку, деб масаланинг бу томонига эътибор қилмаган экан.

Ҳа, норасмий тарзда ишлаётган кишиларнинг шунга ўхшаш муаммоларга дуч келишлари тайин.

-Ходимларимиз шу каби ҳолатлардан келиб чиққан ҳолда тегишли ташкилотлар билан ҳамкорликдан расмий фаолият юритаётган ишчиларни легаллаштиришга қаратилган тадбирларни ўтказишяпти,-дейди Бухоро вилояти давлат солиқ бошқармаси ахборот хизмати раҳбари Баҳодир Файзиев. Таъкидлаш лозимки, бундан кўзланган асосий мақсад жойларда учраб турган солиқ қонунчилиги бузилишларининг олдини олиш, солиқдан қочиш ҳолатларига барҳам бериш ва конверт усулида иш ҳақи олаётган фуқароларнинг ҳақ-ҳуқуқларини тиклашга қаратилган.Чунончи,камерал назорат ҳамда хронометраж усулларида олиб борилаётган легализация ишлари натижасида “Bukhara cottontextile” масъулияти чекланган жамиятида 101 нафар,”Uzhrom textile” корхонасида 33 нафар норасмий ишчи борлиги аниқланди.

Кўрилган чора – тадбирлар ўз натижасини бераяпти, албатта.Давлат солиқ органларининг ҳамкорликдаги саъй – ҳаракатлари туфайли ҳозиргача вилоятдаги 12 мингтадан зиёд хўжалик юритувчи субъектда 40 минг 628 нафар ишчи-ходим легаллаштирилди.Тақдим этилган маълумотларга таяниб айтиш мумкинки, йил охирига қадар ушбу рақам 55 минг нафарга етади.

Истам ИБРОҲИМОВ,
“Халқ сўзи” мухбири


Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?


Кўп ўқилганлар

Afisha

Муштарийлар учун ажойиб янгилик!

Юқоридаги суратда бунинг учун нима қилиш лозимлигини томоша қилишингиз мумкин.

09 Декабрь 2019