Йил бошидан буён ишга киритиб қўйиш бўйича 128та коррупция жинояти аниқланди

15:40 24 Июль 2018 Жамият
514 0
Иллюстратив фото

Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратура ҳузуридаги Ахборот-таҳлил мультимедиа маркази маълумотларига кўра, жорий йилнинг ўтган даврида олиб борилган тезкор тадбирлар натижасида турли ташкилот ва идораларга ишга қабул қилиш жараёнларидаги коррупция ҳолатлари юзасидан 128 та жиноят фош этилган.

Шундан 47 таси тиббиёт соҳасида, 27 таси ҳуқуқ тартибот идораларига ишга олиб кириш ҳолатлари бўйича, 24 таси ишлаб чиқариш тармоқларида, 17 таси таълим соҳасида ва 5 таси бошқа соҳаларда содир этилган бўлса, 8 та ҳолатда фуқароларни ноқонуний чет элга ишга жўнатиш ва жойлаштириш билан боғлиқ жиноятларни ташкил этган.

Ҳудудлар кесимида оладиган бўлсак, Андижон, Фарғона ва Қашқадарё вилоятларида 17 тадан, Бухоро вилоятида 14 та, Навоий вилоятида 13 та, Тошкент шаҳрида 12 та, Тошкент вилоятида 8 та, Наманган вилоятида 7 та, Қорақалпоғистон Республикаси ва Самарқанд вилоятида 5 тадан, Сирдарё ва Хоразм вилоятларида 4 тадан, Сурхондарё вилоятида 3 та ҳамда Жиззах вилоятида 2 та ҳолат қайд этилган.

Тилга олинаётган порахўрлар ва уларнинг гумашталари жамиятнинг ўта бир нозик ҳалқасига болта урмаганларида эди, бу мавзуга яна қайтилмаган бўлар эди. Аммо...

Андижон вилояти Шаҳрихон туманида истиқомат қилувчи Ҳамидулла Исҳоқов ҳуқуқ-тартибот идораларига ариза билан мурожаат қилган фуқаронинг ўғлини ички ишлар тизимига ишга киритаман, дея 2 минг, қариндоши Арабовни Бош прокуратура ҳузуридаги Мажбурий ижро бюросига ишга жойлаштираман, деб яна 2 минг АҚШ доллари сўрайди. “Ҳожатбарор” бу шоввоз Шаҳрихон туманидаги супермаркетда 4 минг долларни олаётганда жиноят устида қўлга тушди.

Бош прокуратура ҳузуридаги Иқтисодий жиноятларга қарши курашиш департаменти томонидан ўтказилган тезкор тадбирда Ўктам Ҳайитов исмли фуқаро ўз юртдоши Отабек Турсуновга “Бухоро нефтни қайта ишлаш заводига ишга жойлаштириб қўяман”, дея 1000 АҚШ доллари талаб қилади. Шу йилнинг 11 январь куни унинг ҳам етиб борар манзили Ғиждувондаги “Бек” кафеси бўлди. Ачинарлиси, Ҳайитовнинг ўзи иқрор бўлишича, у 6,5 миллион сўм пулни ҳеч кимга бермоқчи бўлмаган ҳамда куппа-кундузи ишга кирмоқчи бўлган ўз юртдошини тунаган.

— Мен ишга қўймоқчи эмасдим, — дейди Ўктам Ҳайитов. — Ишга жойлаштира олмасдим барибир. Чунки у ерда ҳеч қанақа танишим йўқ. Мен фақат пул олиш учун шу нарсани ўйлаб топдим.

Давлат хавфсизлик хизмати ҳамда Прокуратура ҳузуридаги департаментнинг ҳамкорликдаги тадбири натижасида 3 фарзанднинг онаси, олий маълумотли Тўйева Маҳлиё Искандаровна Отахонов Анвар Жумамуратовичнинг ишончига кириб, 3 ярим минг АҚШ доллари эвазига уни танишлари орқали Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги қоровул қўшинлари сафига шартнома асосида ҳақиқий ҳарбий хизматга ишга жойлаштириб қўйишни ваъда қилади.

Натижада кимёвий ишлов берилган 3500 АҚШ долларини олган вақтда ушланиб, тегишли тартибда ҳужжатлаштирилади. Маҳлиё Тўйева аслида бу пулни ўзининг таниши бўлган Хўжжиев Низомжон Жўрақуловичга бериши керак бўлганини айтади. Операция давом эттирилади. Худди шу усул билан эса Низомжон Хўжжиев ҳам 2018 йил 18 январь куни кимёвий ишлов берилган бир даста “кўки”га қўл уриб, қармоққа тушади.

Навбатдаги порахўр “қаҳрамон” — педагог, боз устига, мактаб директори эканлиги кишини ташвишга солади. Андишали томони пора сифатида олинган пул миқдори юқорида келтирилганлари олдида тариқча ҳам эмас — икки юз АҚШ доллари. Лекин поранинг катта-кичиги бўлмайди. Ҳар қанча бўлмасин, у — пора.

Мазкур ҳолат таълимдек улуғ даргоҳ ичида, ўша мактабни пирхона билиб, ўқиб юрган мурғаккина гўдаклар кўз ўнгида содир бўлганини қандай изоҳлаш мумкин?

Қоракўл туманидаги 24-умумий ўрта таълим мактаби директори Каромат Мухторов фуқаро Саттор Эргашевдан келини З. Нигматуллаевани мактабга фаррош қилиб ишга олиш эвазига 200 АҚШ долларини талаб қилади. Иш жойида 100 доллар ва 400 минг сўмни олган вақтда ашёвий далиллар билан ушланган.

Галдаги мисоллар Қашқадарё вилояти мисолида. Қашқадарё вилоят соғлиқни сақлаш бошқармасига қарашли махсус ва тиббий ёрдам автохўжалиги директори Анвар Ражабов фуқаро Тошбадаловдан жиянини ишга қабул қилиш учун роппа-роса 1000 АҚШ доллари сўраган. Яна антиқа усулда, пулни қоровулга ташлаб кетиш кераклиги айтилганига нима дейсиз?!

Қарши шаҳрида яшовчи Баҳодир Юсупов фуқаро Розиқовдан Бош прокуратура ҳузуридаги Мажбурий ижро бюросига ишга қабул важи билан 500 “кўки”дан олаётган пайтда ушланди. Нафс балоси уларнинг кўзини кўр қилиб, ҳалол ишлаш ўрнига порахўрликка берилди, афсуски, энди вақтни орқага қайтариб бўлмайди.

“Қилмиш — қидирмиш” деганларидек, ушбу иллатни ўзига касб қилиб олган айрим нопок инсонларнинг барчаси қонун олдида жавоб беради. Зеро, жиноятга жазо муқаррар. 

Раҳим ШЕРҚУЛОВ тайёрлади.


Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?


Кўп ўқилганлар