Изро Малаков: “Она-Ватанимизда куйламоқлик биз учун энг катта бахт”

18:49 25 Август 2018 Маданият
381 0
Фото: Ҳасан Пайдоев / "Халқ сўзи"

Шу йилнинг 28 август куни пойтахтимиздаги “Туркистон” саройида ҳозирги пайтда Америка Қўшма Штатларида истиқомат қиладиган Ўзбекистон халқ артистлари Изро Малаков ва Муҳаббат Шамаева концерт беради. Бундан ташқари, халқ артистлари давлатимиз раҳбари ташаббуси билан жорий йилнинг 6-10 сентябрь кунлари Шаҳрисабз шаҳрида илк бор ўтказиладиган Халқаро мақом санъати анжуманида иштирок этади.

Бугун ушбу санъаткорлар юртимизга етиб келди. Фурсатдан фойдаланиб, улардан эксклюзив интервью олдик. Дастлаб Изро Малаков ўз фикрлари билан ўртоқлашди.

Изро МАЛАКОВ, Ўзбекистон халқ артисти:

— Чорак асрдан ортиқ вақт давомида Ўзбекистондан ташқари мамлакатда истиқомат қилиб келаётган бўлсам-да, киндик қоним тўкилган юртга бўлган меҳрим, муҳаббатим қалбимнинг туб-тубида яшамоқда. Ўйим, ҳис-туйғуларим, қарашларим, қилаётган ишларим ўзбекларга хос. Хатти-ҳаракатларимда ўзбекона самимият, соддалик, тантилик яққол сезилиб туради.

Ўзбекистон — биз учун табаррук диёр. Бу ерда шу қадар катта эътибор, меҳр топганмизки, дунёнинг бошқа жойида бундай ғамхўрликни кўрмаганмиз. Шу боис Ўзбекистон сўзини эшитганимизда ҳар биримизнинг кайфиятимизда кўтаринкилик уйғонади, кўксимизда меҳр оташи ёниб, кўзимизда учқунлари порлайди.

Буюк Амир Темур юрти — Шаҳрисабзда туғилиб, вояга етдим. Ўзбек халқ санъати — мақомнинг умуминсоний моҳиятини, сеҳрли кучини шу ерда англадим. Онам айтган дилбар қўшиқлар мени санъатнинг сирли кўчасига бошлади. Ўша жозиб оҳанглар мени ҳали ҳам ўзига чорлаб туради ва улар бир умрга тарк этмаса керак.

Халқимиздек санъатни севадиган, унинг инсоният тақдиридаги беқиёс ўрнини англаб, қадрига етадиган, санъаткорга ҳурмат, иззат-икром кўрсатадиган халқни учратмаганман. Ватандошларимиз ҳозиргача бир вақтлар ижро этган “Шашмақом”, “Қурбон ўлам”, “Самарқанд ушшоғи” каби ашулаларимизни севиб тинглашини айтишганида қувончдан тўлқинланиб кетаман.

Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев шу йилнинг май ойида Америка Қўшма Штатларига расмий ташрифи доирасида кўп йиллик самарали ижодим, ўзбек мақом санъатини ривожлантириш, халқимизнинг бой маданий меросини дунёда тарғиб этишга қўшган ҳиссам учун “Ўзбекистон Республикаси халқ артисти” фахрий унвони билан тақдирлаганида буни яна бир бор чуқур ҳис қилдим. Тўғрисини айтсам, ўшанда хурсандлигимдан кўзларимга ёш келди, кучли ҳаяжон, ғурур бутун вужудимни қамраб олди ва бу туйғулар ҳозир ҳам кўксимни тўлдириб, ўзимга ишончимни мустаҳкамлаб турибди. Янгидан янги куч бағишлаяпти. Бундан кейин ҳам мақом санъатининг янада равнақ топишига, халқимизнинг мазкур ноёб маданий меросини дунёга кенг ёйишга ҳисса қўшишга ундайди.

Фото: Ҳасан Пайдоев / "Халқ сўзи"

Бугунги кунда Америка Қўшма Штатларида “Шашмақом” академиясини очиб, унда юзга яқин истеъдодли ёшларга ушбу нодир санъатнинг сир-асрорларидан сабоқ беряпмиз. Шу билан бирга, уларнинг қалбида ўзбек халқига бўлган ҳурмат-эҳтиром юксалмоқда, улуғ тарихи, урф-одатлари, қадриятларига қизиқиш ортмоқда.

Концерт дастуридан ташқари, туғилган гўшам — Шаҳрисабзда ўтказиладиган нуфузли Халқаро мақом санъати анжуманида қатнашишни режалаштирганмиз.

Халқимиз маданий меросининг ажралмас қисми бўлган мақом санъати ўзининг бой қадимий тарихи, теран фалсафий илдизлари, бетакрор бадиий услуби ва ижодий анъаналари билан миллий мусиқа маданиятимизнинг асосини ташкил этади.

Президент Шавкат Мирзиёев ташаббуси билан ушбу санъат байрамининг ташкил этилиши дунё халқларига миллий мусиқа санъати анъаналарини тарғиб қилиш билан бирга, уни асраб-авайлаш ҳамда янада ривожлантириш, тили, маданияти, урф-одатлари турлича бўлган миллат ва элатларни санъат воситасида бирлаштириш, уларни гўзаллик, нафосат ҳамда эзгуликка даъват этишга хизмат қилади.

Дилшод Каримов суҳбатлашди.


Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?


Кўп ўқилганлар