“Иссиқ нон” — аччиқ ҳақиқатлар акс этган фильм

22:45 16 Декабрь 2018 Маданият
1239 0

15 декабрь куни Алишер Навоий номидаги киносаройида режиссёр Умид Ҳамдамов томонидан суратга олинган “Иссиқ нон” бадиий фильмининг оммавий ахборот воситалари ходимлари учун махсус намойиши бўлиб ўтди.

Аввало, шуни айтиш керакки, фильмнинг фақат ОАВ ходимлари учун махсус намойиши уюштирилганига қарамай, “Ўзбеккино” Миллий агентлиги тарғибот бўйича масъул мутасаддиларининг ўз вазифасига ўта совуққон ва масъулиятсизлик билан ёндашувлари боис бу ҳақда соҳанинг деярли ҳеч бир вакили хабар топгани йўқ. Шу боис тадбирга бармоқ билан санарли журналистлар ташриф буюрди, холос. Бугунги тезкор замонда эса ҳатто оддийгина телеграмм мессенжери орқали ахборот тарқатиш билан ҳам зални бемалол тўлдириш мумкин эди. Масалан, телеграммда қарийб 400 нафарга яқин ОАВ ходимлари ҳамда блогерларни жамлаган ва мамлакатимиздаги ўзгаришлар ҳамда юртимиз ҳаётига доир энг сўнгги маълумотлар юзасидан мунтазам фикр алмашиниб бориладиган иккита гуруҳнинг ҳар бирида лоақал бир мартадан маълумот қўйилганида эди, шубҳасиз, “Ўзбеккино” МА раҳбарияти “Икки ойда — 10 та премьера” тақдимотида кўкларга кўтарган фильмларнинг бири деярли бўм-бўш залда — фақат кино соҳасига энг яқин мутахассислар иштирокидагина ўтмаган бўлур эди.

Энди фильм ҳақидаги мулоҳазаларга қайтсак. “Ўзбеккино” Миллий агентлигининг буюртмасига кўра, “Ўзбекфильм” киностудияси томонидан тасвирга олинган мазкур кинокартинанинг яхлит композицион хулосаси битта: инсон ҳаётнинг, тирикликнинг, борлиқнинг аччиқ ҳақиқатларига қарши қўя оладиган ўз ёлғонига — умидга эга бўлиб яшашга маҳкумдир. Бу умид бизни курашишга, ҳаётдан баҳра олиб, гарчи ўзимизни овунтириб, алдаб, ишонтириб бўлса-да, тақдирнинг таҳқирли зарбаларига кўникиб яшашга ундаб туради. Биз эса умидимизни сўндирмасдан, ўзимизнинг ёлғон ҳақиқатларимизни камалакрангларга бўяб, яшашда давом этамиз...

Катта исённинг кичик дебочаси

Фильм бош қаҳрамон — Зулфия (дебютант актриса Зарина Эргашева) исмли 13-14 ёшлардаги қизчанинг мактаб-интернатдан кўчиб, энди ойиси билан яшаши ҳақидаги орзулар оғушида, қувонч билан бу масканни тарк этишидан бошланади. Аммо Зулфия дарҳол биринчи ёлғонга дуч келади: бувиси (Ўзбекистон Республикасида хизмат кўрсатган ёшлар мураббийси Мунаввара Абдуллаева) уни онасининг олдига эмас, ўзининг уйига — узоқ қишлоққа олиб кетади. Зарина йўлда хархаша қилади, бувиси билан эмас, ойиси билан яшамоқчи эканини айтиб, жанжал кўтаради. Бироқ бувисининг “Онанг шаҳардан узоққа кетган экан, ҳали-бери қайтмайди, қайтиши билан олдига олиб бораман”, деган ваъдасидан сўнг тинчланади. Лекин қишлоққа етиб келишгач, ҳовли остонасини ҳатлаб ўтмайди, ташқарида мук тушиб ўтириб олади.

Картина сценарий муаллифи ва постановкачи режиссёр Умид Ҳамдамов тажрибали оператор Жаҳонгир Ибрагимов билан бирга айнан шу эпизодда юқоридан олинган кадр ёрдамида томошабин учун ажойиб ечимни беради: набира ва буви ўртасида кўз илғамас, аммо катта чегара бор. Зулфия бувиси истаган ҳаётда яшамоқчи эмас, унинг ўз ҳаёти, ўз қарашлари, ўз ҳақиқатлари мавжуд ҳамда уларга кимнингдир дахл қилишини истамайди. Айни шу палладан эътиборан одатда муаллифлик фильмлари учун хос бўлган образли ифодалар ёрдамида томошабинга картина мақсадини баён этишга киришилган ва бу ҳолат токи асар якунига етиб, титрлар кўрингунига қадар тез-тез, энг муҳими, муваффақиятли тарзда алмашиниб боради.

Зулфия ичкарига кирмасдан ҳовли дарвозаси олдида хаёл суриб ўтираркан, самолётнинг товушини эшитади. Бироқ минг тикилмасин, осмонда ҳеч нарса кўринмайди...

Кадр алмашиниб, кенг дала, унда қўлларини пешонасига соябон қилиб осмонга тикилаётган олти-етти ёшлардаги қизалоқ ва унинг доривор гиёҳлар тераётган онаси гавдаланади.

— Ойи, самолёт кўринмайдими? — дея савол беради қизалоқ.

— Йўқ, қизим, кўринмайди, — дейди онаси хотиржам ишини қиларкан.

— Нега кўринмайди? — ёш болаларга хос тарзда саволини давом эттиради қизча.

— Чунки у жуда баландда, шунинг учун кўринмайди, — дейди онаси.

Очиғи, бу эпизодни кўрганимда, даставвал, “Зулфия хаёл суряпти, самолёт моторининг овози уни узоқ ўтмишга итқитиб ташлади, мана бу қизча унинг ўзи, бу эса ойиси”, деган фикрга келгандим. Адашган эканман. Кейинчалик Зулфиянинг ҳаётида катта роль ўйновчи бу аёл унинг келинойиси — одамлар наздида наҳангга ем бўлган тоғасининг хотини (актриса Феруза Сайидова), қизча эса унинг тоғаваччаси экан.

Шу ерда кинокартинага келажаги мавҳум, зиммасига қандай “юк” ташлангани фильм мобайнида бирон марта ҳам “ярқ” этиб кўринмаган бир персонаж кириб келадики, уни ҳам айтиб ўтмаслик инсофдан бўлмас эди. Зулфия хаёл суриб ўтираркан, телбалиги велосипедига турли консерва банкаларини улаб олганидан ҳам сезилиб турган сўлоқмондек йигит унга савол беради. Хайрулла исмли бу телбани тош отиб ҳайдаган Зулфия ана шундан кейингина ҳовлига киради.

Очиғини айтиш керак, бутун кинокартина давомида атиги уч маротаба кўринган, велосипеди синганидан сўнг умуман “йўқолиб” қолган ушбу персонажнинг вазифаси нимадан иборат эканини мутлақо тушуниб бўлмади. Чунки у на бирон масалани ечишда иштирок этган, на бирон қаҳрамоннинг характерини бўрттириб кўрсатишга хизмат қилган. “Режиссёр телба образи орқали ҳаётнинг бирон ҳақиқатини баралла айтмоқчидир”, деган мулоҳаза ҳам, афсуски, ўзини оқламади...

Шунга қарамай, кинокартинани муваффақиятсиз, деб бўлмайди. Ундаги рамзлар, ифодалар, бирон кадр ёрдамида режиссёрлик ечимларининг томошабинга сингдирилиши, бу ечимларнинг ҳар кимда ўзига хос саволлар туғдириши ва ҳар битта одамни ўша саволларга ўз ҳаётидан келиб чиқиб жавоб топишга мажбурлаши олдида мазкур камчилик, ҳатто, билинмай ҳам кетган, дейиш мумкин.

Масалан...

Ҳаёт ямоқларини қайта-қайта ямаб ўтган умр

Шундай инсонлар борки, ичи тўла дард. Ичи тўла алам. Ичи тўла андуҳ. Аммо уларнинг на дардини, на аламини, на андуҳини ҳис қиласиз... Улар ҳаётини қайта бошдан қургандан кўра, “ямоқ”ларини беркитиб ўтишни маъқул кўришади. Шунга кўникишган, бахтни ҳам, саодатни ҳам, тирикликнинг моҳиятию ҳаётнинг мазмунини ҳам ана шу ямоқларда, деб билишади...

Зулфия ҳовлига киргач, тинимсиз жиринглаётган телефон овозини эшитади. Телефон аппаратини қидириб, хонама-хона изғийди, аммо тополмайди. Сўнг нигоҳи меҳмонхонадаги катта сейф, сейфнинг ичидан чиқиб турган симларга тушади. Овоз сейф ичидан чиққанини англаб, унинг калитини қидиради.

— Калит қани? — дейди қичқириб.

— Калитни нима қиласан? — дейди бувиси аччиқланиб.

— Ойим телефон қилган бўлсалар-чи? — дейди аламдан йиғлагудек бўлиб. — Нега телефонни яшириб қўйгансиз? 

— Онанг телефон қилмайди, — дейди буви ҳам жаҳл билан. — Бор, ундан кўра ишларингни қил. Дарвоқе, яна келинойинг келганида, ота-онанг ҳақида гапириб ўтирмагин-а... Нақ шарманда бўласан-а...

Шу сўзлардан сўнг томошабин кампир ниманидир яшираётгани, бу ҳақиқат оддий эмаслиги ва унинг очилиши келгусида катта аҳамиятга эга бўлиши муқаррар эканини ҳис қилади. Шунга қарамай, ўзини бу ҳақиқатдан ҳам кўра кучлироқ бошқа ҳақиқатлар кутиб турганини худди Зулфия сингари ҳали тўлиқ ҳис қилолмайди...

Келинойи ҳовлига кириб келиб, Зулфия билан кўришиш асносида ўз юмушларига киришаркан, унга “Ойингиз яхши юрибдиларми, бирга олиб келмабсиз-да”, дея сўз қотади. Буви Зулфиянинг жавобини ҳам кутмасдан ўзи бу саволга жавоб бериб қўя қолади.

— Юрибди, бориб кўрдим, соғ-омон. Яна янги иш бошламоқчимишми-ей... Шаҳарда осонми?! Шаҳарликлар сенга ўхшаган бекорчи эмас. Бош қашлашга вақти йўғу...

Келин бувининг жавобини эшитаркан, пахса деворнинг нураган қисмларини қўли билан пайпаслаб ямайверади, ямайверади... Унинг бошидан эса қайнона сочаётган сомон парчалари худди қор мисоли айланиб тушаверади...

Ҳамма билган... ҳақиқатлар...

Баъзан шундай бўладики, кимдир сиздан ниманидир яшираётганини биласиз. Нимани яшираётганини ҳам биласиз. Аммо унинг бу “қилмиши” сизга зарардан кўра кўпроқ фойда келтиришини ҳам яхши тушунасиз... Ана шу ҳаётга кўникиб, очилиши сизнинг фойдангизга эмас, зиёнингизга хизмат қилишини англаганингиз учун ҳам, мазкур ҳақиқатларни унутиб, эсламасликка интилиб яшайсиз...

Фильм муаллифларининг энг катта ютуғи шундаки, улар айни шу вазиятни моҳирона тарзда экранлаштира олганлар. Масалан, буви Зулфиядан кўп нарсани беркитаётгани ва айнан нималарни беркитаётгани бир соату қирқ дақиқалик кинокартина мобайнида аста-секин очилиб бораверади. Хусусан, оталари кўлда наҳангга ем бўлганига ишонадиган бошқа неваралар, турмуш ўртоғи аллақачон ўлганига ўзини ишонтирган келин, бир умр ўқитувчилик қилиб, бутун бир бошли қишлоққа маърифат зиёсини тарқатган, аммо фарзандларининг бири енгилтакроқ, иккинчиси эса умуман безори қиморбоз бўлиб улғайган, маъжозий маънода айтганда, ўзи бўзчи бўла туриб, белбоққа ёлчимаган бувидан фарқли ўлароқ, ҳақиқатни билишга интиладиган (бироқ ўзи ҳам тез-тез ёлғонлар тўқиб турадиган ҳамда бу ёлғонларига, энг аввало, ўзи чин дилдан ишонадиган) инжиқ ва қайсар Зулфия барчанинг ҳаётини изидан чиқариб юборишига оз қолади. Оқибатда буви саломатлигини йўқотиб, касалхонага тушади. Келин эса ўзи билган, лекин фарзандларидан ҳам яшириб келаётган ҳақиқати: эрининг қиморда катта пулни бой бериб, Россияга қочиб кетгани ҳамда бошқа аёлни топиб, ундан фарзандли бўлганидан энди яна бир одам — Зулфия ҳам хабар топгани боис қаттиқ эзилади. Унинг саволларига, Россияга бориб эрини қидириб топиши кераклиги ҳақидаги маслаҳатларига эса биргина жумла билан жавоб қайтараверади:

— Тирик бўлганида, аллақачон қайтарди... У ўлган...

Фильм мобайнида барча ҳақиқатлар аста очилиб боради, дедик. Дарҳақиқат, шундай. Дастлабки эпизодларда буви нима учун телефонни сейфда беркитишининг сири сал кейинроқ очилади. Кампир телефонни фақат Зулфиядан беркитмаяпти. Унинг бундай қилишига бошқа бир сабаб ҳам бор. Кампирнинг бутун қишлоқ аҳли “Кўлда наҳанг ютиб юборган”, деб биладиган (шундай бўлса-да, аслида бундай эканига ҳеч ким ишонмайди, шунчаки, ана шу ҳақиқат барчани бирдек қаноатлантиргани боис ҳамма ўзини бунга ишонгандек тутади) ўғли баъзан Россиядан қўнғироқ қилиб қолиши мумкин. Шундай пайтда буви уйда бўлмаса-ю, гўшакни набиралардан бири ёки келин кўтариб қолса борми?!

Нозанин нега қизини қучмади?!

Кинокартинада яна бир персонаж борки, гарчи у экранда бир неча дақиқа кўринган бўлса-да, унинг зиммасига катта вазифа юклатилгани дарҳол англашилади. Бу Нозанин — Зулфиянинг онаси, бувининг қизи образидир.

Нозанин кимнингдир катта ваъдаларига учиб шаҳарга кетган. У ерда турмуш қуриб, фарзандли бўлган, аммо эри билан ҳаёти изига тушиб кетмаган. Турмуши бузилгач эса фарзандини мактаб-интернатга берган. Қиз токи бувиси келиб олиб кетмагунга қадар ана шу ерда вояга етган. Тўғри, асардаги айрим эпизодларда келтирилган иборалардан қизгина онаси билан бирга қишлоққа тез-тез келиб тургани, бу ерда кўпчиликни таниши ойдинлашади. Аммо ҳар гал шаҳарга қайтгач, у яна ўзининг қадрдон интернатига, онаси эса доимий азоб-уқубатга тўла ҳаётга қайтишга мажбур бўлишган.

Келинойиси билан шаҳарга келган Зулфия бозорда ундан қочиб, ойисини қидириб ишхонасига боради. Аммо онаси уни совуққина кутиб олади, ҳатто қизининг эркаликларига нисбатан “Мени шарманда қиляпсан”, деган сўзларни айтаверади. Она учун қизининг илтижолари, ялинишлари бир пул. У янги ҳаёт бошлаш арафасида, қизи эса бунда унга халал бериши муқаррар. Бир қарашда, Нозанин онасига нисбатан нечоғли бешафқат бўлса, қизига нисбатан ҳам шунчалар бағритошдек кўринади. Аммо...

Тақдимотдан сўнг режиссёрга она нега бундай қилгани, нима учун қизини лоақал қучиб қўймагани хусусида саволлар ҳам берилди. Режиссёрнинг минимализм ҳақидаги жавобларига қўшилган ҳолда, бу борада ўзимнинг хулосаларимни айтсам.

Менинг назаримда, Нозанин аслида қизига нисбатан бағритош эмас, у Зулфияни жуда ҳам яхши кўради. Лекин айни дамда у ҳам иложсиз. Чунки, биринчидан, Нозанин ҳам инсон, у ҳам ўзининг ҳаётини изга солишга, яна турмуш қуриш, бахтли бўлишга ҳақли. Шунча вақт мобайнида балки қизи у билан яшагандир, балки шу боис қайта турмушга чиқолмагандир, ўз ҳаётини Зулфиянинг бахти, келажаги учун қурбон қилгандир. Ана энди ҳаммаси ўзининг наздида изига тушиб турган бир пайтда нега орқага қайтиши керак?!

Иккинчидан, агар Нозанин айни эпизодда Зулфияни бағрига босганида эди, қизалоқ онасининг меҳрини ҳис қилган, унинг илтимосларию ялинишларига ҳам қарамай, яна ва яна шаҳарга келаверган, Нозаниннинг ҳаётини янгидан бошлаш хусусидаги барча ўй-фикрлари, режаларини балки чиппакка чиқарган бўлур эди.

Айни шу эпизод келин образига контраст тарзда инсоннинг ҳаёт ҳақидаги тушунчаси ҳамиша ҳам бир хил бўлавермаслигини кўрсатади. Яъни кимдир ҳаёт зарбаларига чидаб, тақдирида қолган ямоқларни ямаб ўтишга ҳам рози, бошқа биров эса барчасини вайрон қилиб бўлса-да, қандай оқибатга олиб келишидан қатъи назар, ҳамма нарсани бошидан бошлашга уриниб кўришдан қайтмайди.

Инсон инсонга бўри...ми?!

Фильмда тушуниш қийин бўлган эпизодлардан яна бири Зулфиянинг синфдошлари билан муносабати саҳнасидир. Тоғасининг қаерда эканини билишга қизиққан Зулфия синфдоши Аҳмаднинг номаъқул таклифига рози бўлганида, менда бир савол туғилди: “Режиссёр бўрттириб юбормадимикин?” Тўғри, ўтиш ёшида, ўсмирлик палласида ҳаммамиз қизиққон бўлганмиз, ўйламай-нетмай нималарга қўл урмаганмиз, дейсиз. Қолаверса, муҳит мана бундай расво, теварак-атрофдагиларнинг ўзига нисбатан муносабати қандайдир қоронғи, борлигини, бу ҳаётда ўз ўрнига, ўз “мен”ига эга бўлишга ҳақли эканини ҳамма инкор этадиган қизалоқ учун бирданига бундай қарорга келиш балки осонроқдир ҳам. Аммо...

Ҳар нима бўлганда ҳам, инсонда умид уйғотиши керак эди бу саҳналар. Тўғри, фильм ижодкорлари ўзаро савол-жавобларда агар мана шу линияни соф муносабатлар сари бошлаб боришганида, ҳиндча якун кўриниб қолиши мумкинлигидан хавотирланишганини айтишди. Шунга қарамай, Зулфиянинг бувиси томонидан тўла “изоляция”га олиниши, келинойисининг ҳамма нарсага кўникиб яшаши ва уни ҳам шундай яшаш энг маъқули эканига ўз ҳаёт тарзи билан ишонтиришга уриниши, онасининг эса қизини бағрига босишдан уялиши (қаҳрамон қизнинг назарида, ҳатто, ҳазар қилиши) олдида Зулфияга мадад бўладиган, уни, у орқали томошабинни ҳам эртанга ёруғ кунлар келишига ишонтира оладиган нимадир керак эди... Балки бу Аҳмад образи бўлмаслиги ҳам мумкиндир, аммо нимадир бўлиши керак эди...

Айниқса, қизнинг ортидан ёмон ниятда шаҳд билан қуваётган тўртта ўспирин образи ва Зулфиянинг кўл бўйида йиғлаб ўтирган келинойисининг олдига етиб бориб, унинг бағрига ўзини отиши саҳнаси менда “Ҳақиқатлар олдида баъзан ёлғонга ишониб яшаш афзал, деган қарашни илгари суришга хизмат қилмайдими бу эпизод?!” деган ҳақли бир саволни ҳам уйғотди. Қолаверса, “Худо урганни пайғамбар ҳассаси билан турткилаши” фильмни томоша қилган ҳар битта одамда ҳаётга, башариятга ишончсизлик кайфиятини кучайтириб юбормайдими?! Майли, кундалик турмушимизда шундай воқеалар ҳам учраб туради, дейлик. Бироқ кинокартинада шу йўналиш яхшилик сари олиб борилганида, фильмнинг қадри-қиммати янада ошмасмиди?! Наҳотки, эрамиздан аввалги III-II асрларда яшаб ижод қилган машҳур драматург Тит Макций Плавт айтганидек, “инсон инсонга бўри” бўлса?!

Бахт қидирилмайди, бахт яратилади

Бахт нима ўзи?! Уни кимдир ушлаб кўрганми? Ҳидлаб кўрганми? Ўзи кимдир кўрганми бахтни?

Фильм якунида Зулфия ҳам ҳаммасига кўникади. Ҳақиқатлар нечоғли зарур бўлмасин, баъзан унинг ўткир тиғлари инсонлар қалбини, муносабатларни, жамиятни жароҳатлаши мумкинлигини, орзулар қай даражада улкан, мақсадлар қанчалар улуғвор бўлмасин, одамзод ўз имконияти даражасидан ошиб ўтиб кета олмаслигини англайди... Буни унинг бувиси ва келинойиси билан нураб бораётган ҳовлини қайта тиклаб, пахса деворлардаги ямоқларни камалакранг бўёқлар билан безаётганида кўрамиз.

Фильм ижодкорлари бу билан гўёки “Бахт қидириб топилмайди, бахт яратилади. Қўлингда борига шукр қила олсанг, ўтган кунингдан рози бўлсанг, эришолмаган мақсадларинг йўлида бесамар изғийвермасдан, ўзингни алдаб, овунтириб яшаёлсанг, мана шу — бахт”, деган фикрни илгари сургандек. Бир қарашда, бу энг тўғри йўлдек ҳам кўринади. Лекин барибир қандайдир умид, томошабин учун нимагадир ишониш, кинокартина ғояси нуқтаи назаридан айтганда, кинозалдан ўзини алдаб чиқиши учун бир тутам нур ҳам керак эди.

Юртимизнинг биз билмаган гўзалликлари

Фильмда кучли жамоа тўплангани ундаги актёрларнинг маҳорати, драматургиянинг салмоқли экани, ҳар бир воқеага қаҳрамонларнинг муносабати тўлақонли шакллангани ва намойиш этиб берилганидагина кўринмайди. Буларни яққол очиб беришга хизмат қилган операторнинг маҳорати ҳам алоҳида эътирофга лойиқдир.

Қишлоқ манзаралари, табиат ва инсон уйғунлиги, поёнсиз денгизнинг нариги томонида ботиб бораётган қуёш фонида бир томонда велосипедини етаклаб кетаётган келин ва ундан йигирма қадамча ортда келаётган Зулфия тасвири... Квадрокоптер ёрдамида фазодан суратга олинган ва улкан уммонни эслатувчи денгиз... Ҳар бир кадрга боқиб, постановкачи рассом Алишер Умрзоқов ҳамда постановкачи оператор Жаҳонгир Ибрагимовнинг режиссёр олдига қўйган мақсадни тўғри тушуниб ишлагани, умуман, бу ижодкорлар иштирокида кучли тандем юзага келганини пайқаш қийин эмас.

Дарвоқе, мамлакатимизнинг бу қадар гўзал табиатга эга эканини дунё халқларига билдириш йўлида ҳам мазкур киноасар ажойиб восита бўлиши, шубҳасиз.

Сўнгсўз ўрнида

Айрим камчиликларга қарамай, “Иссиқ нон” бадиий фильми тўла муваффақиятли чиққан, деб айтиш учун етарли асослар бор. Аммо...

Шу ўринда “Ўзбеккино” Миллий агентлигининг тарғибот масаласи билан шуғулланадиган гуруҳига баъзи бир эътирозларимни ҳам билдириб ўтмоқчиман. Аслида, қайсидир давлат ташкилотининг миллиардлаб сўм пулига олинган, бироқ на биронта маъно, на биронта маза-матрага эга бўлган фильмларни ойлаб тарғиб қилгандан кўра, мағзи тўқ, эртага агар ўз тематикаси бўйича ҳар қандай халқаро танловга тавсия қилинса, ҳеч шубҳасиз, бирон нуфузли совринни олиб келиши муқаррар бўлган мана шундай асарларни кўрсатиб бериш керак эди. Кинорежиссёрларнинг чинакам машаққати эвазига яратилган бундай кинокартиналар балки ҳеч бир рекламага муҳтож ҳам эмасдир, бироқ лоақал ОАВ вакиллари учун мўлжалланган махсус намойишга ОАВ вакилларини чинакамига чорлаш ўша гуруҳнинг бирламчи вазифаси эмасми ахир?!

Билмадим... Балки бу борада уларнинг ҳам ўзлари қаттиқ ишонадиган ўз ҳақиқатлари бордир...

Ҳасан ТОШХЎЖАЕВ, санъатшунос.


Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?


Кўп ўқилганлар

Afisha

Президент топшириқлари қандай бажарилмоқда? Мутасаддилар жавоб берадилар

Ёдингизда бўлса, Президентимиз жорий йил 11 январь куни халқ депутатлари Самарқанд вилояти Кенгашининг навбатдан ташқари сессиясида туман ва шаҳар фаоллари мурожаатларини тинглар экан, улар кўтарган муаммоли масалаларни қисқа муддатда ҳал этиш юзасидан мутасаддиларга тегишли топшириқ ва кўрсатмалар берган эди.

05 Февраль 2019