Ижтимоий тармоқларда катта норозиликларга сабаб бўлган флешмоб ҳақида

18:33 14 Июль 2020 Жамият
197 0

Ижтимоий тармоқларда катта норозиликларга сабаб бўлиб, гўёки аёллик ҳақ-ҳуқуқларини талаб қилаётгандек, флешмоб орқали исён қилиб чиқаётганларга кўзингиз тушган бўлса керак.

Дунё ҳамжамиятини оладиган бўлсак, йирик ғалаёнлар ҳам мана шундай кичик сўз ўйинларидан бошланади. Ҳар бир халқ ва миллатларнинг ўзига яраша дунё қараши ҳамда дини бўлиб, бир халқда оддий деб билган нарсалар, бошқа дин вакиллари учун умуман зид ҳисобланади, мисол тариқасида келтирадиган бўлсак, Европа мамлакатларида ота-она ва фарзандлар биргаликда бирор жойда овқат тановул қилишса, ҳар бири ўзи учун ҳисоб-китоб қилишади. Бу улар учун оддий ҳол бўлса, бизларга умуман тўғри келмайди ва эшитганингизда уларга нисбатан ачиниш ҳисси пайдо бўлади. Бундай мисолларни жуда ҳам кўп келтириш мумкин. Юқорида айтиб ўтганимиздек, бу каби жараёнларга тўғри ёндашмайдиган бўлса, фикрлар қарама-қаршилиги оқибатида жамият таназзулга юз тутади.

Постларнинг бирида «Келинлар оилага қул эмас» деб ёзилган. Бу гапингизда жон бор, мусулмон оилада аёл киши қулликдан муқаддас дини ислом кириб келганда фориғ бўлган ва китоб аҳлларининг ичида айнан мусулмон динида эркак ва аёлларнинг ўзаро муносабатларига, уларнинг ҳуқуқ ва мажбуриятларига кўп бора тўхталиб ўтилган. Агар келинларни оилада қилаётган хизматларини назарда тутган бўлса, бу фақатгина ўз хоҳиши билан, ота-боболаримиздан бизларгача етиб келган қадриятларга биноан бўлиб келмоқда ва бу ишларда ҳеч ким уларни мажбурлаётгани йўқ.

Яна бирида эса «менинг танам, менинг ишим» деб ёзилган. Лекин, бир нарсани ҳисобини олмабсиз, қизалоқ! Бу омонатга хиёнат эмасми? Вақти келса, сиз устингиздаги кийиб турган либосингизга ҳам эгалик қила олмайсиз.

Эътибор қилиб кўринг, агар биз улар айтганларидек ҳаёт кечирадиган бўлсак, яъни, фарзанд балоғатга етгач ўзига хон, кўланкаси майдон қабилида яшайдиган бўлса, эртага шу ёш, гўзал қизалоқлар ёши бир жойга борганида, фарзандлари, набираларидан кўмак ва меҳр олиш ўрнига қариялар уйидан қўним топмайди деб ким кафолат беради?

Албатта, бу нарсаларни ўйлаб кўрмаган бўлсалар керак, чунки улар енгил ҳаёт кечириб ўрганган. Бунга сабаб, албатта бугунги кунда энг оғриқли нуқталаримиздан бири бўлиб турган оммавий маданиятнинг салбий таъсирларидир. Ундан ёшларни сақлаш, уларга қарши иммунитет пайдо қилиш асосий вазифамиз бўлиши керак.

Тўғри, ҳуқуқий демократик давлатда яшаяпмиз ва ҳар ким ўз фикрини эркин билдириш ҳуқуқига эга, лекин сўз эркинлигининг ўзига яраша масъулияти ҳам бор. Бу билан уларга ҳамма нарса мумкину, қарши ҳеч ким чора кўра олмайди дегани эмас.

Ёшларнинг онгини заҳарлашга, уларни фаҳш ва ёмон иллатларга бошлаётган, ҳар хил маънавий бузуқ постлар билан чиқиб, аслида эса кимларнингдир ёд ғояларини шахсий манфаат ва арзимас пул эвазига тарғиб қилишга уринаётганларга қарши маънавият ва маърифатни қурол қилган ҳолда курашишга чиқамиз.

Партиямизнинг сайловолди дастурида белгилаб ўтилганидек, биз ҳар қандай миллат ва халқларнинг дини, урф-одат ва қадриятларини ҳурмат қилганимиз каби, ўз навбатида улардан ҳам қадриятларимизга нисбатан ҳурмат талаб қилиб қоламиз.

Юқоридаги айтиб ўтган маънавий бузуқ инсонларга қарши курашиш учун ақл заковатимиз ҳам, ватанпарвар ёшларимиз ҳам, куч ва қудратимиз ҳам етарли.

Уларни кўр-кўрона қўллаб турганларга эса, гапимиз битта: Эртага фарзандларингиз шундай жамиятда яшашига қандай қарайсиз? Очиқ-сочиқ юриш, фарзанднинг ота-онага нисбатан ҳурматсизлик қилиши ва очиқчасига фаҳш ишларни қилиб юриши…

Хулоса чиқариш эса ўзингиздан.

Аброр ХУСАИНОВ,
ЎзМТДП Фарғона вилоят кенгаши матбуот котиби

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?