Истеъдодли спортчиларнинг имкониятини юзага чиқариш учун замонавий шароит билан бирга тажрибали мураббийлар зарур

16:10 06 Сентябр 2019 Жамият
299 0

Президентимиз Шавкат Мирзиёев раислигида 4 сентябрь куни жисмоний тарбия ва спортни ривожлантириш, халқаро мусобақаларга тайёргарликни кучайтириш масалаларига бағишлаб ўтказилган видеоселектор йиғилишида кўтарилган масалалар, берилган топшириқлар бизга муҳим дастур бўлди.

Бу борада эришган натижаларимиздан қувонамиз, албатта. Лекин давлатимиз раҳбари таъкидлаган баъзи масалаларга жиддий эътибор қаратсак, уларни ўз вақтида ҳал қилсак, ютуқларимиз янада залворли бўлади.

Дарҳақиқат, 2019-2023 йилларда жисмоний тарбия ва оммавий спортни ривожлантириш концепцияси ҳамда аҳолининг жисмоний тайёргарлигини белгиловчи бир қатор лойиҳаларни ўтказиш тизими жорий этилгани Сирдарё вилоятида спортнинг янада оммалашишида муҳим аҳамият касб этаётир.

Президентимиз томонидан илгари сурилган бешта муҳим ташаббус ҳамда “Обод қишлоқ” ва “Обод маҳалла” дастурлари доирасида вилоятимизда жорий йилнинг ўтган даврида 4 спорт объекти фойдаланишга топширилди.

Айни пайтда вилоятнинг 13 истеъдодли спортчиси 2020 йилда Япониянинг Токио шаҳрида бўлиб ўтадиган ХХХII ёзги Олимпия ва ХVI паралимпия ўйинларига йўлланмани қўлга киритиш учун халқаро мусобақаларга қизғин тайёргарлик кўрмоқда. Жумладан, академик эшкак эшиш спорт туридан 8 нафар – Алишер Яров, Анатолий Краснов, Шаҳбоз Абдужабборов, Луиза Исломова, Шаҳзод Абдураҳмонов, Луиза Гафурбаева, Меҳрож Маматқулов, Абдуазиз Раҳимжоновлар мураббий Сергей Тян қўл остида тайёргарлик кўрмоқда. 2 нафар эркин курашчи – Махсуд Вейсалов ҳамда Нигора Бакирова, 1 нафар енгил атлетикачимиз – Сафина Саъдуллаева ёзги Олимпия ўйинларига, енгил атлетикачи Наталья Семёнова ХVI Паралимпия ўйинларига бериладиган йўлланма учун астойдил тайёргарлик кўрмоқда.

Сервер Ибрагимов тўппончадан ўқ отиш бўйича республикада биринчилар қаторида йўлланмага эга бўлиб, келгуси йил Японияда ўтадиган ХVI Паралимпия ўйинларида мамлакатимиз шарафини ҳимоя қилади.

Нафақат йўлланмани қўлга киритган ёки лицензия учун кураш олиб бораётган, балки халқаро мусобақаларда муносиб иштирок этган спортчилар оиласидан мунтазам хабар олиб турилибди. Муаммолари ўрганилиб, “Йўл харитаси”га асосан зарур чоралар кўрилмоқда. Бу спортчиларимизнинг устозлари назоратида алоҳида шуғулланиши учун спорт заллари, майдонлари ажратилган.

Ўзбекистон Республикаси жисмоний тарбия ва спорт вазирлиги ҳамда Миллий олимпия қўмитаси томонидан спортчиларнинг ўқув-йиғин машғулотлари ва мусобақаларда иштирок этиши учун барча шароитлар яратиб берилмоқда.

Ўтган йилги Осиё ўйинлари ва Параосиё ўйинларида вилоятдан 4 нафар спортчи иштирок этиб, 1 та олтин, 2 та кумуш ва 1 та бронза медалини қўлга киритди. Умуман, 2018 йилда сирдарёлик спортчилар турли халқаро ва мамлакат мусобақаларида жами 944 та медалга сазовор бўлди. Шундан 228 таси олтин, 283 таси кумуш ва 433 таси бронза медалларидир. Жорий йилнинг ўтган даврида эса Жаҳон, Осиё ва мамлакат миқёсдаги турли мусобақаларда 428, жумладан, 84 олтин, 118 кумуш ва 226 бронза медали қўлга киритилди.

Бу спортчиларимиз билан шахсан учрашиб, алоҳида суҳбатлашдим. Уларнинг орзу-ўйлари билан қизиқдим, дарду ташвишларини тингладим ва кўзларидаги оловни, қалбларидаги ғалабага бўлган шижоатни кўриб, ўзим ҳам руҳландим.

Спортчиларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш мақсадида халқаро мусобақаларда юқори натижаларга эришган 3 нафар спортчига Гулистон шаҳридан уй-жой ва 10 нафарига вилоят ҳокимлигининг қимматбаҳо совғалари берилди. Яхши натижаларни қўлга киритган бошқа спортчилар ҳам муносиб тақдирланди.

Бешта муҳим ташаббусининг иккинчи йўналиши – ёшларни жисмоний чиниқтириш ва спорт соҳасида ўз қобилиятини намоён қилиши учун зарур шароит яратиб бериш юзасидан вилоятда тегишли чора-тадбирлар амалга оширилмоқда. Хусусан, 7 ёшдан 30 ёшгача бўлган 295 минг 5 нафар ёшларнинг 30 фоизи спорт секцияларига жалб этилган.

Вилоятда аҳолини оммавий спортга кўпроқ жалб қилиш мақсадида турли тадбир ва тарғибот-ташвиқот ишлари олиб борилаётир. Жумладан, “Ёшлар ҳафталиги” доирасида ўтказилган 34 спорт тадбирида жами 3 минг 740 спортсевар йигит-қиз иштирок этди. “Хотин-қизлар ҳафталиги” доирасида ўтказилган 28 тадбирда эса 1 минг 680 хотин-қиз қатнашди. Шунингдек, “Маҳалла ҳафталиги” ва “Нуронийлар ҳафталиги” доирасида ўтказилган 32 тадбирда 2 минг 368 ҳаваскор спортчи қатнашди. “Таълим ҳафталиги” доирасидаги спорт мусобақаларида эса ёшлар фаол иштирок этди.

Вилоятимиздаги 4 ихтисослашган болалар ва ўсмирлар спорт мактаби ўз спорт залларига эга. 16 болалар ва ўсмирлар спорт мактаби 1,5 миллиард сўмликдан зиёд спорт жиҳозлари билан таъминланди.

Давлатимиз раҳбари раислигида бўлиб ўтган видеоселектор йиғилишидан сўнг ўз имконият ва шароитларимизни яна бир бор атрофлича ўрганиб, чамалаб чиқдик. Жисмоний тарбия ва спорт бошқармасига, барча федерацияларга саралаб олинган спортчиларни яқин фурсатларда Олимпиадага йўлланма ўйналадиган мусобақаларга муносиб тайёрлаш ва Олимпиадага лицензияни қўлга киритиши учун янада кенг шароит яратиш бўйича кўрсатмалар бердик.

Сирдарёда юксак истеъдодли спортчилар етарли. Лекин уларнинг истеъдодини рўёбга чиқариш учун юқори даражадаги мураббийлар зарур. Айни пайтда Олимпиада лицензиясини қўлга киритишга академик эшкак эшиш, эркин кураш, бокс, енгил атлетика ва ўқ отиш спорт турлари бўйича спортчиларимизни тайёрлаш учун бизда жаҳон, Осиё ва турли халқаро мусобақаларга муносиб тайёрлай оладиган мураббийлар етишмайди. Буни тан олмай иложимиз йўқ.

Юқорида таъкидланган спорт турлари бўйича Жисмоний тарбия ва спорт вазирлиги томонидан вақтинча бўлса-да, юқори малакали спорт мураббийлари ажратилса, мақсадга мувофиқ бўлар эди.

Ғофуржон МИРЗАЕВ,

Сирдарё вилояти ҳокими.

ЎзА


Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?


Кўп ўқилганлар

Afisha

Муштарийлар учун ажойиб янгилик!

Юқоридаги суратда бунинг учун нима қилиш лозимлигини томоша қилишингиз мумкин.

09 Декабрь 2019