Иванбой дўхтирнинг яхшилиги

10:47 04 Май 2018 Жамият
472 0
Фото: professiya-vrach.ru

“Худо бандасининг раҳмини ейман, деса, урушга ҳам қарамас экан, кейин уни керакли одамга дуч қилиб қўяркан”, дерди отам. Бир гал Иккинчи жаҳон уруши ҳақида гап кетганида, шунга яқин воқеани ҳаяжон билан ҳикоя қилиб бергани кечагидек ёдимда.

...1943 йилнинг изғиринли январи. Бир йўла икки жойим — бўйин ва чап қўлимдан яраланиб, госпиталга тушдим. Мени даволаган, серка соқолию қошлари оқарган, ёши кексароқ кўзойнакли дўхтир Иван Иванович, нимагадир, оғир касаллар кўп бўлишига қарамасдан, нуқул мен билан гурунглашгани келаверарди. Яраларим битиб, охирги муолажалар ҳам тугай-тугай, деб қолганда, ҳужжат-қоғозларимни синчковлик билан кўздан кечираркан, соф ўзимизнинг тилда: “Қаердан бўласан?” деб сўраганида ҳангу манг бўлиб қолдим. “Бухоро вилоятидан”, деб жавоб бердим. У пайтларда Сурхондарёмиз Бухорога қарарди-да. “Бухороданлигингни билиб турибман, Бухоронинг қаеридансан?” деб яна савол берди. “Сариосиёдан” деганимни биламан, соқоли селкиллаб, кўзойнагининг устидан кўзларини катта-катта очиб, синчковлик билан қаради, кейин “Сариосиёнинг қаеридан бўласан?” деди...

Ажабландим, чини билан ажабтовур ҳолат эди-да. Ахир қирғинбарот уруш бўлаётган бир жойда, қўли ёки оёғи кесилган аскарлар “оҳ-воҳ” чекиб, инграб-синграб ётган, қолган ярадорлар ҳам анграйиб қараб турган госпиталда ҳарбий дўхтир, устига-устак, ўрис киши — Иван Ивановичнинг мен билан ўз она тилимда бемалол савол-жавоб қилиб туриши, ҳақиқатан ҳам, ғалати, кутилмаган ҳол эди.
“Кундажувоз” деганимни биламан, дўхтирнинг юзи бирданига ёришиб, кўзи чақнаб кетди. Кейин ўрисчалаб “Сафара Касирова знаешь?”, “Абдукарима знаешь?”, “Мамасайида знаешь?”, “Зивар, Киштўд, Муллу Ишанкула знаешь”, деб қаторасига сўраб кетди. Азбаройи Худо, Каламулло ҳақи, мазам қочиб, довдираб қолдим...

Отам Иван Ивановичнинг ногаҳоний саволларидан қанчалик ҳайратга тушган, таажжубланган бўлса, ана шундай завқ-шавқ билан ҳикоя қиларкан, кўзлари беихтиёр ёшланарди. Сўнгра “Ҳозир борми-йўқми, билмайман”, дея Иван бобонинг ҳақига дуолар қиларди. Орқасидан “Қўйинглар шу гурунгни, урушнинг уйи куйсин”, деб гапни бошқа ёққа буриб юборарди.

Отам кейинчалик шуни биладики, Иванович, яъни Иванбой дўхтир урушдан олдин бир неча йил Ҳисорак, Кундажувоз, Хўжасиддиқ, Зевар ва Киштўд сингари тоғ қишлоқларида мол дўхтири бўлиб ишлаган, шу ерлик аҳоли билан эл бўлиб, қариндошлашиб кетган экан. Раис Сафар Касир бова, Қурвали мерган, амакимиз Мамасайид боболаримизни ҳам яхши эсларкан. Зевар, Хўжасиддиқдан қайтаётганда, бир-икки марта бобомнинг уйига кириб, меҳмон бўлган ва чой-тузини ичган экан.

Буни қаранг, нон-туз ҳурмати, одамгарчилик ҳақи ўшанда Иванбой дўхтир отамга бир ойлик муддат билан рухсатнома — таътил ёзиб берибди. Шу боис урушдан гап кетган гурунгларда отам “Мен 1943 йилда отпускага келганимда...” дея эслагани заҳоти Сафар Касир бова дарров гулдураган овозда “Ҳа-а, Иван дўхтир бўлмаганда, отпускага келардинг-а! Иванбойга раҳмат айт сен, у бўлмаганда, кўрардим, келармидинг”, дея ҳазилнамо сўз қотар эди.

...Ўша гурунгларга қирқ-эллик йил бўлганига қарамасдан, ҳозир ҳам уруш ҳақидаги киноларда ярадорларга қараётган чўққисоқол, кўзойнакли ҳарбий дўхтирларни кўрсам, бобомнинг нону тузини тотган, отамга яхшилик қилган, шу билан, билмадим, неча-неча ўлимлардан олиб қолган қадрдон ва меҳрибон инсон, оқибатли дўхтир Иван Иванович — Иванбойнинг истарали қиёфаси кўз олдимга келиб, дийдаларимда беихтиёр ёш қалқийди.

Сирожиддин САЙЙИД,
Ўзбекистон халқ шоири.

 


Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?


Кўп ўқилганлар