Истеъмолга яроқсиз сув ҳар куни дунёда 6 минг бола ҳаётига зомин бўлмоқда

12:30 27 Июль 2020 Жамият
964 0

COVID-19 коронавирусининг тарқалиши дунёнинг деярли барча мамлакатларига ўз таъсирини кўрсатди. 2020 йил 11 март куни Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти коронавируснинг тарқалишини пандемия деб тан олди. Пандемия давлатлар ижтимоий ҳаётнинг барча соҳаларига таъсир кўрсатган ҳолда глобал иқлим ўзгариши ва карантин шароитида табиий ресурслар, хусусан сув ресурсларига қатъий санитария-гигиеник талаблар қўйилди.

Ҳозирги даврда инсоният олдида турган долзарб муаммолар сирасида, сув ресурсларини тежаш, асраб-авайлаш, ундан оқилона фойдаланиш ва муҳофаза қилишдек муҳим масала турибди. Бугунги кунда инсоният, Ер юзида тамаддуни асраб қолиш учун техника, коинот мўъжизаларини англаб етиш эмас, балки энг аввало, ҳаёт учун зарур бўлган ичимлик сувининг етарли бўлиши лозимлигини англаб етди.

Сув танқислиги катта иқтисодий қийинчилик билан бирга аҳоли саломатлигига ва ижтимоий муаммоларни келтириб чиқармоқда. Сувнинг ифлосланиши туфайли турли касалликлар – ошқозон ичак, буйрак, жигар, қонда турли аллергик хасталиклар содир бўлади. Ифлосланган сув орқали зарарли гельмитлар инсон организмига ўтади. Ич терлама, дизентерия, гепатит ва бошқа касалликлар кўпаяди. Сувда кимёвий элементлар, бирикмаларнинг меъёридан ортиқ бўлиши уларнинг аста-секин тўпланиб боришига шароит яратади, натижада айрим касалликларнинг келиб чиқишига сабабчи бўлади.

Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг маълумотига кўра, дунё аҳолисининг қарийб 40 фоизи тоза ичимлик суви етишмайдиган жойларда яшайди. 2025 йилга келиб, ҳар 10 кишидан 6 нафари ёки 5,5 миллиард аҳоли тоза ичимлик суви танқис ҳудудда яшаши мумкин. Шунингдек, юқумли касалликларнинг 80 фоиздан ортиғи ичимлик сув сифатининг пастлиги ҳамда сув таъминотида санитар – гигиеник қоидаларнинг бузилишлари билан боғлиқ. Бугун дунёдаги қарийб 7 млрд.дан зиёд аҳолининг 3 млрд.га яқини ифлосланган сув истеъмол қилмоқда ва бунинг оқибатида уларнинг деярли 2 миллиарди турли касалликка чалинган. Энг ачинарлиси, ҳар куни дунёда 6 минг бола санитария-гигиена талабларига жавоб бермайдиган сув истеъмол қилганликлари туфайли ҳаётдан бевақт вафот этмоқда.

Кишининг соғлом ҳаёт кечириши учун санитария меъёрларига кўра бир суткада 50 литр сув керак бўлади. Қуруқ иқлим (арид) минтақасидаги ривожланаётган мамлакатларда 1,1 млрд. киши бир кунда атиги 5 литр сув ишлатмоқда. Европа давлатларида бу кўрсаткич суткасига 200, АҚШда эса 400 литрни ташкил қилмоқда. Худди шундай сув тақсимоти мамлакатимиз ҳудудларида ҳам кузатилади, хусусан Тошкент шаҳрида жон бошига бир суткалик сув истеъмоли 350-400 л. бўлган бир вақтда, айрим ҳудудларда ушбу кўрсаткич 20-50 л. ташкил этади.

Глобал иқлим ўзгариши натижасида табиатда турли хил хавф-хатар, қурғоқчилик юз бериши мумкин. Ҳозирги илм-фан шуни тан олмоқдаки, агар келажакда озиқ-овқат маҳсулотлари, тикланмайдиган табиий ресурслар, улар ўрнини бошқа усуллар билан яратилган маҳсулотлар эгаллаши мумкин бўлса-да, аммо сувнинг ўрнини бошқа бирор бир нарса боса олмайди. Шу боис сайёрамизда ичимлик сувининг камайиб бораётганлиги ўта оғир хавфларни туғдиради. Бу эса ичимлик сувининг асосан ер ости, ер устидаги дарё ва кўллар сувининг турли хил кимёвий бирикмалар билан ифлосланиши натижасида келиб чиқмоқда.

Боз устига, ер юзидаги дарёларнинг ярмига яқини ифлосланган, уларнинг ресурслари тугаб бормоқда. Шунингдек, ер шаридаги ботқоқликлар майдони ва ички сув ресурслари қисқармоқда. Ҳозирги даврда ички сув ҳавзалари, айниқса дарёлар шу қадар ифлосланиб кетяптики, улар табиий йўл билан ўзини ўзи тозалай олмаяпти. Бундай сувлар ичиш учунгина эмас, балки маиший хизмат, турмуш ва саноат эҳтиёжлари учун ҳам яроқсиз бўлиб қолмоқда.

Чучук сувлар ифлосланишининг асосий сабаблари урбанизация, саноат, маиший-коммунал хўжаликлари ва бошқа ишлаб чиқариш корхоналарининг жадал ривожланиши билан боғлиқ. Шунингдек, ўғит ва заҳарли химикатлар ишлатилган далалардан оқиб чиққан ҳамда чорвачилик фермаларидан оқиб чиқадиган оқова сувлар ва бошқалар. Айниқса, саноатда ифлосланган оқова сувлар таркибида ҳар хил кислоталар, фенолли бирикмалар, водород сулфиди, аммиак ва бошқа бирикмалар, шунингдек улар таркибида хар хил биоген моддалар бўлади. 

Мутахассисларнинг маълумотларига кўра, ҳатто минерал сувни ҳам доимо истеъмол қилиш ярамайди, чунки унинг таркибидаги эриган тузлар ёки бошқа моддалар организмда мавжуд тузлар ўртасидаги мувозанатни бузади ва ошқозон-ичакдаги биокимёвий реакцияларни тезлаштиради ёки секинлаштиради.

Ўзбекистон Экологик партияси бугунги пандемия шароитида замон талаби билан ҳамнафас бўлиб, унинг бугунги ўткир талабларига жавоб берган ҳолда фаолият олиб бормоқда. Президентимизнинг экология ва атроф муҳитни муҳофаза қилиш соҳасида тадқиқотлар ўтказадиган, илмий изланишлар олиб борадиган институт очиш бўйича таклифлари ва ғоялари асосида партия Марказий Кенгаши ҳузурида экологик тадқиқотлар ўтказадиган илмий-текшириш ва ўқув-ишлаб чиқариш бирлашмаси — Экотехнопаркда сув тозалагич қурилмасининг тажриба нусхаси ишлаб чиқилди. Ушбу йўналишда марказ назариядан амалиётга тамойили асосида фаолият олиб бормоқда.

Партия дастурий вазифаларидан келиб чиққан ҳолда аҳолини тоза ичимлик суви билан таъминлаш мақсадида Хоразм вилоятининг Боғот туманидаги 33-сонли, Шовот туманидаги 5-сонли ҳамда Янгиариқ туманидаги 7-сонли мактаб ҳудуди яқинига сув тозалаш ускуналари ҳомийлик ташкилотлари томонидан беғараз ёрдам сифатида ўрнатиб берилди. Мазкур қурилма соатига 500 литр сувни тозалаш қувватига эга. Тозаланган сувдан аҳоли бемалол фойдаланишлари учун кенг шароитлар яратилди. Ҳар бирининг қиймати 24 млн. сўмни ташкил этадиган мазкур сув тозалагич бугунги кунда 10 минг нафардан ортиқ аҳоли сифатли ичимлик суви билан таъминланиб келмоқда.

Сув захираларининг қисқариши, уларнинг сифат кўрсаткичларини пасайиши, ҳам энг долзарб муаммолар сирасига киради. Албатта, халқимизнинг келгусида соғ-саломталиги, келажаги бевосита тоза ичимлик суви билан боғлиқ, бироқ кейинги йилларда иқлим ўзгариши жараёнларида тоғларга кам қор тушмоқда, музликлар майдони қисқармоқда. Энг ачинарлиси, тоғ зоналаридаги сув захирасини тўпловчи ўрмонзорлар, арчазорлар аёвсиз кесилмоқда, ишлаб чиқаришдан ҳосил бўлган оқова сувлар сув ҳавзаларига ташланмоқда.

Истиқболдаги ривожланиш кўп жиҳатдан мавжуд сув ресурслари, уларнинг миқдори ва ҳолати, сувга бўлган талаб ва сувдан фойдаланиш даражасига, умуман олганда сувга бўлган муносабатимизга бевосита боғлиқдир. Чунончи, мустабид шўро даврида сув ресурслари бошқарувига ёндашувда йўл қўйилган хатоларни тузатиш ва шу билан бирга сувга бўлган талабни имкон қадар тўлароқ қондириш мақсадида ҳукуматимиз томонидан ушбу масалаларга жиддий эътибор берилаётгани бежиз эмас, албатта.

Келажакда аҳоли сонининг янада ошиши билан ер усти ва ер ости сувларидан ичимлик суви сифатида фойдаланиш янада кучаяди. Шу сабабли ҳам яқин йилларда аҳолини тоза ичимлик суви билан таъминлаш энг долзарб муаммолардан бири бўлиб қолади. Шаҳарлардан, далалардан чиқарилаётган ифлосланган сувларни тозалаш бўйича энг илғор ва самарали технологиялардан фойдаланишни йўлга қўйиш, сув ресурсларини муҳофаза қилиш ва улардан оқилона фойдаланиш бўйича олдимизда турган долзарб вазифаларни амалга оширишда бепарво бўлмайлик. Зеро, сувни тежаш, ундан оқилона фойдаланиш ва ўсиб келаётган авлодга етказиб бериш ҳар биримизнинг бурчимиздир.

Ислом ХУШВАҚТОВ,
Ўзбекистон Экологик партияси Марказий Кенгаши
Ижроия қўмитаси раиси ўринбосари,

Ойбек РАХИМОВ,
Ўзбекистон Экологик партияси Марказий Кенгаши аъзоси

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?