Изчил ислоҳотлар — иқтисодий барқарорлик гарови

10:43 03 Июль 2020 Иқтисодиёт
313 0

Бугун дунёда деярли барча давлатлар коронавирус пандемияси натижасида вужудга келган инқирознинг салбий оқибатларини бошидан кечираётган бир вақтда Жаҳон банки Ўзбекистоннинг иқтисодиёти 2020 йилда 1,5 фоиз, 2021 йилда эса 6,6 фоиз ўсишини башорат қилиши, албатта, жуда юксак эътирофдир. Жаҳон банки сингари етакчи халқаро молия институтининг Ўзбекистон иқтисодиёти истиқболлари тўғрисидаги бу башорати, аввало, мамлакатимизда сўнгги йилларда Президентимиз бошчилигида давлат ва жамият ҳаётининг барча соҳаларида чуқур таҳлилларга ва тизимли ёндашувга асосланган ислоҳотларнинг самарасидир.

Шунингдек, сўнгги йилларда мамлакатимиздаги кенг қамровли ва изчил ислоҳотларнинг аниқ манзилли ва оқилона ёндашув асосида узоқ муддатга мўлжаллангани халқаро ҳамжамиятнинг юксак эътирофига сазовор бўлди. Назаримда, Жаҳон банкининг Ўзбекистон иқтисодиёти ўсишига берган бундай юқори баҳосига бир қатор муҳим омиллар асос бўлиб хизмат қилган. Энг аввало, бу инқироз даврида жамият манфаатларини қамраб олувчи қарорларнинг ўз вақтида қабул қилиниши, уларни амалда татбиқ этишда барча ресурсларни сафарбар қилиш имконини берувчи самарали давлат бошқарув тизими шаклланганидир. Бу борада америкалик етакчи олим иқтисод бўйича Нобел мукофоти совриндори Жозеф Стиглис коронавирус инқирози глобаллашув жараёнлари ва халқаро ташкилотларнинг ривожланган бўлишига қарамай, иқтисодий ва сиёсий муаммоларни ҳал этишда асосий вазифани давлат бажариши керак, деб таъкидлагани ўринлидир.

Мамлакатимизда қонун устуворлигини кучайтириш, давлат ҳокимияти органларида замонавий бошқарув тизимларини жорий этиш, давлат хизматига юқори малакали кадрларни жалб этиш бўйича олиб борилган ислоҳотлар инқироз даврида, жумладан, коронавирусга қарши курашишда яна бир бор ўз самарадорлигини кўрсатди. Шунингдек, сўнгги йилларда инновацион билимга таянган инсон омилини қамраб олувчи кучли фуқаролик жамияти барпо этиш бўйича жадал сиёсат инқирознинг салбий оқибатларини бартараф этишда муҳим гаров вазифасини ўтамоқда.

Иккинчи муҳим омил — мамлакатимизнинг кўп тармоқли ва рақобатбардош иқтисодиётга эгалиги. Айнан иқтисодиётимиздаги туб ўзгаришлар пандемия инқирозининг аҳоли турмуш даражаси ва иқтисодиёт тармоқларига салбий таъсирини юмшатишга сабаб бўлди. Қолаверса, иқтисодий драйвер ҳисобланган транспорт, энергетика ва туризм соҳалари ислоҳ қилиниши, кичик ва ўрта бизнесни ривожлантириш учун кенг имкониятлар яратилиши пандемия даврида иқтисодиётимизнинг барқарор ўсишини таъминлашда муҳим омил бўлиб хизмат қилмоқда.

Хусусий мулк дахлсизлигини таъминлашнинг ҳуқуқий асослари мустаҳкамланиши эса бугун хорижий сармоядорлар ишончи янада ортишига, инқироз даврида ҳам Ўзбекистоннинг инвестицион жозибадорлиги сақланиб қолишига сабаб бўлмоқда.

Учинчидан, макроиқтисодий барқарорликни таъминлашда, энг аввало, ислоҳотларнинг халқ томонидан қўллаб-қувватланиши муҳим аҳамият касб этади. Халқаро валюта жамғармаси бош иқтисодчиси Гита Гопинатнинг фикрича, пандемия инқирозининг бошқа инқирозлардан фарқи соғлиқни сақлаш соҳасидаги ноаниқлик, коронавирусга қарши вакцина ишлаб чиқилиши муддати мавҳумлиги, жамиятда эртанги кунга нисбатан ишонч камайиши, иқтисодий фаоллик пасайиши ва истеъмол талаби тушиб кетишига сабаб бўлмоқда. Бундай вазиятда давлат, жамият ва бизнес ўртасида инқирозга қарши қабул қилинаётган чора-тадбирлар самарадорлигини тушунтиришга қаратилган, юқори ишончга асосланган стратегик мулоқот ўрнатиш иқтисодий барқарорликни таъминлашда муҳим омил бўлиб хизмат қилади.

Сўнгги йилларда Ўзбекистонда олиб борилаётган халқ билан мулоқот сиёсати, ижтимоий шерикчилик тамойилларига асосланган давлат, бизнес ва жамият ўртасидаги ҳамкорлик натижасида бугун юртимизда бирдамлик ва ўзаро ишонч муносабатлари ўрнатилган. Бу, ўз навбатида, халқимизнинг давлат ислоҳотлари, энг аввало, инсон манфаатларига хизмат қилишига ишончи янада ортишига сабаб бўлмоқда. Жамиятда бундай ишонч муҳити шаклланиши ҳар қандай инқироз даврида аҳолининг иқтисодий фаоллиги ва истеъмол талаби юқори бўлишига хизмат қилади.

Тўртинчидан, Президентимиз бошчилигида сўнгги йилларда олиб борилаётган очиқ, дўстона, прагматик ва ўзаро манфаатларга асосланган фаол ташқи сиёсат натижасида бугун Ўзбекистон ўзини халқаро майдонда масъулиятли ва ишончли ҳамкор сифатида намоён қилмоқда. Юқоридагилар билан бир қаторда, мамлакатимиздаги жадал ислоҳотларни инобатга олган ҳолда халқаро молиявий ташкилотлар ва йирик ҳамкорларнинг Ўзбекистон билан узоқ муддатли ҳамкорликка қизиқиши ортиб бормоқда. Хусусан, Германия Иқтисодий ҳамкорлик ва ривожланиш федерал вазирлиги томонидан инқироз даврида ишлаб чиқилган ва хорижий давлатлар билан иқтисодий муносабатларни оптималлаштиришга қаратилган муҳим ҳужжат — 2030 йилгача мўлжалланган стратегияда Германия Марказий Осиё минтақасида ўзининг етакчи иқтисодий ҳамкори сифатида Ўзбекистонни белгилаган.

Хулоса қилиб айтганда, инқироз даврида ва ундан кейин иқтисодиётимиз барқарор ривожланишининг энг муҳим кафолати — бу Ўзбекистон раҳбарияти томонидан кенг қамровли ислоҳотларга асосланган, энг асосийси, халқимиз томонидан қўллаб-қувватланаётган ва халқаро ҳамжамият томонидан эътироф этилаётган, чуқур ўйланган ва узоқ муддатли стратегиянинг изчил ва узлуксиз амалга оширилаётганидир.

Бахтиёр МУСТАФОЕВ,
Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги
Стратегик ва минтақалараро тадқиқотлар

институтининг марказ раҳбари

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?