Исландияда 10 кун ичида 4,5 мингга яқин зилзила қайд этилди. Вазият жиддийлашиши мумкин

13:17 30 Июнь 2020 Дунё
170 0

Исландияда 19 июнь куни бошланган сейсмик фаоллик, доимий зилзилаларга уланиб кетди. Сейсмологлар томонидан эса аллақачон 4500га яқин силкиниш қайд этилди, деб хабар беради "рlanetanovosti.com" сайти.

Сейсмик фаоллик бир нуқтада юзага келади ва қисқа тўлқинлар каби содир бўлади, яъни маълум бир ҳудудда доимий зарбалар кузатилади. Мутахассисларнинг фикрига кўра, бундай ҳолат бир неча ой, ҳатто ҳафталар давомида ҳам сақланиб қолиши мумкин.

Маълумотларга кўра, сейсмографлар 19 июнь куни Исландиянинг шимоли-шарқида жойлашган Сиглюфёдюр қишлоғидаги ўзгарган вазият тўғрисида кескин хабар беришни бошлаган. Айнан шу ерда энг кучли зарбалар қайд этилган. Олимлар томонидан максимал кучи 5 баллдан ошмаган мингдан ортиқ силкинишлар ёзиб олинган.

Вазиятни кузатиб келаётган Исландия метеорология идорасининг хабар беришича, фақат 21 июндагина 5.8 балли силкиниш қайд этилган.

Таъкидланишича, зилзилаларни мамлакат шимолида яшайдиган деярли барча фуқаролар ҳис қилишган. Мутахассислар эса яқин кунларда вазият ёмонлашиши мумкинлигини истисно қилишмаяпти.

Таъкидлаш жоизки, зилзила олимлар Исландиянинг жанубида жойлашган Гримсвотн вулқоннинг янги отилиши ҳақида тахмин қилишганидан сўнг дарҳол бошланган. Охирги марта ушбу вулқон 2011 йилнинг баҳорида уйғонган эди.

Аммо мутахассисларнинг таъкидлашларича, бу шунчаки тасодиф бўлиши ҳам мумкин. Ваҳоланки, узоқда жойлашганлиги сабабли вулқон фаолияти шимолдаги зилзилаларни қўзғата олмайди.

Ҳозирча одамларга ҳеч нарса таҳдид солмаётган бўлса ҳам, вазият исталган вақтда ўзгариши мумкин. Шу боис расмийлар фуқароларни ҳар қандай воқеаларга тайёр бўлишга чақирмоқда. Қайд этилишича, кутилаётган зилзилалар хавфли бўлиб, уларнинг кучи 7 ёки ундан ҳам юқори баллга тенг бўлиши мумкин.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?