Истеъмолчи ҳуқуқлари ҳар доим эътиборда 

11:13 26 Август 2020 Жамият
297 0

Ўзбекистон истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш жамиятлари федерацияси томонидан халқаро ҳамкорликни ривожлантиришда илғор хорижий тажрибани ўрганиш ва уни амалиётда қўллаш мақсадида, хорижий турдош ташкилотлар билан ўзаро ҳамкорлик меморандумлари имзоланиб, ушбу меморандумлар доирасида қатор лойиҳалар амалга оширилмоқда.

Жумладан, Федерация билан Корея истеъмолчилар агентлиги ўртасида 2018 йилда меморандум имзоланган бўлиб, ушбу меморандумга кўра Корея Республикаси фуқароларининг Ўзбекистондаги, мамлакатимиз фуқароларининг эса Корея Республикасидаги истеъмолчилик ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилинишида ўзаро ҳамкорлик олиб борилиши кўзда тутилганди. Истеъмолчининг поймол бўлган ҳуқуқи тиклаб берилиши масаласидаги қуйида келтириладиган мисол ана шу ҳамкорлик доирасида олиб борилаётган ишлардан бири дейиш мумкин.

Фарғона шаҳар жамияти томонидан истеъмолчи, Корея Республикаси фуқароси жаноб Чой Кил Хонинг манфаатларини кўзлаб, унга Фарғона шаҳрида “EVRO DIAMOND” савдо белгиси остида фаолият кўрсатувчи якка тартибдаги тадбиркор Р.Сейфуллаев томонидан кўрсатилган хизматлар натижасида етказилган моддий зарарни ундириш ҳақидаги Фуқаролик ишлари бўйича Фарғона туманлараро судига киритилган даъво аризаси кўриб чиқилди.

Фуқаронинг мурожаатини Фарғона шаҳар жамияти томонидан ўрганиб чиқилиши натижалари ва суд материалларидан маълум бўлишича, истеъмолчи ўз вакили (ҳайдовчиси) орқали 2019 йилнинг июнь ойида юқоридаги тадбиркорга қарашли бўлган кимёвий тозалаш корхонасига 10 (ўн) турдаги кийимларини тозалатиш учун берган. Кийимлар кузги-қишки мавсумга мўлжалланганлиги сабабли кимёвий тозалашдан ўтказилиб, хонадонга келтирилгач улардан маълум вақт фойдаланилмаган. Кейинчалик эса улар кўздан кечирилганда кийимларга жиддий зиён етказилганлиги, улар асл ҳолига нисбатан ранги ва ёрқинлигини йўқотганлиги, ҳажмлари кичрайганлиги, фойдаланиб бўлмайдиган ҳолатга келганлиги кузатилган. Истеъмолчининг хизмат кўрсатувчи корхона билан юзага келган масалани ҳал қилиш борасидаги ҳаракатлари ижобий натижа бермагач, у Федерациянинг Фарғона шаҳар жамиятига мурожаат қилган.

Суд ишининг кўриб чиқилиши натижаларига кўра, Ўзбекистон истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш жамиятлари федерацияси Фарғона шаҳар жамиятининг Корея Республикаси фуқароси Чой Кил Хонинг манфаатларини кўзлаб, якка тартибдаги тадбиркор Р.Сейфуллаевга нисбатан етказилган моддий зарарни ундириш ҳақидаги талаби қаноатлантирилиб, жавобгардан манфаатдор шахс фойдасига 12 000 000 (ўн икки миллион) сўм ундирилиши бўйича қарор чиқарди.

Ҳозиргача бўлган даврда федерацияга келиб тушган мурожаатлардан энг кўпи савдо соҳасига тегишли бўлиб, жорий йилнинг 6 ойи давомида уларнинг улуши 46,1 фоизни ташкил этмоқда. Ана шундай мурожаатдан бири, Сурхондарё вилояти Ангортумани, “Деҳқонбирлашув маҳалласида" маҳалласида яшовчи фуқаро Н. Алланазаров томонидан келиб тушди. Фуқаро, машина олиш мақсадида «Термиз Лада» МЧЖига жами 54 миллион 905 минг сўмлик тўловни олдиндан тўлайди аммо, шартнома бўйича машина ўз вақтида етказиб берилмайди. Яна бир ана шундай ҳолат Сурхондарё вилояти Шеробод тумани, «Оқтепа» маҳалласида яшовчи фуқаро О. Шотўраев билан содир бўлди. Мазмуни жиҳатдан юқоридаги ҳолат билан деярли бир хил. О. Шотўраев ҳам «Термиз Лада» МЧЖига жами 37 миллион сўмни олдиндан тўлайди. Аммо, машина ўз вақтида эгасига етказиб берилмай, шартнома шартлари бузилади. Ҳар икки ҳолатда ҳам истеъмолчилар мурожаати ижобий ҳал этилди.

Бундан ташқари, Қашқадарё вилояти Қарши тумани Ҳилол МФЙ, Ўрикзор кўчасида яшовчи фуқаро Султон Авлиёқуловнинг мурожаати Қарши шаҳар ижро этувчи аппарати томонидан ўрганилди. Унинг фарзанди Оғабек Султонов 2018 йилдан буён опластик анемия хасталигининг энг оғир шакли билан оғрийди ва даволаниши учун Швейцария давлатида ишлаб чиқариладиган «Неорал» дори воситаси жуда муҳим. Шу сабабли С.Авлиёқулов жорий йилнинг май-июнь ойларида ушбу препаратни сотиб олиш учун Қарши шаҳрида жойлашган “Mubina Pharm” компаниясига 5 миллион 200 минг сўм маблағни олдиндан тўлаган. Бироқ орадан бир ойдан ортиқ вақт ўтишига қарамасдан компания дори воситаси истеъмолчига етказиб бермаган.Федерациясининг аралашуви билан истеъмолчининг пули ундириб берилди.

Яна бир ечими ижобий ҳал этилгани мурожаат Наманган вилояти Янгиқўрғон туманида яшовчи фуқаро Муродов Самадга тегишли. Унга кўра фуқаро Наманган шаҳрида фаолият юритувчи қурилиш фирмаси билан Наманган шаҳридаги кўп қаватли уйлардан бирини қуриб битказиб бериш тўғрисида шартнома тузади. Унда хонадон 2020 йил январь ойида қурилиш ишларини якунланиб, фойдаланишга топширилиши белгиланган.

Муродов Самад тижорат банки орқали 101 530 000 (Бир юз бир миллион беш юз ўттиз минг) сўм миқдоридаги пулни кредитга олиб, тузилган шартнома учун олдиндан 100 фоиз тўлаб берган. Бироқ, ижрочи бўлмиш қурилиш фирмаси томонидан шартнома шартларини белгиланган муддатда бажарилмаган. Ўзбекистон Республикасининг «Истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш тўғрисидаги" Қонунига асосан белгиланган тартибда мутахассислар томонидан тезкорлик билан ўрганиб чиқилди. Натижада фуқаронинг хонадони қурилиш фирмаси томонидан тўлиқ таъмирланиб, яшаш учун барча шарт-шароитлар яратилди.

Маълумки карантин эълон қилинганидан сўнг, фуқароларнинг хориж мамлакатларига қатнаши тўхтатилди ва бу ҳолат олдиндан чипта сотиб олганларга баъзи ноқулайликларни юзага келтирди. Федерациямизга авиа ва темирйўл чипталарини олдиндан харид қилиб, пул маблағини қайтариб ололмаган фуқаролардан кўплаб мурожаат келиб тушди.

Жорий йилнинг 27 февраль куни санасида Навоий шаҳрида жойлашган авиакассадан Самарқанд — Москва(Домодедова) йўналиши бўйича 17 март куни учиш учун турмуш ўртоғи ва фарзандларига жами 5 млн. сўмга авиачипта сотиб олган фуқаро М.Аҳмедова карантин билан боғлиқ муаммолар сабаб авиачиптадан фойдаланмай қолган ва чиптани қайтаришга мажбур бўлган. Лекин пул маблағини қайтариб олишда турли тўсиқ ва муаммоларга дуч келганлиги боис Ўзбекистон истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш жамиятлари федерацияси Новоий вилоят бирлашмасига мурожаат йўллаган.

Вазият мутахассислар томонидан ўрганиб чиқилди ва ижобий ҳал этилди. Фуқарога авиачипта учун тўлаган 5 000 000 сўм пул маблағи қайтарилишида амалий ёрдам кўрсатилди.

Яна бир ана шундай ҳолат Навоий шаҳрида яшовчи фуқаро М. Тошева билан содир бўлди. 2020 йил 12 март куни ишлаш мақсадида Россиянинг Москва шаҳрига бориш учун 1 574 000 сўмга авиачипта сотиб олган М.Тошева жамиятга мурожаат қилиб, карантин сабабли бекор қилинган рейс учун тўлаган маблағини ололмай овора бўлиб юрганидан норозилигини билдирди.

Жорий йилнинг 9 июнь куни ушбу мурожаат жамият мутахассислари томонидан ижобий ҳал этилди ва фуқарога авиачипта учун тўлаган 1 миллион 574 минг сўм пул маблағи қайтарилишида амалий ёрдам кўрсатилди.

Фарғона вилоятида ҳам авиачипта билан боғлиқ муаммоли вазият юзага келди. Бағдод туман истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш жамиятига Чўринди қишлоғида яшовчи Маҳкамовлар оиласидан мурожаат келиб тушди. Унда оиланинг 4 нафар вакили жорий йил март ойида Россия Федерацияси Москва шаҳрига олинган авиачиптадан форс-мажор ҳолат юзага келиб фойдалана олмаганликлари сабабли пулини қайтариб ололмаётганликлари баён этилган.

Масалани Бағдод туман истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш жамияти томонидан ўрганиб чиқилиши жараёнида, истеъмолчиларнинг авиачипта учун тўланган умумий суммаси 6 280 000 (олти миллион икки юз саксон минг) сўм пулларини қайтаришга эришилди. Бир неча кунлар давомида ечими ноаниқ бўлиб келган муаммони бартараф этиб берилганлиги учун фуқаролар ёзма равишда ўз миннатдорчиликларини изҳор қилдилар.

Мазкур, натижаси ижобий ҳал қилинган мурожаатлар жорий йилнинг биринчи чорагида федерациямизнинг 1091 ишонч рақами ва ҳудудий бирлашмаларига йўлланган бўлиб, улардан айримларини эътиборингизга ҳавола этдик. Маълумот ўрнида айтадиган бўлсак, олти ой давомида салкам 5 миллиард сўм истеъмолчилар фойдасига ҳисоб-китоб қилинди.

Ўзбекистон истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш жамиятлари федерацияси фуқароларнинг истеъмолчи сифатида бузилган ҳуқуқларини ҳимоя қилиш ва уларга кўмак бериш бўйича самарали фаолият кўрсатиб келмоқда.

Иномжон Тоғаев,
Ўзбекистон истеъмолчилар ҳуқуқларини 
ҳимоя қилиш жамиятлари федерацияси 
раис ўринбосари

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?