Истиқболли бошқарув кадрларини танлов асосида танлаб олишнинг замонавий тизимини яратиш чора-тадбирлари тўғрисида

09:55 31 Май 2018 Ҳужжатлар
1685 0

Ўзбекистон Республикаси Президентининг қарори

Ўтган давр мобайнида давлат ва жамият бошқаруви, ижтимоий-иқтисодий, суд-ҳуқуқ ва бошқа соҳаларда бошқарув кадрларини тайёрлаш бўйича муайян ишлар амалга оширилди. Хусусан, юқори малакали бошқарув кадрлари захирасини шакллантиришга ижобий таъсир кўрсатган Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Давлат бошқаруви академияси фаолияти ислоҳ қилинди, шунингдек, Академия ҳузурида мамлакатимизнинг истиқболли ёш мутахассисларини қайта тайёрлайдиган ва малакасини оширадиган Ёшлар муаммоларини ўрганиш ва истиқболли кадрларни тайёрлаш институти ташкил этилди. 

Шу билан бирга, бугунги кунда мамлакатимизда давлат ҳокимиятини янада демократлаштиришнинг ҳуқуқий асосларини такомиллаштириш, қонун устуворлигини таъминлаш, фуқаролар ва тадбиркорлик субъектлари ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилишнинг таъсирчан механизмларини жорий этиш борасида амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотлар юқори малакали бошқарув кадрларини танлаб олиш ва тайёрлаш, уларнинг захирасини шакллантириш тизимини, жумладан, бу борада замонавий ёндашувни ишлаб чиқиш орқали такомиллаштиришни тақозо этмоқда. 

Истиқболли бошқарув кадрларининг тизимли асосда танлаб олинишини таъминлаш, шунингдек, давлат ва хўжалик бошқаруви органлари, маҳаллий ижро этувчи ҳокимият органлари, бошқа давлат органлари ва ташкилотлари (кейинги ўринларда – давлат ташкилотлари) тизимида уларнинг касбий малакасини узлуксиз ошириб боришга кўмаклашиш мақсадида: 

1. Ўзбекистон Республикаси Инновацион ривожланиш вазирлиги, Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Давлат бошқаруви академияси ва “Буюк келажак” халқаро нодавлат нотижорат ташкилотининг 3 йилда бир марта истиқболли бошқарув кадрларини танлаб олиш бўйича “Тараққиёт” республика танловини (кейинги ўринларда – танлов) ўтказиш тўғрисидаги таклифи маъқуллансин. 

2. Қуйидагилар: 

Истиқболли бошқарув кадрларини танлаб олиш бўйича “Тараққиёт” республика танловини ўтказишни ташкил этиш бўйича республика комиссияси (кейинги ўринларда – Республика комиссияси) таркиби 1-иловага мувофиқ; 

Истиқболли бошқарув кадрларини танлаб олиш бўйича “Тараққиёт” республика танловини ташкил этиш ва ўтказиш тартиби тўғрисидаги низом 2-иловага мувофиқ тасдиқлансин. 

3. Белгилансинки: 

танловда таянч олий маълумотга ва тегишли соҳада раҳбарлик лавозимида камида уч йил иш тажрибасига эга, 30 ёшдан 45 ёшгача бўлган (45 ёш ҳам қўшилган ҳолда) Ўзбекистон Республикаси фуқаролари иштирок этиши мумкин; 

Республика комиссияси танловни ўтказиш билан боғлиқ тадбирларга вазирлик ва идоралар, бошқа давлат ташкилотлари вакилларини, шунингдек, етакчи олим ва мутахассисларни, жумладан, хорижий олим ва мутахассисларни жалб этиш ҳуқуқига эга; 

Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Давлат бошқаруви академияси (кейинги ўринларда – Академия) Республика комиссиясининг ишчи органи ҳисобланади; 

танловнинг холисона ва шаффоф ўтказилиши, шунингдек, номзодларнинг сифатли ва холисона танлаб олиниши, қўйиладиган талабларга уларнинг мувофиқлиги учун жавобгарлик Республика комиссияси зиммасига юкланади. 

4. Белгилаб қўйилсинки: 

давлат ташкилотларида меҳнат қилаётган иштирокчиларнинг танловда иштирок этиш даврида уларнинг эгаллаб турган лавозими ва ўртача ойлик иш ҳақи сақлаб қолинади; 

танлов ғолибларига энг кам иш ҳақининг 50 баравари миқдорида, финал босқичининг қолган иштирокчиларига эса – энг кам иш ҳақининг 25 баравари миқдорида бир марталик пул мукофоти тўланади. Бунда танлов финал босқичининг қолган иштирокчилари тегишли соҳанинг бошқарув кадрлари захирасига киритилади; 

танлов ғолиблари Академия ҳамда Корпоратив бошқарув илмий-таълим маркази базасида тегишли соҳага оид вазирликлар, идоралар, йирик компаниялар раҳбарлари, маҳаллий ва хорижий юқори малакали мутахассислар ҳамда олимлар иштирокида ўтказиладиган, ривожланган хорижий мамлакатларнинг соҳага оид ташкилотларида танловнинг тегишли номинациялари юзасидан стажировка ўташни ўз ичига оладиган “Бошқарув кадрларини тайёрлаш бўйича Президент дастури”га мувофиқ уч ойлик курсларда ўқийдилар; 

танлов ғолиблари “Бошқарув кадрларини тайёрлаш бўйича Президент дастури”га мувофиқ уч ойлик курсларни ўтагандан кейин тегишли йўналишлар бўйича давлат ташкилотларида раҳбарлик лавозимларига тайинланади; 

танлов ғолибларини тегишли раҳбарлик лавозимларига тайинлаш юзасидан чора-тадбирларни кўриш, шунингдек, бошқарув кадрлари захирасига киритилган финал босқичи иштирокчиларининг фаолиятини кейинчалик уларни хизмат бўйича кўтариш ёки раҳбарлик лавозимларига тайинлаш учун мониторинг қилиш ишлари Ўзбекистон Республикаси Президенти девонининг умумий мувофиқлаштируви остида амалга оширилади. 

5. Ўзбекистон Республикаси Инновацион ривожланиш вазирлиги Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлиги, Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Давлат тест маркази ва Академия билан биргаликда икки ой муддатда: 

талабгорларни рўйхатдан ўтказиш, иштирокчиларнинг сўровномаларини кўриб чиқиш, тест ва бошқа танлов синовларини ўтказиш, шунингдек, уларнинг натижаларини тақдим этиш имкониятларига эга бўлган танловнинг махсус веб-порталини яратишни; 

ахборот тизимлари, ресурслари, маълумотлар базалари, дастурий маҳсулотларни ишлаб чиқиш, шунингдек, Республика комиссияси ишчи органини танловни ташкил этиш ва ўтказиш учун зарур аппарат-дастурий комплекслар билан жиҳозлашни таъминласин. 

6. Қуйидагилар танловни ўтказишнинг молиялаштириш манбалари этиб белгилансин: 

танлов ўтказишни ташкил этиш қисмида – Академияга харажатлар сметаси бўйича ажратиладиган бюджет маблағлари, шунингдек, юридик ва жисмоний шахсларнинг ҳомийлик маблағлари, халқаро молия институтларининг грантлари ҳамда қонун ҳужжатларида тақиқланмаган бошқа манбалар; 

танлов ғолиблари учун “Бошқарув кадрларини тайёрлаш бўйича Президент дастури”га мувофиқ уч ойлик ўқув курсларини ўтказиш қисмида – Академияга харажатлар сметаси бўйича ажратиладиган бюджет маблағлари ва Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси захира жамғармасидан Корпоратив бошқарув илмий-таълим марказига ажратиладиган маблағлар; 

танлов ғолиблари ва финал босқичи иштирокчиларига бир марталик пул мукофотини тўлаш қисмида – Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси захира жамғармаси маблағлари ва қонун ҳужжатларида тақиқланмаган бошқа манбалар; 

танлов ғолибларининг ривожланган хорижий мамлакатларнинг соҳага оид ташкилотларида тегишли номинациялар бўйича стажировка ўташи қисмида – Инновацион ривожланиш ва новаторлик ғояларини қўллаб-қувватлаш жамғармаси маблағлари, халқаро молия институтларининг грантлари, юридик ва жисмоний шахсларнинг ҳомийлик маблағлари ҳамда қонун ҳужжатларида тақиқланмаган бошқа манбалар; 

танловнинг махсус веб-порталини яратиш, ахборот тизимлари, ресурслари, маълумотлар базалари, дастурий маҳсулотларни ишлаб чиқиш, шунингдек, Республика комиссияси ишчи органини танловни ташкил этиш ва ўтказиш учун зарур аппарат-дастурий комплекслар билан жиҳозлаш қисмида – Ахборот-коммуникация технологияларини ривожлантириш жамғармаси маблағлари ва қонун ҳужжатларида тақиқланмаган бошқа манбалар. 

7. Инновацион ривожланиш вазирлиги Ташқи ишлар вазирлиги ва Академия билан биргаликда танловни ўтказиш доирасидаги тадбирларни молиялаштириш учун халқаро молия институтларининг грантлари ҳамда юридик ва жисмоний шахсларнинг ҳомийлик маблағларини жалб этиш чораларини кўрсин. 

8. “Тараққиёт стратегияси” марказига: 

танлов ўтказилиши устидан жамоатчилик мониторингини амалга ошириш ва уни янада такомиллаштириш бўйича тавсиялар ишлаб чиқишни; 

танлов якунларига бағишланган ахборот-таҳлилий шарҳларнинг давлат, рус ва инглиз тилларида тайёрланиши ва эълон қилинишини, шунингдек, кенг тарқатилишини таъминлаш тавсия этилсин. 

9. Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Лойиҳа бошқаруви миллий агентлиги Инновацион ривожланиш вазирлиги, Академия ва бошқа манфаатдор идоралар билан биргаликда танловни ўтказиш якунлари юзасидан танлов доирасида истиқболли бошқарув кадрларини танлаб олиш тизимини такомиллаштириш, жумладан, талабгорларга қўйиладиган замонавий талабларни жорий этиш бўйича Ўзбекистон Республикаси Президенти девонига таклиф киритсин. 

10. Ўзбекистон Республикаси Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги Адлия вазирлиги, Академия ва бошқа манфаатдор идоралар билан биргаликда икки ой муддатда: 

Давлат ташкилотларида бўш лавозимларни тўлдириш учун бошқарув кадрлари захирасини танловнинг финал босқичи иштирокчилари орасидан шакллантириш тартиби тўғрисидаги низом лойиҳасини; 

қонун ҳужжатларига мазкур қарордан келиб чиқадиган ўзгартиш ва қўшимчалар тўғрисидаги таклифларни Вазирлар Маҳкамасига киритсин. 

11. Ўзбекистон Миллий телерадиокомпанияси, Ўзбекистон Миллий ахборот агентлиги ва бошқа оммавий ахборот воситаларига танловни ўтказиш билан боғлиқ тадбирларни, шунингдек, унинг натижаларини кенг ёритиш, жумладан, мавзуга оид мақолалар, туркум телекўрсатув ва радиоэшиттиришлар ташкил этиш тавсия қилинсин. 

12. Мазкур қарорнинг ижросини назорат қилиш Ўзбекистон Республикасининг Бош вазири А. Н. Арипов, Ўзбекистон Республикаси Президентининг Давлат маслаҳатчиси – Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Давлат бошқаруви академияси ректори Р. С. Касимов ва Ўзбекистон Республикаси Президенти Давлат маслаҳатчисининг биринчи ўринбосари Б. М. Мавлонов зиммасига юклансин.

Ўзбекистон Республикаси Президенти                              Ш.МИРЗИЁЕВ 

Тошкент шаҳри, 2018 йил 30 май
 


Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?


Кўп ўқилганлар