Исматулла Эргашев​ Доҳада бўлиб ўтадиган афғонлараро музокараларнинг очилиш маросимида иштирок этади

13:24 12 Сентябр 2020 Сиёсат
198 0

Ўзбекистон Республикаси Президентининг Афғонистон бўйича махсус вакили Исматулла Эргашев Доҳада бўлиб ўтадиган афғонлараро тинчлик музокараларининг очилиш маросимида иштирок этади. Бу ҳақда «Дунё» АА хабар берди.

Бундан аввалроқ Қатар Ташқи ишлар вазирлиги Афғонистон ҳукумати ва «Толибон» ҳаракати ўртасидаги музокаралар Доҳада шанба куни бошланишини расмий равишда маълум қилганди.

Расмий Кобул делегацияси «Толибон» ҳаракатининг сиёсий идораси жойлашган Қатар пойтахтига етиб келган. Бу ерга АҚШ давлат котиби Майкл Помпео ҳам келиши кутилмоқда. Афғонлараро инклюзив музокараларни бошлаш маросимида 30 дан ортиқ мамлакат, шу жумладан Ўзбекистон ташқи ишлар маҳкамалари раҳбарлари виртуал тарзда иштирок этади. Шунингдек, тадбирда Ўзбекистон, Германия, Норвегия, Индонезия ва бошқа қатор давлатларнинг махсус вакиллари қатнашади.

Эслатиб ўтамиз, 2018 йил март ойида Тошкентда бўлиб ўтган Афғонистон бўйича юқори даражадаги халқаро конференция ва унинг якунида қабул қилинган Тошкент декларацияси кўп йиллардан буён биринчи марта афғонлараро тўғридан-тўғри музокараларни тезроқ бошлаш зарурлиги тўғрисида минтақавий ва глобал даражада ҳар томонлама консенсус (келишув)ни ўзида ифода этганди.

Конференция якунлари Афғонистондаги барча қарама-қарши томонлар ўртасида тинчлик музокараларининг бошланишига самарали туртки берди.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?