​Ижара шартномаларини ҳисобга қўйишнинг афзаллиги нимада?

09:51 29 Январь 2019 Жамият
980 0

Иллюстратив фото

Шу йилнниг 1 январидан бошлаб ижара шартномаларини солиқ органларида мажбурий ҳисобга қўйиш тартиби ўрнатилди.

Хўш, янги тартибнинг афзаллиги нимада?

Тошкент шаҳар давлат солиқ бошқармаси Жамоатчилик билан алоқалар ва ҳуқуқий ахборот шўъбаси маълум қилишича, бу билан, аввало, кўчмас мулк ижара шартномаларини солиқ органларида ҳисобга қўйиш тизими соддалаштирилди. Яъни эндиликда Давлат солиқ қўмитасининг my.soliq.uz электрон солиқ хизматлари порталидаги “Ижара шартномаларини ҳисобга олиш” интерактив хизмати орқали уни куннинг исталган вақтида ҳисобга қўйиш мумкин. Ортиқча оворагарчилик ва сарф-харажатлар ёки узундан-узоқ навбатда туришларга хожат қолмади. Иккинчидан, жисмоний шахснинг доимий яшаш, юридик шахснинг давлат рўйхатидан ўтган жойидаги ҳамда ижарага берилаётган кўчмас мулк жойлашган манзил бўйича давлат солиқ инспекцияларига ташриф буюрган ҳолда ижарага берувчи ва олувчи ўртасида белгиланган шаклда тузилган ижара шартномасини тақдим этиш орқали амалга ошириш мумкин.

Ижара шартномаси ҳисобга қўйилгандан сўнг ижарага берувчига шартнома ҳисобга қўйилганлиги тўғрисида “Билдиришнома” ва жорий йил учун ҳисобланган даромад солиғини тўлаш бўйича тўлов хабарномаси тақдим этилади. Натижада кўчмас мулкни ижарага беришдан олинган даромадлар бўйича дастлабки декларацияни тақдим этиш талаб этилмайди.

Жорий йилнинг ўтган даврида Тошкент шаҳрида мана шундай имкониятдан 20 минг нафардан ортиқ юридик ва жисмоний шахс фойдалангани диққатга сазовор.

Шу ўринда кўпчиликни янги тартиб жорий қилингунга қадар тузилган ижара шартномаларининг тақдири нима бўлади, деган савол ҳам қизиқитириши табиий.

Муддати тугамаган (мисол учун, 2018 йил 31 мартдан 2019 йилнинг 31 мартигача тузилган)ижара шартномалари амал қилиш муддатига қадар ўз кучини йўқотмайди ва ушбу шартномаларни қайта давлат солиқ хизмати органларида рўйхатга қўйиш шарэмас.

Шунингдек, ижара шартномаси бўйича олинган даромадларга ҳисобланган солиқнинг бир йиллиги олдиндан тўлаб қўйилган бўлса, (масалан, 2018 йил 31 мартдан 2019 йилнинг 31 мартига қадар) ижара шартномаси бўйича олинган даромадларга 2018 йилда 7,5 фоизда, 2019 йил 1 январдан 12 фоиздан солиқ ҳисобланади.

Ижара шартномасини ҳисобга қўйиш учун солиқ органлари томонидан ҳеч қандай ҳақ олинмайди.

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2018 йил 26 декабрдаги «Ўзбекистон Республикасининг 2019 йилги асосий макроиқтисодий кўрсаткичлари прогнози ва Давлат бюджети параметрлари ҳамда 2020-2021 йилларга бюджет мўлжаллари тўғрисида»ги қарорига мувофиқ, Тошкент шаҳрида ижара миқдорининг энг кам меъёри 1 кв.метр турар-жойлар учун 10 000 сўм ва нотурар жойлар учун 20 000 сўм миқдорида белгиланган. Мисол учун: 50 кв.м уй-жой учун 1 ойга 500 минг cўм (50*10 000 сўм). Шунда 500 минг сўмлик ижара учун ойига (500000*12%=60 000 ) 60 минг cўм даромад солиғи ҳисобланади.

Эслатиб ўтамиз,Ўзбекистон Республикасининг Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексининг 1591-моддасига асосан, фуқаролар ўртасида бинони, иншоотни ёки уларнинг бир қисмини, турар жойни ижарага бериш, текин фойдаланишга бериш шартномасининг мавжуд эмаслиги ёхуд давлат солиқ органларида ижарага бериш шартномасининг мажбурий ҳисобга қўйилишига риоя этмаслик энг кам иш ҳақининг беш бараваридан ўн бараваригача миқдорда жарима солишга сабаб бўлади.

 


Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?


Кўп ўқилганлар

Afisha

Президент топшириқлари қандай бажарилмоқда? Мутасаддилар жавоб берадилар

Ёдингизда бўлса, Президентимиз жорий йил 11 январь куни халқ депутатлари Самарқанд вилояти Кенгашининг навбатдан ташқари сессиясида туман ва шаҳар фаоллари мурожаатларини тинглар экан, улар кўтарган муаммоли масалаларни қисқа муддатда ҳал этиш юзасидан мутасаддиларга тегишли топшириқ ва кўрсатмалар берган эди.

05 Февраль 2019