“Исломхўжа”ни Покистонда қандай кутиб олишди?

14:33 29 Январь 2019 Маданият
1398 0

Иллюстратив фото.

Ўзбекистонлик таниқли режиссёр Жаҳонгир Аҳмедов томонидан суратга олинган “Исломхўжа” тарихий бадиий-публицистик фильмининг Покистондаги премьераси катта муваффақият қозонди. Унда ўтган асрнинг бошларида Хива хонлигининг бош вазири бўлган Исломхўжанинг ҳаёт йўли ва мамлакат бошқарувидаги фаолияти ҳақида ҳикоя қилинади.

“Мазкур тадбир Ўзбекистоннинг Покистондаги элчихонаси, шунингдек, Исломобод мэрияси ҳамда мезбон давлат “Миллий санъат кенгаши” томонидан ташкил этилди”, дея ёзилади “Дунё” ахборот агентлиги хабарида.

Фильм тақдимотида Исломободда аккредитациядан ўтган дипломатик миссия раҳбарлари, Покистон ижтимоий-маданий ва ишбилармонлик доиралари вакиллари қатнашди. Киноасар премьераси Покистондаги етакчи ОАВ, жумладан, “PTV News” миллий телекомпанияси томонидан кенг ёритилди.

Элчи Ф. Сидиқов меҳмонларни қутлар экан, Ўзбекистонда олиб борилаётган кўламли ижтимоий-иқтисодий ислоҳотлар миллий кинематография ҳамда санъатни ривожлантиришга хизмат қилаётганини алоҳида таъкидлади.

Намойишдан олдин томошабинлар “I am Uzbekistan” (“Мен Ўзбекистонман”) номли ихчам видеороликни томоша қилиш имконига эга бўлишди. Унда Ўзбекистонда олиб борилаётган сиёсий ва ижтимоий-иқтисодий ислоҳотлар хусусида сўз юритилади. Бундан ташқари, мамлакатнинг экспорт, инвестициявий ва сайёҳлик салоҳияти ҳақида ҳам тўхталиб ўтилган.

Намойишдан сўнг “Дунё” агентлиги мухбири мухлислар билан суҳбатлашди, уларнинг таассуротларига қизиқди.

Покистон глобал ва стратегик тадқиқотлар маркази етакчи эксперти С. Ахтар:

— Фильмда тарихий фактлар ва бой ислом мероси батафсил тасвирланиши Ўзбекистон зиёрат туризмини ривожлантириш учун сезиларли салоҳиятга эга эканлигини намоён этди. Бундан ташқари, асар бош қаҳрамони Исломхўжа пайғамбар Муҳаммад саллоллоҳу алайҳи вассалламнинг авлодлари саидлардандир. Уларга нафақат Покистон, умуман, ислом дунёсида алоҳида эҳтиром кўрсатилади. Шунинг учун фильм биз учун жуда қизиқ ҳамда ҳурматга лойиқ.

 

Фото: Жаҳонгир Аҳмедов.

 

“Rove Pakistan” туристик компанияси ижрочи директори Ф. Қози:

— “Исломхўжа” фильмининг премьераси менда катта таассурот қолдирди. Ушбу киноасарни томоша қила туриб, ислом цивилизацияси маркази бўлиб қолаётган Хива, Самарқанд ва Бухоро каби машҳур шаҳарларга эга ўзбек киносаноати бундай тарихий фильмларни яратишга катта эътибор қаратиши керак, деган хулосага келдим.

 

Фото: Жаҳонгир Аҳмедов.

 

“Ўзбекистон — Покистон ишбилармонлик кенгаши” бош котиби А. Афзал:

— “Исломхўжа” кинофильми премьераси нафақат Ўзбекистон тарихи ва маданияти, балки республиканинг ўзида миллий ўзига хосликни сақлаб қолган замонавий кинематография тараққиёти билан Покистон жамоатчилигини кенг таништириш нуқтаи назаридан муҳим воқеага айланди. Ўзбекистон тарихи, бой маданияти ҳамда қадриятлари, шунингдек, моҳирона тасвирий ечимлар, юксак малакага эга актёрлар маҳорати покистонлик томошабинлар қалбини забт этди.

 

Фото: Жаҳонгир Аҳмедов.

 

Покистондаги этник ўзбеклар вакили профессор Ўғузхон:

— Мен ўзбек тарихига катта ҳурмат билан қарайман. Ҳудуд ва умуман, жаҳонда турли цивилизациялар ҳамда империяларнинг тарихий алмашинувига қарамай, Ўзбекистон ўзига хослиги ва тарихий ёдгорликлари, бутун ислом олами учун маънавий қадр-қимматга эга бўлган маърифий ислом меросини сақлаб қола олган.

 

Фото: Жаҳонгир Аҳмедов.

 

Мухтасар айтганда, покистонлик мухлислар, экспертлар ва журналистлар сиёсий намоянда, ислоҳотчи ҳамда инсонпарвар одамнинг ҳаётини тўлақонли очиб берган “Исломхўжа” тарихий бадиий-публицистик фильмининг яратилиши Ўзбекистонда рўёбга чиқарилаётган кенг кўламли ижтимоий-иқтисодий, сиёсий ва гуманитар ўзгаришларнинг натижаси, деган якдил фикрга келишди.


Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?


Кўп ўқилганлар

Afisha

Президент топшириқлари қандай бажарилмоқда? Мутасаддилар жавоб берадилар

Ёдингизда бўлса, Президентимиз жорий йил 11 январь куни халқ депутатлари Самарқанд вилояти Кенгашининг навбатдан ташқари сессиясида туман ва шаҳар фаоллари мурожаатларини тинглар экан, улар кўтарган муаммоли масалаларни қисқа муддатда ҳал этиш юзасидан мутасаддиларга тегишли топшириқ ва кўрсатмалар берган эди.

05 Февраль 2019