Италия матбуоти: “Марказий Осиёда ҳеч қачон бугунги кундагидек яқин ҳамкорлик муносабатлари кузатилмаган”

10:23 04 Декабрь 2018 Жамият
577 0

Римдаги нуфузли “EastWest Magazine” ахборот-таҳлилий журналининг навбатдаги сонида Ўзбекистонда олиб борилаётган ташқи сиёсат ва бунинг натижасида Марказий Осиёга ижобий таъсир кўрсатаётган ўзгаришларга бағишланган мақола чоп этилди.

Дунё нигоҳи

Материалда таъкидланишича, яқин-яқингача минтақада “casus belli”, яъни можароларга сабаб бўлиш эҳтимоли бор муаммолар ниҳоятда кўп эди. Сув, энергетика ва чегаралар билан боғлиқ масалалар бунга мисол сифатида келтириб ўтилади. Аммо расмий Тошкентнинг янги ташқи сиёсати туфайли муаммолар ҳамкорлик учун муҳим элементга айланди.

Марказий Осиёда сув-энергетика масалаларининг ҳал қилиниши, “EastWest Magazine” шарҳловчиларининг фикрича, ўзбек дипломатияси эришган энг катта ютуқлардан бири ва умуман, халқаро дипломатия тарихида оқилона муросага эришишнинг юқори даражаси сифатида қолади.

“Сўнгги йигирма йил мобайнида сув ресурслари ва Тожикистонда қурилаётган гидроэлектростанция туфайли минтақада кескинлик изчил тарзда ўсиб борди. Шавкат Мирзиёевнинг ҳокимиятга келиши билан расмий Тошкент ва Душанбе ҳамкорлик томон муҳим қадамлар ташлади... Икки мамлакат алоқалари мисли кўрилмаган даражада яхшиланиб, ўзбек компаниялари қўшни давлатда объектлар қурилишида иштирок этиши маълум бўлди”.

Марказий Осиёда ҳеч қачон бугунги кундагидек яқин ҳамкорлик муносабатлари кузатилмаган, деб ёзилади журналда. Ушбу муҳитнинг шаклланиши Шавкат Мирзиёевнинг саъй-ҳаракатлари натижаси бўлди. Чегараларнинг очилиши, қўшни давлатлар билан ҳаво, автомобиль ва темир йўл қатновининг йўлга қўйилиши, ўзаро савдо-сотиқнинг ортиши — буларнинг барчаси Ўзбекистон Президентининг сиёсий иродаси ва фаол позицияси туфайли реалликка айланди.

“Қатъий сиёсий ирода мавжуд бўлса, ҳатто энг қалтис масалаларни ҳам ўзаро манфаатли тарзда ҳал қилиб, конструктив ҳамкорликни йўлга қўйиш мумкин. Ўзбекистон буни исботлади”.

Афғонистон йўналишида ҳам катта бурилиш юз бериб, жиддий ютуқларга эришилди, дейди италиялик журналистлар. Бу борада икки тенденция кузатилаётир. Биринчидан, узоқ йиллардан буён уруш ва террордан боши чиқмай келган Афғонистондаги вазиятни барқарорлаштириш учун реал имконият пайдо бўлди. Иккинчидан, ушбу имконият Ўзбекистон амалга ошираётган дипломатик саъй-ҳаракатлар туфайли юзага келди.

Жорий йилнинг март ойида Тошкентда Афғонистон бўйича бўлиб ўтган юқори даражадаги халқаро конференция, мақола муаллифларининг қайд этишича, халқаро ҳамжамиятнинг ушбу можаро юзасидан якдил позициясини ишлаб чиқиш ҳамда турли давлатлар ва ташкилотлар томонидан қабул қилинаётган дастурларни мувофиқлаштириш учун шароит яратди. “Тошкент конференцияси Ўзбекистоннинг Афғонистонда тинчлик ўрнатиш жараёнида асосий ўрин тутаётганини яна бир бор кўрсатди”.

Анвар МИРЗАЕВ (“Халқ сўзи”) тайёрлади.


Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?


Кўп ўқилганлар

Afisha

Президент топшириқлари қандай бажарилмоқда? Мутасаддилар жавоб берадилар

Ёдингизда бўлса, Президентимиз жорий йил 11 январь куни халқ депутатлари Самарқанд вилояти Кенгашининг навбатдан ташқари сессиясида туман ва шаҳар фаоллари мурожаатларини тинглар экан, улар кўтарган муаммоли масалаларни қисқа муддатда ҳал этиш юзасидан мутасаддиларга тегишли топшириқ ва кўрсатмалар берган эди.

05 Февраль 2019