“Исломхўжа” — стереотипларни парчалаган фильм

17:04 20 Август 2018 Маданият
1455 0
Фото: Жаҳонгир Аҳмедов

Август миллий кинематография соҳасида ўзига хос инқилоб яратган ой бўлди. Аввало, 7 август куни давлатимиз раҳбарининг “Миллий кинематографияни янада ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори қабул қилинди. 14 банд ва 7 иловадан иборат, шу пайтга қадар бизда “Кино аслида санъатми ёки саноатми?!” сингари саволлар туфайли пуфакдек шишиб келган ва қачондир ёрилиши аниқ кўриниб турган муаммоларнинг ечимини топиб берган, кинематография соҳасига ёндашувда амал қилиб келаётган демагогик қарашларни, бошқача айтганда, стереотипларни “синдирган” мазкур қарор хусусида ортиқча тўхталиб ўтирмайман. Бу ҳақда 15 август куни Халқаро пресс-клубда алоҳида кўрсатув тайёрланди, унда мамлакатимизнинг манаман деган киношунослари, кинорежиссёрлар, драматурглар, продюсерлар ўзларининг дил сўзларини батафсил баён этишди.

Иккинчи инқилобий воқеа худди шу куни — Халқаро пресс-клубнинг йиғилишидан сўнг бўлиб ўтди. Яъни шу пайтгача кино санъатида (саноатида эмас!) асрлар оша муҳим саналган эскича ёндашувлар, “Фильм мана шундай бўлиши керак, тамом-вассалом!” сингари қатъий чеклашларни, инсон тахайюлининг чексиз парвозига қўйилган темир занжирларни парчалаб ташлаган “Исломхўжа” фильмининг оммавий ахборот воситалари вакиллари, кино ичида ва кино атрофида “юрганлар” учун тақдимоти уюштирилди.

Очиғини айтаман, ўша куни тақдимотга боролмадим. Аммо кечга яқин ижтимоий тармоқларда, мессенжерларда фильм ҳақида тарқалган хабарлар, постларни ўқигач, боролмаганим қаттиқ алам қилгани ҳам рост. Айниқса, журналист ва блогерлардан Азиза Қурбонова “дилетант” сифатида билдирган фикрларга, Анора Содиқова оддий томошабин бўлиб ёзган мулоҳазага, Шаҳноза Тўрахўжаеванинг актёрлар жамоаси меҳнатини уй бекаси мақомида туриб, тўрт ва беш балли тизим асосида баҳолаганига гувоҳ бўлгач, “Шуууунча умид ва шууунча ишонч барибир оқланмабди-да...” деган ўй кўнглимдан ўтгани ҳам ёлғон эмас. Бироқ буларнинг барчаси фильмни ўз кўзим билан кўриб, қалбим билан англаганимдан, ундаги ҳар битта эпизод, ҳар битта детални санъатшунос сифатида юрак ва ақл призмасидан ўтказганимдан сўнг кеч кузнинг тонгидаги беқарор туман янглиғ мутлақо тарқаб кетгани ҳам ҳақиқат...

Деворга қараганда, милтиқни ҳам кўриш керак

Антон Павлович Чеховнинг бир машҳур иборасини кўпчилигимиз биламиз. Уни аксарият журналистларимиз тез-тез такрорлаб туришни ҳам ёқтиришади-ю, аммо негадир “Исломхўжа” фильми ҳақида мулоҳаза юритилганида, уларнинг айримлари бу оддий ҳақиқатни унутиб қўйишгандек... “Агар асар муқаддимасида деворда милтиқ осилиб турган бўлса, асарнинг якунида у отилиши керак”, дейди буюк драматург. “Исломхўжа” ҳақида дилетантларча қилинган, бироқ шунга қарамай, ҳали катта саҳнада халқ эътиборига ҳавола этилмаган фильмнинг юзаки “таҳлили” асарнинг обрўсини балки тушириб юбориши мумкинлигини ҳам ўйламаган қадрли журналистларимиз ва блогерларимиз эса негадир режиссёр томонидан ўйланган “топилма”лар, операторнинг ўта мукаммал тарзда олган кадрлари, ижрочиларнинг воқеликка нисбатан муносабатини сўз билан эмас, кўз қарашлари ҳамда юздаги мимикалар орқали етказиб беришга интилганини (очиғини айтиш керак, ҳар қандай актёр учун ўз муносабатини сўзсиз ифодалаб бериш образнинг тўлақонли чиқиши йўлидаги энг оғир, энг машаққатли жараёнлардан бири ҳисобланади) фильмнинг камчилиги ўлароқ баҳолашган. Камчилик деб баҳолашган-у, бироқ биронта ҳам арзирли, тош босадиган далилни келтира олишмаган.

Фото: Жаҳонгир Аҳмедов

Нурдан зулматгами, зулматдан нургами?!

... Фильм қоронғиликда қабристон оралаб келаётган, атрофига фонус осилган фойтун тасвири билан бошланади. Фойтунчи отга аста қамчи босса-да, от недандир безовта, олдинга қадам ташлаш ўрнига ортга тисарилади. Айни шу лаҳзада мақбаралар орқасидан учта кўланка пайдо бўлади. “Ким бу?!” деб қичқиради фойтунчи. Жавоб ўрнига қиличлар қинидан суғурилади, қора кўланкалар аввал фонусни уриб туширишади, сўнг фойтунчи баданига санчилган тиғ зарбидан қаттиқ қичқириб ерга қулайди. Атрофни зулмат босади...

Мана шу деталнинг ўзиёқ Хива хонлигининг тарихда “буюк ислоҳотчи” номини олган бош вазири — Исломхўжанинг ўлдирилиши бутун Туркистон заминини яна неча ўн йиллар мобайнида қора зулматда қолдирганини ифодаламаяптими ахир?! Аммо афсуски, бу оддий ечимнинг моҳиятини бизнинг блогер-журналистларимиз англаб ета олишмабди...

Келинг, фикрларимизни давом эттирсак. Тадқиқотчи образини яратган актёр Ҳусан Жўраев томошабин ҳозиргина кўрган эпизоддаги воқелик таъсирида уйғониб кетади. Бу унинг тушими ёки хаёлоти маҳсулими, бир қарашда, ўзи ҳам тушунолмаяпти. Аммо энг муҳими шу билан бошланади: тадқиқотчи уйғонди, унинг қалбида, онгида турфа саволлар пайдо бўлди. Томирида қон гупуриб, юраги “қайнай” бошлади. Буни тадқиқотчи уйғониши билан гўёки кофе ёки чой дамлаб ичиш учун тугмачасини босиб ишга туширган ойнаванд электрон човгумнинг бадиий-публицистик фильмда энг асосий ўринни эгаллаган мазкур қаҳрамон ўзига ўзи берган саволлар якунида шарақлаб қайнагани мисолида ҳам кўриш мумкин эди. Бироқ, афсуски, мана шу кичиккина деталь ҳам негадир эътибордан четда қолган...

Бадиий-публицистика, бу — биз билган кино эмас! Унинг янгилиги ҳам шу!

Азиза Қурбонованинг ““Исломхўжа”ни кўрган ёш томошабин уни “яхши кўриб қололмайди”... Ушбу тарихий шахснинг қирраларини очиб бера оладиган фактлар, воқеаларнинг аксарияти “ҳикоя қилувчи-ровий-тадқиқотчи” зиммасига осонгина юклатилган. Тарихда очиқ қолган саволларни ўртага ташлаши — яхши, бироқ ҳуда-беҳуда экранда кўринавериши ва кадр ортида кетма-кет ёдда қолмайдиган ахборот айтиши динамикани сўндирган… Унинг фильмдаги иштирокини кескин камайтириб, ўта муҳим боғловчи вазифасида қолгани маъқулмиди?” дея билдирган фикрлари аввалбошда менда қизиқиш уйғотган, фильмни худди бизнинг кўзимиз кўп кўриб, қулоғимиз ўрганиб қолган, Афзал Рафиқов баритон овози билан шарҳлаб борадиган одатий ҳужжатли фильмлар сингари олинган оддий картина сифатида тасаввур қилгандим. Адашган эканман! Негаки, фильмни томоша қилгач, режиссёр асарда Исломхўжанинг ҳаёт йўли, тақдири, унинг ўлими атрофидаги ҳақиқатларни очишда, нафақат бизга, ҳатто фанга ҳам номаълум бўлган кўплаб фактларни томошабинга оддий тилда етказишда тадқиқотчининг ровийлигидан ўта маҳорат билан, юксак бадииятдан чекинмаган ҳолда, унумли фойдалана олганининг гувоҳига айландим. Айниқса, тадқиқотчининг гоҳ-гоҳида ўша давр руҳига “сингиб кетгани”, воқеаларнинг тарих ва келажак ўртасида кечиши ҳар қандай томошабинни бефарқ қолдирмайди, деган фикрдаман. Қолаверса, тарихий жараённи фактлар, аниқ ҳужжатлардан чекинилмаган, ўта бадиийлаштирилиб юборилмаган тарзда, аммо ўта ҳужжатли ҳам қилиб юборилмаган шаклдаги бадиий кўринишда ифодалашда айни шу йўл энг мақбулидир. Бунга жаҳон кинематографиясидан исталганча мисол келтириш ҳам мумкин.

Ярми синган ғишт... ва сукунат

Блогер фильмни таҳлил қиларкан, “Яна мен ишонмайманки, (балки ишонаманки, дейилса, тўғрироқ бўлармиди! — таъкид бизники) Исфандиёрхон замонида хон саройининг зинапояси ярми кўчган ғиштли бўлмаган...”, дейди. Бунга биз ҳам ишонамиз. Ахир Исломхўжа даврида барча соҳа гуллаб-яшнаган, бунёдкорлик-ку инчунин... Аммо ярми синган ғишт режиссёр ёки операторнинг эътиборсизлиги маҳсули эмас. Бу ҳам томошабинга ўша даврнинг нечоғли қалтислигини, Исломхўжа эса қандай хавфли йўлни танлаганини билдиради. Буни тушуниш учун эса дилетант таҳлилчи ёки оддий томошабин бўлишнинг ўзигина кифоя қилмайди.

Фото: Жаҳонгир Аҳмедов

Фильмни оддий томошабин сифатида кўрган, бироқ унинг руҳияти, мазмун-моҳиятига кириб боролмаган, шунга қарамай, ўзининг фикрларини ижтимоий тармоқлар орқали бемалол билдириш ҳуқуқига ўзини эга деб билган блогерларимиз Улуғбек Қодиров(Исломхўжа)нинг “ғўдайиб уёқдан-буёққа юриши”, “кучли актёрлар ва бошқа соҳалардан қўшилиб қолган “актёр”ларнинг улкан жамоаси фақат шиддат билан у ёқдан бу ёққа юриш ва кўзи билан “атака” қилиш учун ишлатилгани”дан қониқишмаганини айтиб, улардан СЎЗЛАШни талаб қилишади. Бунга муҳим аргумент сифатида “бизнинг томошабин кўп эшитгандан кўра, кўришни яхши кўрадигандек…” дея мулоҳаза билдиришади. Тўғри, сиз хаёл суриб ўтираркансиз, актёрлар гапириб турса, тўсатдан “уйғониб” кетганингизда, воқеа нимага келганини, гап нимада эканини дарҳол англаб олишингиз осон бўлар, аммо ишонинг, бу услуб кадр ичида кетаётган воқеликни осонгина ифодалашда актёрларга ҳам катта ёрдам берган бўлур эди. “Исломхўжа”нинг яна бир ютуғи шуки, юқорида ёзганимдек, ҳар қандай санъаткор учун ўта мураккаб бўлган вазифа — воқеликка нисбатан ўз муносабатини сўзсиз акс эттириб беришдек машаққатли юмуш актёрлар жамоаси томонидан жуда ҳам мукаммал, жуда ҳам ишонарли тарзда бажарилган. Буни эса танқид қилиш эмас, фақат ва фақат олқишлаш керак, аслида...

Яна қандай деталларга аҳамият қаратиш керак эди?!

Ҳали кўп ёзишим, жуда ҳам кўп деталларни жамоатчилик эътиборига ҳавола қилишим мумкин эди, аммо фильмнинг кенг омма учун мўлжалланган премьераси бўлиб ўтмагани, қолаверса, одамлар аввалгидек катта нарсаларни ўқишга қизиқмасликлари туфайли гапни қисқа қилишни маъқул топдим. Шунга қарамай, блогерларимиз эътибор бериши керак бўлган яна айрим деталларни санаб ўтмоқчиман.

1. Исломхўжанинг ўз ўлимини била туриб ўлимга рози бўлиб, “кундага бошини қўйиб бергани”ни мантиқсизлик сифатида баҳолаганлар учун айтаман: бу — тарих! Уни сиз ҳам, режиссёр ҳам ўзгартиролмайди! Исломхўжа балки ўз ўлимини аниқ билмагандир, бироқ ақлли ва узоқни кўра оладиган сиёсатчи сифатида у мазкур воқеа қачондир содир бўлишини билган. Шунга қарамай, ўз принципларидан воз кечмаган, қочишдан кўра, ўлимга тик боқишни афзал билган. Барча буюк сиёсатчилар бундай вазиятда айнан шундай йўл тутадилар! Бунга тарихдан исталганча исбот топиш мумкин.

Қолаверса, агар Исломхўжа ўшанда ўлдирилмаганида, балки тарих ғилдираги бошқа йўлдан кетган бўлар, сизу биз эса Ватанга хиёнат ва ватанпарварлик контраст қўйилган мазкур фильм устида мулоҳаза юритиб ўтирмасмидик?

2. Исломхўжа хон номидан гапириб, халқни талаётган амалдорларга қаттиқ курашади, аммо бугунги кун тили билан айтганда, “самосуд”га йўл қўймайди. Қозининг ҳукмисиз ҳеч бир жиноятчига жазо тайинламайди. Бу ҳам унинг адолатпарвар ва халқпарвар бўлгани, қонунни қаттиқ ҳурмат қилгани ва унга бўйинсунганини кўрсатади.

3. Асфандиёрхон тахтга ўтирганида ва ундан кейинги эпизодларда унинг кўкси бўм-бўш эди, бироқ кичик хотини Азизапошшабика (Исломхўжанинг қизи) хоннинг ёнига отасининг ўлдирилиши туфайли адолат истаб келганида, Асфандиёрнинг кўксини чор Россиясининг орден-медаллари безаб турарди. Мана шу деталнинг ўзи ҳам Асфандиёрхон қандай мураккаб даврда нечоғли мураккаб вазиятда қолганини, хоин сарой аъёнлари ва истилочи империянинг “чизган чизиғи”дан бир қадам ҳам четга чиқа олмаганини ифодалашга хизмат қилган. Буни биронта ҳам сўз ишлатилмаган бўлса-да, Азизапошшабика ҳам тушуниб етгани, хон рафиқасини юпатишга уринмасин, ўзига белгилаб берилган чегарадан чиқиб кетолмагани ҳам фильмнинг бадиий қимматини оширган эпизодлардан бўлган, десак, адашмаймиз. Аммо негадир бу деталга ҳам биронта блогер-журналист умуман аҳамият қаратмаган...

Чумчуқ сўйса ҳам, қассоб сўйгани яхши

Хуллас, кимнингдир меҳнати маҳсулини камситишдан илгари (айниқса, билдирадиган фикри кўпчиликнинг дунёқарашини ўзгартириши мумкин бўлган, эл назаридаги блогер ва журналистлар!) ўзингизга бир савол беринг: мен шу соҳанинг мутахассисиманми?! Бирон фикр билдирсам бўладими? Чунки доно халқимизнинг пурмаъно бир ҳикмати борки, чумчуқ сўйса ҳам, қассоб сўйсин...

Ҳасан ТОШХЎЖАЕВ, санъатшунос.


Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?


Кўп ўқилганлар