Сергей Буйкевич​: Ўзбекистон жаҳон от спорти ривожига муносиб ҳисса қўшмоқда

15:07 09 Сентябр 2018 Спорт
118 0
Фото: Ҳасан Пайдоев, "Халқ сўзи".

Ўзбекистон мезбонлик қилаётган От спортининг тўсиқлардан сакраш (конкур) тури бўйича Жаҳон кубогининг финал босқичи қизғин паллага кирди. Бугун жаҳоннинг барча минтақасидан келган энг моҳир спортчилар орасидан сараланган ўн нафар финалда ғолиблик учун беллашадилар.

Мазкур нуфузли мусобақа бош ҳаками, Халқаро от спорти федерацияси вакили Сергей Буйкевич “Халқ сўзи“ учун эксклюзив интервью берди.

- 2018 йилги энг йирик мусобақалардан бири Ўзбекистонда ўтказиляпти. Унга кўрилган тайёргарлик ишлари, яратилган шарт-шароитларни қандай баҳолайсиз?

- Аввало, шуни алоҳида таъкидлаш керакки, Жаҳон кубоги Осиё ҳамда МДҲ мамлакатлари орасида биринчи бўлиб Ўзбекистонда ўтказилмоқда. Мусобақага эса қисқа давр ичида жуда пухта тайёргарлик кўрилган. Нафақат чавандозлар ва отлар учун, балки соҳа мутахассислари, ҳакамлар, шунингдек, ушбу спорт ишқибозлари учун барча шарт-шароит яратилган. Шу боис мусобақа юксак савияда ўта қизғин ўтмоқда.

Кейинги пайтда Ўзбекистонда йилқичилик ва от спорти жадал ривожланиб бораётгани ҳақида кўп эшитяпмиз. Бунга юртингизга келиб, яқиндан гувоҳ бўлдик. Зеро, бугунги мусобақа ҳам жаҳон от спорти ривожига муносиб ҳисса бўлиб қўшилди.

- Шубҳасиз, Жаҳон кубогига дунёнинг энг кучли спортчилар ташриф буюришган. Аммо иштирокига юқори баҳо берилган айрим чавандозлар финалга чиқолмай қолишди. Бунинг сабаби нимада? Балки отлар билан “тил топиша“ олинмагандир...

- Мусобақа ўз номи билан мусобақа. Унда, албатта, ғолиб ҳам, мағлуб ҳам бўлади. Дунёнинг барча минтақасидан келган спортчиларнинг бари пухта тайёргарликка эга. Бу дастлабки куннинг ўзида кўзга яққол ташланиб қолди. Отларнинг тайёргарлиги эса алоҳида суҳбатга мавзу бўлади. Чунки нафақат финал учун танланган йигирмата тулпор, балки захирадаги отларнинг ҳолати ҳар томонлама мақбул. Тўғри, мусобақаларнинг биринчи кунида битта от жароҳати туфайли четлатилди. Буни табиий ҳол сифатида қабул қилиш керак. Демоқчи бўлганим, чавандозларнинг натижаларига отларнинг иштироки салбий таъсир кўрсатгани йўқ. Отларнинг тайёргарлиги, уларниг ҳолати бўйича ҳеч қандай эътироз бўлгани йўқ. Очиғи, бу кам кузатиладиган ҳолатдир. Чавандозлар ҳам, ветеринарлар ҳам энг сара тулпорлар танлангани эътироф этишмоқда. Буниг учун Ташкилий қўмитага алоҳида миннатдорлик билдирамиз.

Фото: Ҳасан Пайдоев, "Халқ сўзи".

- Бош ҳакам сифатида ҳакамлар гуруҳидан кўнглингиз тўляптими?

- Албатта! Сабаби, мазкур мусобақада Япония, Қозоғистон, БАА сингари дунёнинг кўплаб мамлакатларидан энг таниқли, юқори тажрибага эга ҳакамлар жалб этилган. Уларнинг ҳар бири ўз ишининг усталари эмасми, ҳеч қандай баҳсли ҳолат юзга келгани йўқ.

Аммо энг масъулиятли вазифа ҳали олдинда. Бир оздан сўнг финал мусобақалари бошланади. Чавандозлар сингари биз, ҳакамлар ҳам кучли ҳаяжондамиз. Барчага омад тилаймиз!

Иштирокчилар Жаҳон кубогининг Тошкент баҳсларидан юқори натижалар, бой таассуротлар билан кетишига ишончим комил.
“Халқ сўзи“ мухбири
Саид РАҲМОНОВ суҳбатлашди.


Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?


Кўп ўқилганлар