Истиқлол қишлоқ хўжалиги соҳасида туб ислоҳотларга йўл очди

12:04 25 Август 2020 Иқтисодиёт
203 0

Мустақиллик — олий иноят. Ҳар ҳарфида инсон манфаатлари, эрки, шаъни, қадр-қиммати мужассам буюк неъматдир бу. Давлат тараққиёти, мамлакат хавфсизлиги, халқ фаровонлиги асоси тинчликдир аслида...

Озодлик нашидаси ерга бўлган муносабатни ижобий томонга ўзгартиргани сир эмас. Ердан фойдаланиш, ер мулкига эгалик қилиш ҳуқуқи йилдан-йилга такомиллашиб бораётгани соҳадаги ислоҳотлар сабаблидир. Буюк мутафаккир шоиримиз Алишер Навоий айтганларидек, ҳар эрта баҳорда ерга уруғ қадаб, ризқ йўлини очадиган, хонадонларимиздаги тўкинлик ва файзу барака сабабчиси бўлган деҳқону фермер, миришкорларга эътиборнинг ортгани истиқлол шарофатидир.

Айни пандемия шароитида дунё миқёсида озиқ-овқат хавфсизлиги, экологик тоза маҳсулотлар ишлаб чиқариш долзарб масала бўлиб бораётгани сир эмас. Шунинг учун ҳам ҳозирда иқтисодиётимизни, жумладан, қишлоқ хўжалиги соҳасини модернизация ва диверсификация қилиш, озиқ-овқат экинлари етиштиришга алоҳида эътибор берилмоқда. Бу билан, аввало, етакчи соҳа бўлган аграр соҳа имкониятларидан янада тўлиқроқ фойдаланиш, фуқароларимизнинг томорқачилик кўникмаларини шакллантириш, кафтдек ердан даромад топиш имкониятларини оммалаштириш ва бу билан халқнинг тўкис ҳаётини таъминлаш, пандемиядан ортиқча талафотларсиз чиқишга эришишга эътибор қаратилмоқда.

Рақамларга назар ташласак. Кейинги тўрт йилда ҳосилдорлиги паст бўлган 300 минг гектар пахта ва ғалла майдонлари ўрнига мева-сабзавот ва озуқа экинларини етиштириш йўлга қўйилиб, жумладан, 32 минг гектар ерда интенсив боғлар, 15 минг гектарда токзорлар, 2 минг гектарда замонавий иссиқхоналар барпо этилгани, 114 минг гектарда сабзавот ва картошка, 72 минг гектарда дуккакли ва мойли экинлар, 52 минг гектарда озуқа экинлари етиштирилаётганини таъкидлаш лозим.

Сўнгги уч йилда эса ер-сув ресурсларидан оқилона фойдаланиш, қишлоқ хўжалиги субъектлари ўртасидаги ўзаро муносабатларда бозор тамойилларини, фан ва техниканинг илғор ютуқларини жадал жорий этиш, экологик тоза ва экспортбоп маҳсулотлар етиштириш орқали деҳқонлар даромадини кўпайтириш борасида эътиборли ишлар амалга оширилди. Натижада ўтган 2019 йилда қишлоқ хўжалиги маҳсулотларидан жами 217 триллион 700 миллиард сўм ёки 2018 йилга нисбатан 12 фоиз кўп фойда олинган.

Ерни ҳақиқий эгасига бериш, айниқса, маҳсулот етиштиришдан тортиб, уни сотишгача бўлган агробизнеснинг яхлит занжирини ўз ичига қамраб олган кластер моделини ва кооперация тизимини тўлиқ яратишга жиддий аҳамият қаратилмоқда. Илгари даладаги юзлаб инсонлар қилган оғир меҳнатни бугун битта ёки иккита техниканинг бажараётгани ҳам истиқлол берган неъматлар намунасидир.

Истиқлолнинг яна бир муҳим шарти хусусида айтмасак бўлмас. Сўнгги уч йилда пахта ва ғалла етиштиришда давлат буюртмаси бекор қилиниши бўйича тизимли ишлар амалга оширилмоқда. Аграр соҳанинг барча йўналишларида арзон кредитлар берилиши йўлга қўйилмоқда. Жорий йилда 2 миллиард АҚШ долларига тенг, келгуси 5-7 йилда эса бундан 3-4 баравар кўп мева-сабзавот маҳсулотларини экспорт қилиш режалаштирилган. Тўғри, пандемия сабабли жорий йилдаги мазкур режа бажарилишида бир қадар ўзгаришлар бўлгани эҳтимоли ҳам йўқ эмас.

Сўнгги уч йилда фермерлик ҳаракатини ривожлантириш натижасида мамлакатимизда кўп минг сонли фермер хўжаликлари шаклланиб, улар бугун 10 дан ортиқ йўналишларда самарали фаолият юритмоқда. Энг қувонарлиси, 12 мингдан зиёд фермер хўжалиги раҳбарларини 30 ёшгача бўлган ёшлар ташкил этса, 6 мингдан ортиқ фермер хўжаликларимизга хотин-қизлар раҳбарлик қилмоқда. Шу билан бир қаторда республикамизнинг барча ҳудудларида «Томорқа хизмат»лари ташкил қилинди.

Қонунчиликда ҳам аграр соҳага алоҳида эътибор қаратилганини қайд этиш жоиз. 2017 йилнинг ўзида қишлоқ хўжалиги соҳасига оид 5 та қонун, 20 дан ортиқ фармон ва қарор қабул қилинди, 2 та янги қўмита ва 3 та уюшма тузилди. Мазкур кўрсаткичлар жорий йилга қадар бир қадар ўсди. Қишлоқ ва сув хўжалиги вазирлиги фаолияти тубдан такомиллаштирилди.

Қаранг, қанча мустақиллик берган имкониятлар кўз олдимизда юз очмоқда. Аслида айтганларимиз мустақиллик иноятларининг барчаси эмас. Бу мавзуда фахрга тўлиб соатлаб гапириш мумкин. Истиқлол ўзбек заминига, ўзбек деҳқонига чексиз имкониятларни бергани баробарида олдига ердан янада унумли фойдаланиш, ҳосилдор, даромадбоп экин маҳсулотлари етиштириш, шу орқали иқтисодиёт барқарорлигига ҳисса қўшиш каби долзарб вазифаларни қўйди. Масъулиятимиз: ана шу тинчликнинг қадрига етиш, истиқлолни асраш, она-Ватанга муносиб бўлиш!

Барно МИРЗАМОВА,
Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?