Ноз-неъматлар уволига қоляпмиз. Бунга ким айбдор?

19:29 13 Июль 2018 Иқтисодиёт
1142 0
Фото: "Халқ сўзи"

Юртимизда айни пишиқчилик. Саратон тафтидан мева-сабзавот, полиз маҳсулотлари бирин-кетин пишиб етилмоқда. Натижада бозорларда нарх-наво барқарорлашяпти. Рўзғор учун муҳим маҳсулотлар — пиёз, саримсоқпиёз, бақлажон, помидор, бодринг каби сабзавотлар, картошка, олхўри, олма, ўрикларни мақбул нархларда оласиз. Бу ҳосил чўғининг баландлигидан, албатта.

Истеъмолчи учун нарх қанча арзон бўлса, шунча яхши. Аммо боғбону деҳқонга-чи? Улар хизматига яраша даромад оляптими?

Сиртдан қараганда, ҳаммаси жойида. Чунки расмий маълумотларда келтирилишича,маҳсулот етиштириш ҳажми ҳам, унинг экспорти ҳам аввалги йиллардагига қараганда анча ошган. Ўсиш борми, демак, фойда ҳам бор. Бу исбот талаб қилмайдиган ҳақиқат.

“Ўзагроэкспорт” акциядорлик жамиятидан маълум қилишларича, жорий йилнинг биринчи ярмида 593 минг 310 тонна сархил ва қайта ишланган мева-сабзавот маҳсулотлари экспорт қилиниб, ўсиш суръати 173 фоизни ташкил этди. Қиёслайдиган бўлсак, ўтган йилнинг шу даврида хорижга 342 минг 407 тонна маҳсулот сотилган.

Гарчи, қўлга киритилган натижалар ижобий бўлса-да, жойларда реал ҳолат билан яқиндан танишганимизда, вазият сизу биз ўйлаганчалик эмаслигига ишонч ҳосил қилдик. Мавжуд имкониятдан тўлиқ фойдалана олинмаётгани, маҳсулотни сақлаш, экспорт қилиш бўйича яратилган тизим тўлиқ ишламаётгани оқибатида, афсуски, машаққатли меҳнат эвазига етиштирилган ноз-неъматлар увол бўлмоқда.

Фермер ёрдамга муҳтож
“Қибрай олтин меваси” фермер хўжалиги раҳбари Зарина Жуманазарова 4 гектарлик боғидаги олхўри ҳосилини нима қилишини билмай, боши қотган. Мана, икки йилдирки, фермер меваларни сарфланган харажатни қоплайдиган даражадаги нархда сота олмаяпти.

“Харидорларнинг йўқлигидан ўтган йили ҳосилнинг катта қисми ер билан яксон бўлди. Бу ҳол жорий мавсумда ҳам такрорланиб, пишиб етилган мевалар “оқиб кетмоқда”. Қилган меҳнатингга ачинасан, киши. Тўлиқ ҳосилга кирган дарахтларни кесиб ташлашга эса кўзинг қиймайди. Уволи бор-да!Фермерларни қўллаб-қувватлаш учун экспорт билан шуғулланадиган, айни вақтда маҳсулотни қайта ишлайдиган корхоналар масъулиятини ошириш, улар сонини кўпайтириш лозим. Афсуски, бугун ҳар икки тармоқ ҳам кўнгилдагидек ишламаяпти. Қанийди улар эрта баҳорданоқ биз билан шартнома тузишса-ю, бор ҳосилимизни сотиб олишса. Шунда фермер ўз юмуши билан машғул бўлар эди”, - дейди у.

Тўғри, фермерларга кўмак бериш, ҳамкорлар топиш борасида муайян ишлар амалга оширилмоқда. Хусусан, пойтахт вилоятининг Қибрай туманида шу йилнинг ўтган олти ойи давомида 7 миллион 190 минг АҚШ доллари миқдорида мева-сабзавот маҳсулотлари экспорт қилинди. Прогноз кўрсаткичлари 120 фоиз уддаланган. Маҳсулотнинг асосий қисми июнь ойида чет элликларга етказиб берилди. Яъни бир ой давомида хориж бозорларига чиқарилган мева-сабзавотларнинг умумий ҳажми 5 миллион 193 минг долларга тенг бўлди. Бироқ ушбу рақамни бундан бир неча баробар ошириш учун имкониятлар етарли. Нега ундан фойдаланилмаяпти?

Туман фермер, деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер эгалари кенгаши раиси Неъматилла Соатов мазкур рақамларни қуйидагича шарҳлайди:

— Аввало, бу табиий омиллар билан боғлиқ. Юртимизда июнь — айни пишиқчилик ойи. Қолаверса, биз “Ўзагроэкспорт”дан ёрдам кутдик. Натижа бўлмагач, фермерларимиз ўз куч ва имкониятларини ишга солишди.

Тўғри, бу жараён анча оғир кечди. Фермерларнинг ҳар томонлама мукаммал ва етук раҳбар бўлишини даврнинг ўзи тақозо этмоқда. У, албатта, бозор илми, маркетингини яхши ўзлаштириши лозим. Таассуфки, ҳозирча ҳамма ҳам бундай салоҳиятга эга эмас.

Тумандаги “Байтқўрғон. Арипов Ҳайитбой” кўп тармоқли фермер хўжалиги жамоаси 21,5 гектар майдонда деҳқончилик қилади. Улар йиғиштириб олинган мева-сабзавотларнинг бир қисмини ички бозорга йўналтириб, қолганини қайта ишламоқда. Бунда фермер ташаббуси билан замонавий корхона, 2000 тонна маҳсулот сақлашга мўлжалланган музлаткич қуриб битказилгани айни муддао бўлди.

Корхона бир кунда 10 тонна маҳсулотни қайта ишлаш қувватига эга. Аммо харидор йўқлиги унинг кам қувват билан ишлашига сабаб бўлаётир. Фермер хўжалиги омборида 600 минг долларлик 10 дан ортиқ турдаги, замонавий дизайндаги бежирим идишларга қадоқланган маҳсулотлар сақланмоқда. Улар, асосан, чет эллик харидорларга мўлжалланган, лекин ҳали экспорт қилингани йўқ.

Фермер хўжалиги раҳбарияти “Ўз бозоримизни топиб олгунимизга қадар мутасаддилар бизга ёрдам беришлари лозим”, деган қатъий фикрда. Эҳтимол, бу ҳам тўғридир. Йил бошида “Ўзагроэкспорт” АЖга қилинган мурожаат изсиз кетмади. Экспортчилар харидорларни бошлаб келишди. Қўл олишдилар. Ажабланарлиси, шу бўйи харидор ҳам, экспортчи мутахассислар ҳам дом-дараксиз кетишди.

Фермер ёрдамга муҳтож. У маҳсулот етиштириш ҳадисини олган. Бозор сир-асрорларини, айниқса, экспортни ўрганиш учун эса бир оз фурсат керак. Ана шу паллада экспорт билан шуғулланувчи мутасадди ташкилотлар бу бўшлиқнинг ўрнини тўлдириб турсалар, айни муддао бўлар эди.

Минг тоннадан ортиқ ҳосил далада қолмоқда...
Ўйлаб қоласан, киши. Пойтахтимизнинг шундоқ биқинида, яъни маҳсулотни экспортга чиқариш, қайта ишлаш ёки бозорларга етказиб бериш учун логистика имкониятлари катта бўлган жойда ноз-неъматлар увол бўлаётган экан, марказдан олис ҳудудларда аҳвол қандай? Ушбу саволга жавобни Қашқадарё вилояти мисолида излаймиз.

Тан олиш керак, ҳудудда иқтисодиёт тармоқлари, айниқса, қишлоқ хўжалигини диверсификация қилиш, ташқи бозорга рақобатдош маҳсулотлар чиқариш, экспорт қилиш учун зарур шарт-шароитлар яратиб берилмоқда. Хусусан, туманларда фермерлар ва аҳоли томорқаларида сердаромад мева-сабзавот экинлари экиш, уларни уруғлик, маблағ, ўғит, ёнилғи билан таъминлаш ишларини ташкил этишга кўмаклашувчи ишчи гуруҳлари фаолият юритмоқда. Бироқ айрим мутасаддиларнинг эътиборсизлиги туфайли кўплаб фермерлар маҳсулотига харидор топа олмай харажатига куйиб қолмоқда. Ҳолбуки, давлатимиз раҳбари томонидан ҳар бир туманда мева-сабзавотни экспорт қилишга ихтисослаштирилган тузилмалар ташкил этиш, фермерларнинг ташқи иқтисодий фаолиятига кўмаклашиш муҳим вазифа этиб белгиланган.

— Маҳсулотларимизни экспорт қилиш бўйича сунъий тўсиқлар йўқ, — дейди Нишон туманидаги “Соҳибқирон ширин мевалари” фермер хўжалиги раҳбари Дилмурод Жаҳонгиров. — Лекин ички ва ташқи бозорлардаги нархлар экспортга катта таъсир қиляпти. Ўзимиздан қиёс: хўжалигимиздаги 51 гектар суғориладиган ернинг 42 гектарига пиёз эккан эдик. Экспортга кўмаклашиш мақсадида республикадан келган мутасаддилар вилоят ва туман ҳокимлиги, “Ўзагроэкспорт” вакиллари билан биргаликда майдонни кўздан кечириб, маҳсулотнинг катта-кичиклигига қараб, саралаб беринг, сотамиз, дейишди. Лекин ҳеч ким сўрамади.

Биз“Ўзагроэкспорт”га шу ҳақда бир неча марта хат билан чиқдик, жавоб бўлмади. Натижасини ўзимиз айтамиз, дейишди, ҳамон жимжитлик. Ваҳолонки, “Ўзагроэкспорт” томонидан пиёзнинг бир тоннасига 60 долларгача нарх белгилаб берилган. Маҳсулотимизни шу нархда сотиб олишлари керак эди, аммо ҳосил тарозига тушгач, ҳар хил важларни айтиб, ўзлари белгилаган нархда ҳам олишмади. Аввал “калибровка”ни, яъни катта-кичиклигини муаммо қилишди. Майли, деб бу борадаги талабига ҳам кўндик. “Ўзагроэкспорт” вакилининг дабдурустдан “Буюртмачи келмади, жаҳон бозорида нарх тушиб кетди, биз ололмаймиз, ўзларинг ҳаракат қилинглар”, дегани ҳаммасидан ошиб тушди.

Шундан сўнг россиялик ишбилармонлар билан шартнома тузиб, маҳсулотни сотишга уриниб кўрдик. Пиёзнинг бу юртда ҳам, Европада ҳам нархи тушиб кетганлиги туфайли амалий натижага эриша олмадик.

Ҳозир минг тоннадан ошиқ пиёз ҳосили далада ётибди. Кўриб турибсиз, кейинги кунларда ҳаво ҳарорати кўтарилиб кетяпти, бу ҳосилни нобуд қилади. Шу ҳақда ўйласам, юрагим орқага тортиб кетади. Ахир оз эмас, қарийб 400 миллион сўм харажат қилганмиз...

“Ҳозир пиёз оляпмиз, ҳали “чеснок” олмаймиз”
Косон туманидаги “Бойтерак” фермер хўжалиги тасарруфидаги ер майдони унчалик катта эмас — 28 гектар. Бу жойда, асосан, ғалла ва пахта етиштирилади.

Хўжалик раҳбари Бахтиёр Примов мутасаддиларнинг кўрсатмаси билан“тўқсонбости” усулида 2 гектар ерга саримсоқпиёз, 6 гектарга аччиқ қалампир экади.

— Ҳосилни сотиш ҳақида ўйламай, экавер, дейишди, — дея эслайдифермер. — Каттаконларнинг гапини қоғозга тикиббўлмайди-ку?! Оғзаки буйруқ берилди. Шартнома ҳам, бўнак пули ҳам йўқ. Бу ишлар харажатсиз бўлмайди, албатта. Маблағ сарфладик, ишчи ёлладик. Ҳосил етилди. Ҳозир 20 тонна саримсоқпиёз харидорини кутиб ётибди. Аччиқ қалампир ҳам шу ой охирида тайёр бўлади. Яна бир гектар ерда экспортбоп маҳсулот — булғор қалампири етиштирганмиз. Уларни ички бозорга чиқариш ўзини оқламайди, харажатни қопламайди.

Фермернинг ёзғиришича, ҳосилни сотиш учун бормаган жойи, кирмаган эшиги қолмаган. Ахир саримсоқпиёз вааччиқ қалампир етиштириш учун 90 миллион сўм харажат қилган.

— Тайёрлов корхоналарининг оти бору, ўзи йўқ, — дейди Бахтиёр Примов. — “Ўзагроэкспорт” АЖдан ҳам наф бўлмади. Ушбу ташкилот вакиллари келиб, экинимизни кўриб кетишган эди. Лекин маҳсулотни сотишга келганда “ҳозир пиёз оляпмиз, ҳали “чеснок” олмаймиз”, дейишдан нарига ўтишмади.

Вилоят ҳокимлиги томонидан Фермер хўжаликларининг экспорт салоҳиятини ошириш, мавжуд муаммоларни бартараф этиш ва қўшимча экспорт захираларини аниқлаш бўйича чора-тадбирлар дастури тасдиқланган. Унда қанча аччиқ қалампир етиштирилиши, қаерга экспорт қилиниши аниқ кўрсатиб ўтилган. Аммо унинг ижросига мутасаддилар, тегишли сектор раҳбарлари панжа орасидан қарашаётгани деҳқоннинг чув тушиб қолишига сабаб бўлаётир.

Саволларга жавоб йўқ
Зироатчилик машаққатини англаш учун бир қулоч ерга уруғ қадаб, маҳсулот етиштиришнинг ўзи кифоя. Бироқ машаққатли меҳнат эвазига ризқ-рўз яратаётган деҳқоннингкосаси оқаришига баъзан табиат инжиқликлари, баъзида эса эътиборсизлик, бепарволиклар ҳам панд бераётгани бор гап. Бундай дейишимизнинг боиси шундаки, Сурхондарё вилоятидаги экин майдонларида ўз харидори, истеъмолчисини кутиб, пиёз, картошка маҳсулотлари увол бўлиб қолмоқда. Бу эса йил бўйи тер тўккан деҳқоннинг даромад олиши тугул, қилган харажатларини қоплаши учун ҳам имкон бермаяпти.

— Деҳқончиликдан фойда ўрнига катта зиён кўрдим, — дейди Сариосиё туманидаги Гулобод маҳалласида яшовчи Саидали Бобоев. — Бу йил яхши ниятлар билан 20 сотих томорқамда 8 тонна картошка етиштирдим. Гапнинг рости, унинг 7 тоннасини сув текинга бериб юбордим. Бундан ташқари, ака-укаларим билан биргаликда 57 тонна пиёз етиштиргандик. Харидор йўқлиги туфайли маҳсулотнинг килосини 300 сўмдан сотишга мажбур бўлдик. Давлатимиз раҳбарининг ички бозордан ортган маҳсулотни чет давлатларга сотиш бўйича берган кўрсатмаларининг ижроси нега таъминланмаяпти? Нима учун мутасаддилар биз, деҳқонларнинг касодга учрашимизга томошабин бўлишмоқда? Наҳотки, ҳозиргача экин майдонларида қолаётган пиёз ва бошқа маҳсулотларни яқин ёки узоқ хорижий давлатларга экспорт қилишнинг имкони бўлмаса?

Саволлар кўп, жавоб эса топилганича йўқ. Биргина Сариосиё туманида фермер, деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер эгалари томонидан етиштирилган 13 минг 714 тонна картошка, 19 мингтоннапиёз сотилмасдан қолаётгани масалани жиддий ўрганишни тақозо этади, албатта.

Экспорт ҳам осон иш эмас
Жиззах вилоятида 117 та корхона қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини экспорт қилиш билан шуғулланади. Жорий йилнинг биринчи ярмида улар томонидан 11 миллион 200 минг АҚШ долларилик мева-сабзавот ва бошқа маҳсулотлар экспорт қилинган. Хўш, бу озми ёки кўп?

— Экспорт учун имконият катта, маҳсулотни даланинг бошида ёки бозордан ҳам харид қилишингиз мумкин, — дейди Жиззах шаҳридаги “Бўстон агро экспорт” масъулияти чекланган жамияти раҳбари Аваз Маликов. — Бироқ маҳсулотларни хорижга олиб чиқишда муаммолар пайдо бўлмоқда. Биз яқинда пиёз экспорт қилдик. Уларни йиғиб, машинага ортишга икки кун вақт кетди. Вагонга буюртма бериш, уни расмийлаштиришга яна икки кун керак бўлди. Ортилган маҳсулотни Қозоғистонга етказгунимизча эса уч кун вақт йўқотдик. Манзилга боргач, не кўз билан кўрайликки, эртаги пиёзимиз “сув”га айланиб қолибди. Ҳам маҳсулотимизга, ҳам харажатимизга куйдик. Бундай ҳолатда яна экспорт қилишга юрагимиз дов бермаяпти.

Тадбиркорнинг куйинганича бор экан. Бошқа экспортчилар билан суҳбатлашганимизда, улар ҳам вагон топиш муаммо эканлигини айтишди. Уларнинг сўзларига кўра, Жиззахдан ортилган маҳсулот Ховос темир йўл станциясида бир-икки кун, ҳаттоки уч кунлаб қолиб кетаркан. Бу эса тез бузилувчи ва айнувчи қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини экспорт қилишга сезиларли таъсир кўрсатаётгани табиий, албатта. Шунинг учун айрим тадбиркорлар вақтни йўқотмаслик учун Сирдарё темир йўлларидан фойдаланишга мажбур бўлишмоқда. Унинг идораси ва раҳбарияти эса Тошкент шаҳридаки, вагонга буюртма бериши, маҳсулотларни сертификатлаштириш, ҳужжатлаштириш ишлари учун Сирдарё билан Тошкент ўртасидаги 120 километрлик масофада “бўзчининг мокиси”дек қатнашига тўғри келади...

Йил — ўн икки ой далада меҳнат қилган деҳқон эса етиштирган маҳсулотини қиммат нархда сотгиси келади. Мева-чева ғарқ пишиб етилганда ҳосилни ҳеч ким сўрамаса, унга муносиб нарх қўёлмасанг, сарфлаган пулингни чиқаролмасанг, яна меҳнат қилгинг келадими?!

Ечим бор, аммо...
Статистика маълумотларига қараганда, 2017 йилда мамлакатимиз бўйича 3 миллион 14,6 минг тонна картошка, 11 миллион 433,6 минг тонна сабзавот, 2 миллион 94,8 минг тонна полиз, 3 миллион 76,3 минг тонна мева ва резаворлар, 1 миллион 748,9 минг тонна узум етиштирилган. Бу йил боғдорчилик учун қулай келганини ҳисобга олсак, ушбу рақамлар ортиши, табиий. Аммо қарични сал кенгроқ олиб таҳлил қиладиган бўлсак, ички эҳтиёждан ортиқ экспортбоп маҳсулотларни сотиш у қадар мураккаб эмас. Ахир булар дунё бўйича етиштирилаётган 800 миллион тонна меванинг арзимаган улуши, холос. Асосий маҳсулот етиштирувчи ҳисобланган Хитой (дунё ялпи маҳсулотининг 20 фоизи), Ҳиндистон (13 фоиз), Бразилия (6 фоиз), АҚШ (4 фоиз), Индонезия (3 фоиз) каби давлатларда ҳосилдорликни янада ошириш эвазига экспортни кўпайтиришга зўр берилаётган бир пайтда юртимизда мавжуд ноз-неъматни сифатли сақлаш тугул, йиғиштириб олинмаётганини қандай баҳолаш мумкин? Деҳқоннинг ишдан қўли совушида кимни айблаш мумкин?

Ўзингиз ўйлаб кўринг, дунё бўйича ҳар гектар боғдан ўртача 11,3 тонна мева олинса, бу кўрсаткич АҚШда 23 тонна, Индонезияда 22 тонна, Бразилияда 16,5 тоннани ташкил этмоқда. Ушбу рақамлар замирида, шубҳасиз, моддий манфаатдорликнинг юқорилиги мужассамдир. Натижада олма, нок, беҳи каби уруғли мевалар экспортида Хитой, узум етказиб беришда Чили ва АҚШ, ўрик, шафтоли, олхўри каби данакли мевалар савдосида Испания етакчилик қилмоқда. Ҳақли савол туғилади: Ўзбекистон қачон улар сафидан жой олади?

Мева-сабзавотларни сархил ҳолида экспорт қилиш имкони бўлмаётган экан, унга қўшимча қиймат қўшишнинг йўллари кўп-ку? Масалан, кейинги пайтда жаҳонда музлатилган мева-сабзавотларга талаб ортиб боряпти. АҚШ ва Швецияда бундай маҳсулотлар истеъмоли аҳоли жон бошига 50 килограммни ташкил этаётгани бунинг яққол далилидир. Натижада “шок” усулида музлатилган мева-сабзавотлар етказиб бериш ҳажми йилига 3,7 фоиз ўсмоқда. Ёки бўлмаса, сабзавотлар шарбатига талаб кучаймоқда. Масалан, Германияда карамдан олинган шарбат севиб истеъмол қилинади.

Давлатимиз томонидан экспортни рағбатлантириш, бунинг учун зарур қулайлик ва имтиёзлар яратиш бўйича амалий чора-тадбирлар кўрилаётган ҳозирги шароитда ҳам мутасаддилар бу масалага юзаки муносабатда бўлар экан, орзулар рўёбга чиқмасдан қолиб кетаверади. Янги савдо йўлакларини ўзлаштириш тугул, мавжуд бозорни ҳам бой бериб қўйишимиз ҳеч гап эмас. Чунки бозор иқтисодиётида рақобатга дош берганларгина ўз жойини муқим сақлаб қолади.

Демак, бугун мева-сабзавот маҳсулотлари нархининг тушиб кетгани деҳқоннинг зиён кўришига асос бўла олмайди. “Ўзбекозиқовқатхолдинг” холдинг компанияси, “Ўзагроэкспорт” акциядорлик жамияти мутасаддилари юртимиз деҳқон ва фермерларини ўйлантираётган ушбу масалага ўз муносабатларини билдиради, деган умиддамиз. Зеро, “Халқ сўзи” назоратидаги мазкур мавзуга яна қайтамиз.
Раҳматилла ШЕРАЛИЕВ,
Аҳад МУҲАММАДИЕВ,
Илҳом РАҲМАТОВ,
Толибжон ЭРГАШЕВ,
«Халқ сўзи» мухбирлари.

Инфографика. "Халқ сўзи" 

Таҳририятдан:
Ўзбекистон Республикаси Ташқи савдо вазирлигининг статистик маълумотлари асосида тайёрланган мазкур инфографикадан ҳам кўриниб турибдики, мамлакатимизда мева-сабзавот экспорти бемисл даражада ошиб бормоқда. Бунга, чиндан-да, ҳеч қандай шубҳа йўқ. Аммо мақолада кўтарилган масалалар ҳал этилиб, экспортчи тузилмалар деҳқон, фермер ҳамда боғбонларга машаққатли меҳнат эвазига етиштирилган ноз-неъматларни сотишда яқиндан кўмак беришганида, амалий ёрдамларини аяшмаганда эди, натижалар бундан уч-тўрт карра юқори бўлган, ўсиш кўрсаткичи қарийб 300 фоизга эмас, балки 500 фоизга ҳам етиши турган гап эди.

Таъкидлаш керакки, ҳали ҳам кеч эмас. Юртимизда пишиқчилик мавсуми кузаккача давом этишини инобатга олсак, вазиятни ўнглаш, барча учун манфаатли тезкор ечимга келиш, амалий чора-тадбирлар кўриш учун етарлича фурсат бор.

Ўйлаймизки, мутасаддилар бу борада чуқурроқ мушоҳада юритиб, ушбу масала юзасидан ўзларининг муносабатларини билдирадилар, пировардида мева-сабзавот экспортида бундан-да юксак кўрсаткичлар қайд этилаверади.


Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?


Кўп ўқилганлар